Аҳолини иш билан таъминлаш – устувор вазифа

14.11.2019, 17:28

Аҳолини иш билан таъминлаш – устувор вазифа

Бугун, 14 ноябрь куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аёллар билан ишлаш бўлими ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорлигида “Аҳоли бандлигини таъминлашда меҳнат миграцияси масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгаш депутатлари, тадбиркор аёллар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Қайд этилганидек, бугун мамлакатимизда янги иш ўринлари ташкил қилишда давлат буюртмаларини ишлаб чиқиш, айниқса аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари учун иш жойлари квотасини белгилаш, аниқ мақсадга йўналтирилган комплекс тадбирларни амалга оширишда бир қатор муаммолар мавжуд.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20 августдаги “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги фармони бундай муаммоларни бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг амалий таклифлари асосида қабул қилинган фармонда фуқароларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар, шунингдек, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган аниқ вазифалар белгиланди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ,  меҳнат мигрантларига бир йил муддатга сўраладиган ҳужжатлар минимал пакети (паспорт, ариза ва меҳнат органининг илтимосномаси) гаров таъминотисиз, уни тезлаштириб бир банк иш куни давомида беришни расмийлаштириш маъқулланди. Шунингдек, хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ бўлган харажатларни тўлаш учун 2 миллион сўм миқдорида микроқарзлар бериш тизими жорий этилмоқда. Бундан ташқари, ҳужжатга кўра, эндиликда вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун хорижга жўнаш истагини билдирган фуқароларга онлайн режимида ишга жойлашиш тартиби, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, қонунчиликда назарда тутилган молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида ахборот бериб борилади.

O‘zLiDeP фаолларининг айтишича, партия сайловолди дастурининг тўртинчи йўналиши – ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида ўз олдига ўта муҳим вазифаларни белгилаб олган. Бу борада партия фуқароларнинг тўлиқ бандлигини таъминлаш ва меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш, янги иш ўринларини яратиш, ишсизлик даражасини қисқартиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Зеро, партия ишга лаёқатли аҳоли учун уларнинг меҳнатга оид ва тадбиркорлик фаоллигини тўлиқ амалга ошириш, ишчи кучи сифатини яхшилаш, бозор талабларини ҳисобга олган ҳолда ишга жойлашишга муҳтож бўлган шахсларни касбга тайёрлаш ва малакасини оширишга йўналтирилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайди.

Партия келгуси фаолияти давомида “Меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ташаббус кўрсатмоқда.  

Тадбирда шунингдек, янги таҳрирдаги “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, амалдаги қонунда умумий тусга эга нормалар кўп. Уларни амалга оширишнинг муайян механизмисиз татбиқ этилаётгани бандлик сиёсатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ижтимоий муносабатларни асосан қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинаётгани ҳамда сўнги йиллардаги ўзгаришлар, шунингдек, Президентимизнинг соҳага оид қатор қарор ва фармонларидаги вазифалар эса амалдаги қонунда деярли қамраб олинмаган.

“Ушбу Қонуннинг мақсади аҳолини иш билан таъминлаш ва ишсизликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонунни янги таҳрирда қабул қилиниши эса меҳнат бозоридаги вазиятни тубдан яхшилаш, меҳнат муносабатларини ҳозирги замон бозор иқтисодиёти, инвестиция фаоллигини ошириш, мамлакатни ижтимоий ривожлантириш, банд бўлмаган аҳолини бандлигини таъминлаш, оилалар фаровонлигини оширишга хизмат қилади”, – дейди  O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раис ўринбосари  М.Ходжаева.

Унинг қўшимча қилишича, мазкур Қонунга мувофиқ, ўзини иш билан мустақил таъминлаётган, шу жумладан, тадбиркорлик фаолияти, ҳунармандчилик билан, оилавий тадбиркорлик субъектларида банд бўлган, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинмаган ва ўз фаолиятида ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланмайдиган фуқаролар иш билан таъминланган ҳисобланади.

Тадбирда янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида бандлик соҳасига хусусий секторни жалб этиш тартиб-таомилларини ишлаб чиқиш, бандликнинг янги шаклларидан (вақтинчалик ишлар, хусусий шахсларда ёлланиб ишлаш, масофадан туриб ишлаш, жисмоний шахсларда ёлланиб ишлаш), шунингдек, бандликнинг анъанавий, охиригача тартибга солинмаган шаклларидан фойдаланишда юзага келадиган меҳнат муносабатлари хусусиятларини белгилашни назарда тутиш лозимлиги  таъкидланди.

Тадбир сўнггида “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга қаратилган зарур таклиф ва тавсиялар билдирилди.

 O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    363
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+