Евроосиё иқтисодий иттифоқи: Ўзбекистон учун қулай йўлми ёки...

13.11.2019, 16:45

Евроосиё иқтисодий иттифоқи: Ўзбекистон учун қулай йўлми ёки...

Айни пайтда ЕОИИ (Евроосиё иқтисодий иттифоқи) жойлашган ҳудуд майдони жиҳатидан дунёда биринчи ўринда бўлса, аҳоли сони бўйича 8- ва ЯИМ ҳажми бўйича эса 10-ўринда қайд этилмоқда (интернет маълумотлари). Бошқача айтганда, бу иттифоқ жаҳон ЯИМнинг 3,63 фоизини яратмоқда (Халқаро валюта фонди маълумотлари). Таъкидлаш лозимки, мазкур кўрсаткичнинг шаклланишида Россия  Федерацияси ва Қозоғистоннинг улуши мос равишда 85 ва 10 фоиздан ортиқ. Шунингдек, Ўзбекистоннинг жаҳон ЯИМдаги улуши 0,19 фоиздан иборат бўлса, Арманистон, Беларусь ва Қирғизистоннинг биргаликдаги жаҳон ЯИМсидаги улуши 0,18 фоизни ташкил этмоқда. Шундай бўлса-да, Ўзбекистоннинг 80 фоиздан ортиқ экспортини олтин (31 фоиз) ва табиий газ (51 фоиз)ни ташкил этади. Мамлакатимиз табиий газининг асосий импортёрлари эса Россия, Хитой ва Қозоғистон давлатларидир.

Мазкур тенденция шундан далолат берадики, Ўзбекистоннинг юқори илмий сиғимкорликка эга бўлган маҳсулотлари билан ушбу мамлакатларга кириб бориши долзарб масала ҳисобланади. Фикримизча, республикамиз қўшимча илмий сиғимкорликка эга бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқара олишини ривожлантириш 184 млн. аҳолига эга бўлган бозорда ўз ўрнини мус­таҳкамлашга шарт-шароит яратган бўлар эди.

Ўзбекистон ташқи савдосида асосий ҳамкор мамлакатлар Хитой (18,7 фоиз, 5911 млрд. АҚШ доллари), Россия (14,9, 4704 млрд АҚШ доллари), Қозоғистон (8,3 фоиз, 2637 млрд. АҚШ доллари), Жанубий Корея (6,6 фоиз, 2080 млрд. АҚШ доллари), Туркия (5,8 фоиз, 1840 млрд. АҚШ доллари) мамлакатларининг барчаси Жаҳон савдо ташкилотига аъзо мамлакатлар ҳисобланади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон пахта толасининг асосий қисмини Хитойга экспорт қилмоқда. Жумладан, 2019 йилнинг 9 ойлик ташқи савдо маълумотларида мазкур тармоқ бўйича 93 фоизни ташкил этмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотлари ва қора металлар экспортида эса Қозоғистоннинг улуши юқори фоизлардан иборат бўлса-да, тўқимачилик маҳсулотларини Ўзбекистондан импорт қилишда Россия Федерацияси олдинги ўринларни эгаллаб турибди.

Демак, аён бўляптики, Ўзбекистонда иқтисодий нуқтаи назардан рақобат устунлигига эга бўлган тармоқларда Хитой, Россия ва Қозоғистон давлатлари етакчилик қилмоқда. Бу уларнинг Ўзбекистонга яқин масофаларда жойлашганлиги, шунингдек, мамлакатимиз импортида ҳам сезиларли улушга эгалиги бу давлатлар билан савдо муносабатларини янада ривожлантириш муҳим омил эканлигини кўрсатиб турибди.

Таъкидлаш жоизки, ЕОИИ мамлакатларида аҳолининг сотиб олиш қобилияти ўзбекистонликларнинг худди шу кўрсаткичига нисбатан юқорилиги юртимиз маҳсулотларини ушбу мамлакатлар ҳудудида сотиш имконини янада оширади. Шу билан биргаликда Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо мамлакат сифатида қўшилиши қуйидаги  мураккабликларни келтириб чиқариши ҳам мумкин:

  1. Импорт қилинувчи маҳсулотларнинг нархи тушиши натижасида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг бозордаги ўрнини сақлаб қолиш қийинлашади. Айниқса, монопол хусусиятга эга бўлган тармоқларнинг бозордаги ўрни хавф остида қолади. Шу билан бирга иттифоқ доирасида умумий божхона тарифларининг ўрнатилиши ортидан баъзи товарларнинг қимматлашиши юзага келиши мумкин.
  2. Ишчи кучининг чиқиб кетиши янада жадаллашади. Хусусан, Ўзбекистон ва ­ЕОИИнинг йирик иқтисодиётлари ўртасида иш ҳақи ҳажми бўйича сезиларли тафовутлар борлиги туфайли мамлакатимизда ишчи кучининг хорижга кўчиш эҳтимоли юқори бўлади. Бу эса қишлоқ хўжалиги соҳасида хизмат қилувчиларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг қимматлашувига олиб келади.
  3. Мазкур давлатлар ва Ўзбекистонда фаолият кўрсатувчи Трансмиллий компания(ТМК)ларнинг иқтисодий сиёсатидаги бир хилликнинг юзага келиши ортидан мамлакатимизда ТМКларнинг фаолияти нобарқарорлашувига сабаб бўлиши мумкин.
  4. Ўзбекистон иқтисодиётининг кичик бизнесга боғланиб қолганлиги экспорт товарлари таркиби рақобатбардошлигини тахминлашга тўлиқ имкон бермаслиги мумкин. Жумладан, кичик бизнес субъектларининг илмий тадқиқотларга ажратиладиган харажатларни амалга оширишга молиявий имконияти етарли даражада бўлмаслиги мумкин. Шу боисдан йирик бизнес амалиётини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларни янада жадаллаштириш долзарб масала ҳисобланади.
  5. Ўзбекистоннинг “Бизнес юритиш-2020” рейтингида 7 поғонага кўтарилганлигини ижобий баҳолаш мумкин. Шундай бўлса-да, ЕОИИга аъзо мамлакатлар Қозоғистон 25 ўринда, Россия 28 ўринда, Беларусь ва Арманистон 40 ўрин атрофида жойлашганлиги мамлакатимизда капиталлар ҳаракатини тўлиқ барқарорлаштириш имконини бермаслиги мумкин. Шу боисдан бизнес юритишнинг барча 11 та кўрсаткичларини янада оптималлаштириш юзасидан мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Шу билан бирга АҚШ савдо вазири Уил­бур Росс ўзбек – америка бизнес форумида Ўзбекистонни ЕОИИга қўшилиши уни ЖСТ (Жаҳон савдо ташкилоти)га қўшилиш жараёнини мураккаблаштириши ва маълум бир даражада Россия томонидан  мамлакатимизга сиёсий босимлар пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақидаги асоссиз фикрларни билдиргани ажабланарли. Жаноб У. Росс бу борада қатор омилларни унутган кўринади.

Биринчидан, Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, бундай баёнот берилиши мантиққа тўғри келмайди. Чунки ҳукуматимиз шу вақтга қадар ҳам аҳоли фаровонлиги ва тинчлик-хотиржамлигини таъминлашга хизмат қиладиган мавжуд барча халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатишга ҳаракат қилиб келмоқда. Буни охирги йилларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараси ва иқтисодиётни  бозор қонунлари асосида ривож­лантиришга ҳаракат қилинаётганлиги  исботлаб турибди.

Иккинчидан, шу баҳонада жаноб ­
У. Росснинг шубҳали бизнесларига тўхталиб ўтишни маъқул кўрдик. У WL Ross & Co ширкатига асос солган ва Navigator Holdings компаниясига 2011 йилда сармоя киритган. Интернет маълумотларига (https://www.bbc.com/uzbek/world-41782785) кўра, жаноб Росс ҳали ҳам Кайман оролларида (офшор ҳудуд) рўйхатдан ўтган бир неча ширкатлар орқали Navigator Holdings да ўз молиявий манфаатларини сақлаб турибди. Қизиғи шундаки, ушбу ширкат Венесуэланинг нефть ширкати Petroleos de Venezuela (PDVSA) билан ҳамкордир. Шунингдек, ширкат Россиянинг “Сибур” нефть-газ компаниясига инвестиция киритган ва унда ўз улушига эга. Қизиқ ҳолат, ҳозирги кунда АҚШнинг Венесуэла ва Россия билан муносабатларини дўстона деб бўлмайди.

Учинчидан, ЕОИИнинг  иқтисодий ташкилот эканлигини таъкидлаш жоиздир. Бу жиҳат ташкилотга аъзо давлатлар суверенитетига таъсир этмаслиги, уларнинг бири томонидан бошқасига ҳатто иқтисодий тайзиқ ўтказилиши мумкин эмаслигини равшан деб қараш лозим. Бу ташкилотнинг асосий мақсади ўзаро манфаатдорликдан иборат бўлса, шубҳасиз,  унга аъзо бўлиш масаласини муҳокама қилиш ўринлидир.

Тўртинчидан, яна бир қизиқ ҳолатга эътибор қаратайлик: ЕОИИ аъзолари бўлишларига қарамасдан, 1998 йилдан (20.12.1998) Қирғизистон, 2003 йилдан (05.02.2003) Арманистон, 2012 йилдан (22.08.2012) Россия ва 2015 йилдан (30.11.2015) эса Қозоғистон Халқаро Савдо ташкилоти (ЖСТ)нинг аъзолигига қабул қилинган. Табиий савол туғилади: Ўзбекис­тоннинг ЕОИИ аъзо бўлиш бўлмаслиги ЖСТга аъзо бўлиш  бўлмаслигига нима дахли бор? Агар бу ташкилотга сиёсий тус беришга уринишлар бўлса, нега ЕОИИ давлатлари билан АҚШ ўртасида икки ёқлама стратегик ҳамкорлик тузилган (масалан, https://kz.usembassy.gov/ru/us-kz-21 stcenturu-joint-statemtnt-ru/ ва бошқалар).

Фикримизча, ЕОИИга аъзолик масаласини таҳлил қилиш билан бирга параллел равишда ЖСТга аъзоликка қўйилаётган муҳим қадам сифатида баҳолашимиз ҳам мумкин. Чунки миллий товар-маҳсулотларимизни ЕОИИ ҳудуди бўйлаб эркин сота олишимиз имкони пайдо бўлиши ва юртимизга аъзо мамлакатлар маҳсулотларининг эркин кириб келиши рақобатбардошлигимизни оширишга хизмат қилади. Шуни ҳам қайд этиш керакки, ЕОИИ ҳудудида маҳсулотларга (маркировка, сифат, санитария нормалари ва бошқалар) нисбатан бўлган алоҳида меъёрлар тизими ишлаб чиқилган. Бу ва шу каби бошқа талаблар қатор маҳсулотларнинг ишлаб  чиқариш жараёнида турли сифат ўзгариш­ларни киритишни талаб этади. Бунда монопол деб ҳисобланадиган айрим тармоқларнинг фаолияти ҳам хавф остида қолиш эҳтимоли йўқ эмас. Балки бизда ҳам менежмент ва ишлаб чиқариш жараёнларини сифат жиҳатдан тубдан ўзгартириш даври етиб келгандир. Бу каби омиллар ўз-ўзидан Ўзбекистонни ЖСТга аъзо бўлишига ҳам хизмат қилишига асос бўлади.

Хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлса, бу жараён ҳаётимизга катта ўзгаришлар олиб келиши шубҳасиз. Биз учун, асосийси, ушбу жараёнларда Ватанимиз манфаатларини муносиб ҳимоя қилиб, халқимиз фаровонлиги ва тинчлик-хотиржамлигини таъминлашимиз муҳимдир.

Нодир ЖУМАЕВ,

иқтисодиёт фанлари

доктори, профессор.

Дилшоджон РАҲМОНОВ,

иқтисодиёт фанлари доктори

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    1830
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+