Тадбиркорга ер берилмаяпти. Муаммога ечим борми?

18.11.2019, 19:39

Тадбиркорга ер берилмаяпти. Муаммога ечим борми?

Ўзбекистон — ипакчилик соҳасида бой тажриба, юксак салоҳиятга эга мамлакат. ЮНЕСКО томонидан ўзбек шойи матолари — атлас ва адрас тайёрлашнинг қадимий технологияси номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш рўйхатига киритилгани бунинг амалий тасдиғидир. 

Шу боис кейинги йилларда республикада пиллачилик соҳасини ривожлантириш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг турларини кенгайтириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Уй шароитида пилла етиштирган фуқаролар даромад солиғидан озод қилиниб, уларнинг бир мавсум ишлаган даврлари пенсия тайинлаш учун бир йил меҳнат стажига ўтиши ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлангани пиллачилик билан шуғулланиб келаётган фуқароларга жуда катта рағбат бўлди. 

Бектемир тумани “Нурафшон” маҳалласи “Сомонбозор” кўчасида яшовчи Фарида Умарқулова ҳам соҳага қаратилаётган эътибордан хурсанд бўлиб, пиллачилик билан шуғулланишни кўнглига туккан эди. Ҳатто тут дарахтларини етиштириш мақсадида туман ҳокимидан 5 гектар ер майдони ажратилишида кўмак сўраган эди. Лекин негадир унинг мурожаати ҳалигача ҳал бўлмаяпти.   

OʻzLiDeP вакиллари ва маҳаллий кенгаш депутатлари ушбу ҳолатни ўрганиш, муаммога ижобий ечим топиш мақсадида Бектемир туманида бўлиб, тадбиркор билан суҳбатлашди.  

“Тут барги ипак қурти учун қимматли озуқа. Шу сабабли тут қадимдан ипак етиштирадиган мамлакатларда кўплаб экилган, парваришланган. Яна бир гап. Тут ёғочи қоғоз саноатида ва мебелсозликда ҳам энг яхши хомашё саналган. Шу боис кўпчилик аҳоли тутни пишиқ-пухта, қайишқоқ новдаси учун экишади. Биз ҳам тут новдасидан сават, қафас сингари турли буюмлар тўқиймиз. Агар бизга туман ҳокимлиги томонидан бўш ер майдони ажратилса, ипакчиликни ривожлантириш билан бирга, кўплаб иш ўринлари ҳам яратган бўлардик”, – дейди Ф.Умарқулова. 

Унинг таъкидлашича, халқ депутатлари туман Кенгашидаги OʻzLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари бу масала бўйича туман ҳокимига сўров юборган. Аммо мутасаддилар туман ҳокимлиги захирасида бўш ер майдони йуқлигини айтишган.

Умид қиламизки, туман ҳокимлиги бу масалага алоҳида эътибор қаратади. Янги иш ўрни яратиш ҳаракатида юрган тадбиркорни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди, фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашади. 

 OʻzLiDeP Тошкент шаҳар

 Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1071
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Мухаммад Ражаб2019-11-19 07:31:42

Узбекистоннинг минглаб гектар ерларига тут дарахти усадиган бошка экин ва дарахт усмайдиган худудлар бор, шундай худудлрни ипакчилик кластерларига бериш лозим. Бу билан ипакчиликдаги манополияга чек куйилиши асосий мавзу булиш керак. Тел: 91-9685015


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+