Янгиқўрғондаги аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган йўллар қачон таъмирланади?

18.11.2019, 19:32

Янгиқўрғондаги аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган йўллар қачон таъмирланади?

Жорий йил февраль ойларида O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши вакиллари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари Янгиқўрғон туманидаги “Ҳуррият” маҳалласида бўлиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилган эди.

Учрашувларда ҳудуд аҳолиси ўзларини қийнаётган муаммолардан ташқари, кўпчилик манфаатига хизмат қиладиган йўлларни таъмирлаш, электр энергияси ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, кредит ажратиш, таълим, уй-жой соҳасидаги мурожаатлари билан қатнашган эди.

Масалан, “Сангистон” ва “Пахтачи” кўчасида яшовчи фуқаролар маҳалланинг марказий қатнов йўллари таъмирталаб аҳволга келиб қолганини айтиб, бу масалада ишчи гуруҳ аъзоларидан амалий ёрдам сўраган эди. Унинг мурожаатини халқ депутатлари туман кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Фарида Исматуллаева ўз зиммасига олиб, ечими бўйича туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари Р.Зиёвиддиновга сўров юборган эди.

“Аҳоли мурожаатлари бўйича шу вақтнинг ўзидаёқ, Янгиқўрғон туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига депутатлик сўрови юборган эдик. Лекин мазкур ташкилотдан келган жавоб хатида бу кўчаларнинг ҳақиқатдан ҳам таъмирталаблиги эътироф этилиб, йўлларни таъмирлаш ишлари Жаҳон тараққиёт банки маблағи ҳисобидан молиялаштирилаётгани айтилган. Шунингдек, қачонки, лойиҳа смета ҳужжатлари тайёр бўлса ва маблағ ажратилса, юқоридаги кўчалар давлат дастури асосида таъмирланиши таъкидланган”, – дейди халқ вакили  Ф.Исматуллаева.

Англаганингиздек, Жаҳон тараққиёт банки бу йил маблағ ажратмайди. Кўчалар эса бу йил таъмирланмайди ҳисоб. Буни ишонч билан айтаётганимиз сабаби, аввал ҳам туман йўллардан фойдаланиш корхонаси бошқа бир депутат сўровига ҳам ҳудди шундай жавоб берган.

Шу ўринда бир савол туғилади. Хўш, энди бу йўллар қачон таъмирланади? Майли, 20-30 километрлик йўл бўлганда тушунардик, лекин гап бор-йўғи 2-3 км. йўл ҳақида кетяпти. Наҳотки арзимаган шу йўлни таъмирлаб қўйиш шунча қийин бўлса?      

Мутасаддилардан ушбу йўл масаласида тушунтириш беришади, деб умид қиламиз.

Юлдуз ЮЛДАШЕВА,

O‘zLiDeP Наманган  вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    223
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+