Тадбиркор ноласи: қачонгача идорама-идора юрамиз?

13.11.2019, 18:05

Тадбиркор ноласи: қачонгача идорама-идора  юрамиз?

Навоий вилояти Кармана туманида жойлашган “Озодбек Пласт” МЧЖ раҳбари М.Жўраева тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириб, қўшимча иш ўринлари яратишни кўнглига тукканига анча вақт бўлди. Лекин айрим сабабларга кўра, ҳозирга қадар истиқболли лойиҳасини амалга оширгани йўқ. 

“Дўрмон” қишлоғидаги “Кумушкон” массиви ҳудудида иккиламчи полиэтелин қувурлар ишлаб чиқариш цехи қурмоқчи эдик. Шу боис 2017 йил 8 сентябрь куни туман Архитектура ва қурилиш бўлимидан 02-07/1569-сонли, 2017 йил 12 сентябрда Кармана ЭТК электр таъминотидан 4/5348-сонли техник шартларни олдик. Шунингдек, шу йил 13 сентябрь куни туман газ таъминоти филиалидан 76-сонли техник шартни ҳам олдик. Лекин бу югур-югурлар ҳеч тўхтамаяпти, ҳозир ҳам ташкилотма-ташкилот, идорама-идора сарсон-саргардон бўлиб юрибмиз”, – дейди тадбиркор. 

Маълум қилинишича, тадбиркор бу истиқболли лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш учун ҳали Кармана туман ёнғин хавфсизлик бўлими, ҳали туман ДСЭНМ бўлимига борди. Чунки лойиҳани амалга ошириш учун ҳар икки ташкилотнинг ҳам хулосаси керак.

“Мана, жорий йил тугашига ҳам оз фурсат қолди. Лекин биз ҳалиҳам ташкилотма-ташкилот югуриб юрибмиз. Шу орада туман телекомуникациялар бўлими ҳам қуруқ қолмади. У ердан ҳам хулоса олдик. Албатта ташкилотлардан хулоса олиш учун яхшигина сарф-ҳаражат ҳам қилдик. Масалан, биргина экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасидан (ЗВОС) шартномани олиш учун 2 млн 583 600 сўм пул кўчиришга тўғри келди. Ҳаммасига чидадик, лекин туман кадастр бўлимига келганда масала ечилмасдан қолди”, – дея қўшимча қилди у.

Ушбу ҳолатни ўрганган халқ депутатлари Кармана туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари муаммо ечими бўйича туман кадастр бўлимига сўров юборди. Ҳа айтганча, сўровнома матнида депутат сўровига қанча муддатда жавоб қайтариш лозимлиги ва мазкур ҳолатда қонун бузилишига йўл қўйилса, жавобгарлик белгилангани эслатма тариқасида кўрсатиб ўтилган. Лекин туман кадастр бўлими раҳбари на мурожаатга ечим топди, на депутат сўровига жавоб берди.

Одамларнинг тадбиркор бўлишга интилишига амалий ёрдам берилса, бунёдкорлик янада кенг қулоч ёзади. Энг муҳими, бу билан минглаб оилаларга барака киради, минглаб янги иш ўринлари яратилади. Ўйлаймизки, мутасаддилар тадбиркорга амалий ёрдам беради ва уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.    

O‘zLiDeP Навоий вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    265
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+