“Тоза қўллар” сиёсати ёҳуд олқишга лойиқ таклиф

12.11.2019, 19:50

 “Тоза қўллар” сиёсати ёҳуд олқишга лойиқ таклиф

Сайлов яқинлашгани сайин сиёсий кучларнинг сайловчиларга таклиф этаётган ғоялар кураши ҳам авжига чиқмоқда. Жумладан, бугунги кунда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан таклиф этилаётган “тоза қўллар” сиёсати нафақат экспертлар, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам эътиборини тортмоқда. Зеро, партия аъзоларининг бу борадаги мақсади аниқ: мамлакатимизнинг коррупцияни рад этадиган ва жамиятда унга “ноль тоқатлилик”ка эришган давлатлар қаторига киришига эришиш.

Эзгу ғоя билан чиқиш яхши, албатта. Лекин уни амалга ошириш механизми яратилмаса ғоя ғоялигича қолиб кетаверади. O‘zLiDePнинг Сайловолди платформаси билан танишган киши “тоза қўллар” сиёсатини рўёбга чиқаришнинг самарали ечимларига гувоҳ бўлиши мумкин.

Мисол учун, сиёсий арбоблар ва давлат хизматчиларининг маблағлари ва молк-мулклари ҳақидаги маълумотларни очиқ декларация қилишнинг янги тизимини жорий қилиш зарур. Шунингдек, давлат харидларини амалга оширишда манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва электрон харидлар тизимини такомиллаштириш учун “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартишлар киритиш керак.

O‘zLiDePнинг нуқтаи назарича,  уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўйича ҳуқуқий ва ташкилий-амалий чораларни кучайтириш, қонунчиликдаги жазони оғирлаштириш ёки енгиллаштиришга оид нормаларни қўллаш жараёнидаги инсон омилини бартараф этиш коррупцияни тугатишда дадил қадам бўлади.

Энг диққатга сазовор янгилик шуки, партия Сайловолди платформасида раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ва озод этиладиган, парламентга ҳисобдор, Прокуратура, ИИВ, ДХХдан мустақил фаолият юритадиган алоҳида давлат органлари – Коррупцияга қарши кураш ва Тергов департаментларини ташкил этиш таклифи илгари сурилмоқда.

Авваллари партияларнинг бундай ташаббуслар билан чиқишга журъати етмасди. Кейинги икки-уч йил ичида Ўзбекистонда олиб борилаётган очиқлик сиёсати партияларни ҳам жиддий масалаларни кўтаришга ундади шекилли. Буни фақат олқишлаш, тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракатини қўллаш даркор.

Қизиқ, бошқа партияларда ҳам мана шундай салмоқли, мана шундай ўта нозик таклифлари бормикан?

Омон ЭСОН

  • Кўрилди
    244
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Тожиқулов Пайзулла2019-11-14 09:15:00

"Тоза қўллар" - бугунги куннинг биринчи рақамлик муаммоси, бу ҳақида гапиришнинг ўзи жасорат. Шундай экан партиянинг сайловолди Платформасида кўтарилдими, энди орқага йўл йўқ, собитқадамлик билан, O'zLiDeP рахнамолигида, сайловдан кейин ҳам мавзуни ҳаётга тадбиқ этиш ҳаммамизнинг бурчимизга айланиши керак!


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+