Қўшкўпирликлар муаммоси: уни ким, қачон ҳал этади?

13.11.2019, 18:10

Қўшкўпирликлар муаммоси: уни ким,  қачон ҳал этади?

Халқ депутатлари Қўшкўпир туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Ш.Болтоевга “Ўрта қишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи О.Матчановдан мурожаат келиб тушди.

“Кўп йиллардан буён тоза ичимлик суви муаммосидан азият чекамиз. Маҳалламиздаги “Абдулла Авлоний” кўчасида 300га яқин аҳоли ичимлик суви билан таъминланмаган. Тўғри, ҳудудга тоза ичимлик суви келтириш учун чуқур қазилиб, қувурлар олиб келинган. Аммо ушбу хайрли иш бошланар-бошланмас тўхтатилиб, чуқурлар кўмилди. Бу масала юзасидан жуда кўп ташкилот ва идораларга мурожаат қилдик. Лекин муаммо муаммолигича қолиб кетмоқда. Сизлардан илтимос, шу масалани ижобий ҳал этишда амалий ёрдам берсангиз”, – дейилади ушбу мурожаатда.  

Партия вакиллари ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари муаммони тўлиқ ўрганиш мақсадида шу ҳудудда яшовчи фуқаролар билан учрашди.

“Мана, йиллар ўтиб кетяпти. Сув қувурлари олиб келинган, бироқ ишлар охирига етказилмаган. Балки охиригача етказишга маблағ етмагандир, билмаймиз. Хуллас, ишлар чала қолган. Фуқаролар эса ҳалигача ичимлик суви муаммосидан қийналяпти”, – дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.  

Маълум қилинишича, бугун қўшкўпирликларни фақат шу муаммо қийнаётгани йўқ. Маҳаллада оддий одамларни ўйлантираётган бошқа масалалар ҳам бор.

“Туман марказигача ўн икки-ўн уч километр. Лекин “Незахос-Қўшкўпир” йўналишида автобус ва йўналишли таксилар ҳаракатланмайди. Шу боис одамлар туман марказигача таксига боришга мажбур. Бу масала бўйича тегишли идораларга мурожаат қилганмиз, лекин ҳеч қандай натижа бўлмаган”,  – дейди Р.Мадримов.

Халқ вакили, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Ш.Болтоев биринчи масала юзасидан Туямуюн-Урганч минтақалараро сув қувурларидан фойдаланиш корхонаси туман бўлимига, иккинчи масала бўйича эса “ЎзДарётранс” Хоразм вилоят бошқармасига депутутлик сўрови юборди. Бироқ ҳалигача ҳеч қандай натижа бўлгани йўқ. Ваҳоланки, бу муаммо бир мутасаддининг бош-қош бўлиши билан ҳал бўладиган иш, аслида.

Хуллас, бу маҳаллада мурожаатлар талайгина. Уларнинг ечими эса мутасаддиларнинг ташаббуси ва ғайратида. Умид қиламизки, мазкур мурожаатлар ечимини масъуллар қисқа муддатда ижобий ҳал этади.

O‘zLiDeP Хоразм вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1249
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+