Чортоқликлар қачон тоза ичимлик суви ичади?

14.11.2019, 18:00

Чортоқликлар қачон тоза ичимлик суви ичади?

Наманган вилояти Чортоқ тумани “Мучум” қишлоғида яшовчи 4 минг нафардан ортиқ фуқаролар 2014 йилдан буён тоза ичимлик суви муаммосидан азият чекмоқда. Чорасиз қолган аҳоли саломатлиги учун хавфли бўлган ариқлардан сув ичишга мажбур бўляпти. 

Маълум қилинишича, фуқаролар бу масала бўйича кўп маротаба тегишли ташкилотларга мурожаат қилган. Лекин ҳар гал: “Сизнинг қишлоғингиз Давлат Дастурига киритилган”, деган бир хил жавобни олишган. Нечанчи йилги дастурга киритилгани ҳақида эса тайинли жавоб беришмаган. 

Ушбу муаммо 2018 йилнинг февраль ойида O‘zLiDeP Чортоқ туман Кенгаши томонидан “Мучум” ва “Дамариқ” маҳаллалари аҳолиси учун ташкил этилган сайёр қабулда кўтарилган эди. Шундан сўнг халқ вакили, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Н.Шокиров ушбу мурожаатни атрофлича ўрганиб, ечимини топиш чораларини кўрди. Ҳатто 2018 йилнинг 15 февралида Чортоқ тумани “Сувоқова” давлат унитар корхонаси раҳбари Ё.Норматовга депутатлик сўрови юборди. Бироқ мутасаддилар халқ вакилининг сўровига на жавоб берди, на муаммога ечим топди.

Ҳудди шу каби муаммо “Гулшан” МФЙдаги 3800 нафар аҳолини ҳам қийнамоқда. Натижада фуқаролар сувни ҳовузларга тўплаб ичишга мажбур бўляпти.  

Маҳаллий аҳоли вакилларининг билдиришича, халқ депутатлари Чортоқ туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Р.Мирзаев жорий йил 10 сентябрь куни бу масала бўйича Чортоқ тумани “Сувоқова” давлат унитар корхонаси раҳбарига сўров юборган. Аммо бу гал ҳам депутат сўровига жавоб берилмаган. 

Хуллас, чортоклик фуқароларни қийнаб келаётган муаммолару уларнинг жавобсиз саволлари жуда ҳам кўп экан. Хўш, мутасаддилар бу муаммоларга қачон ечим топади, қачон одамлар тоза ичимлик суви ичади? Умид қиламизки, Чортоқ тумани “Сувоқова” давлат унитар корхонаси тез орада бунга ечим топади.

 Юлдуз ЮЛДАШЕВА,

O‘zLiDeP Наманган вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    1002
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+