Депутатлик сўровидан сўнг муаммога ечим топилди

14.11.2019, 16:45

Депутатлик сўровидан сўнг муаммога ечим топилди

Халқ депутатлари Бекобод туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Саиджон Холбековга Зафар шаҳарчаси марказидаги “Мустақиллик” кўчасида яшовчи бир гуруҳ тадбиркорлардан мурожаат келиб тушди.

Маълум бўлишича, “Мустақиллик” кўчасида 100 дан ортиқ қонуний солиқ тўлаб, юзлаб фуқароларни иш билан таъминлаб келаётган тадбиркорлар фаолият юритади. Лекин ушбу кўчада транспорт воситаларини тўхташи ва тўхтаб туришини тақиқловчи йўл белгилари ноқонуний ва асоссиз равишда ўрнатилган. Бу эса тадбиркорлар фаолиятига, транспорт воситалари ва фуқароларнинг эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қилмоқда.

Ушбу ҳолатни ўрганган халқ вакили С.Холбеков эса Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 майдаги 377-сон қарорининг 3.88-бандига зид равишда ўрнатилган транспорт воситалари йўл белгиларини олиб ташлашни назоратга олишни сўраб, жорий йил 6 июнь куни Бекобод туман прокурори Д.Абдурахмоновга ДГ.28-сонли депутатлик сўрови юборади. Депутат сўровига асосан Зафар шаҳарчаси марказий кўчасидаги йўл белгиларини олиб ташлаш масаласи туман прокуратураси томонидан ўрганилади.   

Аниқланишича, “Мустақиллик” кўчасидаги 4К 786 автомобиль йўлининг 23-25 км оралиғига “3.27-тўхтаб туриш тақиқланади” йўл белгилари туман ҳокимининг 2018 йил 26 январдаги 11ф-сонли фармойишига асосан туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан ўрнатилган.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 9 апрелдаги 292-сонли ҳамда 2015 йил 24 декабрдаги 370-сонли карори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 88-бандига киритилган ўзгаришга кўра, аҳоли пунктларидаги иккита ҳаракат бўлаги бўлган ва ўртада трамвай изи бўлмаган бир томонлама ҳаракат ташкил этилган йўлларда тўхташ ва тўхтаб туришга рухсат этилиши таъкидлаган.

Халқ ноиби, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси С.Холбековнинг билдиришича, туман ҳокимининг 2018 йил 26 январдаги 11ф-сонли фармойишини 1-банди тегишли қисмини бекор қилиш бўйича протест киритилган ва ўрнатилган йўл белгилари олиб ташланган.

А.ТУЙЧИЕВ,

O‘zLiDeP Тошкент вилоят

 Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    181
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+