“Урганч -Хива” автомобиль йўлида қачон светофор ўрнатилади?

19.11.2019, 19:06

“Урганч -Хива” автомобиль йўлида қачон светофор ўрнатилади?

Халқ депутатлари Урганч туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси И.Аллабергановга “Оёқ-боғ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Алимбой Собировдан мурожаат келиб тушди.

Мурожаатда 4Р-158-сонли “Урганч-Хива” автомобил йўли ҳамда 4К-943 автомобил йўли кесишмасидаги чорраҳада автомашиналар қатнови ошгани аҳоли, айниқса, Чўлобод маҳалласи ҳудудидаги 42-сонли умумий ўрта таълим мактабига қатнайдиган ўқувчилар ҳаётига жиддий хавф солаётгани баён қилинган. Шунингдек, ушбу чорраҳада светофор ўрнатиш бўйича амалий ёрдам сўралган.

Ушбу ҳолатни ўрганган халқ вакили И.Аллаберганов муаммо ечими бўйича жорий йил 5 июль куни Хоразм вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасига ҳамда Хоразм вилоят ИИБ ИҲХ бошлиғига 19-сонли депутатлик сўрови юборган.

Хоразм вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси томонидан 2019 йил 15 июлда келган 05/569-сонли жавоб хатида 4К-943 автомобиль йўли чорраҳасига светофор ўрнатиб бўлмаслиги кўрсатилиб, бунга Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сонли қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг XIII-боб, 91-бандидаги йўл ўтказгич ва кўприклар устида автомашиналарнинг тўхташи таъқиқлангани ҳақидаги талаб асос қилиб келтирилган.

Жавоб хатидан қониқмаган халқ ноиби эса жорий йил 24 июль куни иккинчи маротаба 20-сонли депутатлик сўрови юборган. Унда светофор ўрнатиш сўралган чорраҳага светофорни ўрнатиш бўйича мутахассислар томонидан илова қилинган тавсиявий схема инобатга олинмагани, тавсияга кўра юзага келиши мумкин бўлган оғир оқибатли йўл транспорти ҳодисалари олдини олиш билан бирга қулайлик яратилиши баён қилинган. Бироқ орадан шунча вақт ўтса-да мутасаддилар депутат сўровига ҳалигача жавоб бермаган.

Шундан сўнг И.Аллаберганов 20-сонли депутат сўровига жавоб берилмагани сабабли жорий йил 10 август куни Хоразм вилоят прокуроратурасига 22-сонли депутатлик сўрови юборган. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида чорраҳага светофор ўрнатиш лойҳаси ишлаб чиқилган ва устунлар ўрнатилган. Лекин ҳозирга қадар светофордан дарак йўқ. 

 Хўш, бу ҳолатга тегишли мутасаддилар қачон жиддий ёндошади, муаммога ечим топади? Бирор бир бахтсиз ҳодиса ёки йўл транспорт ҳодисаси рўй бергандан кейин светофор ўрнатилиши кимга фойда?

Умид қиламизки, мутасаддилар бу масалага тез орада ижобий ечим топади. Биз эса мавзуга яна қайтамиз.

O‘zLiDeP Хоразм вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    311
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Азам2019-11-21 09:07:28

Узларига шу махалладан уй олиб бериш керак кузи билан куриб ишонч хосил килгандагина кейин куйиб беришади ёки бирон йул транспорт ходисаси булганда кейин уйлашади бу ички ишлар ходимлари мани тавсиям Ички ишлар бошкармасига чикилса масала ечимини топади .


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+