“Дўстлик” маҳалласида қишлоқ оилавий поликлиникаси йўқ. Мутасаддилар бундан бехабарми?

20.11.2019, 19:19

“Дўстлик” маҳалласида қишлоқ оилавий поликлиникаси йўқ. Мутасаддилар бундан бехабарми?

Чиноз туманидаги “Дўстлик” маҳалласи “Обод қишлоқ” давлат дастурига киритилган бўлиб, тасдиқланган йўл харитасига асосан жорий йилда ҳудудда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилган. Аммо қилинган ишлар талаб даражасида эмас, кўп ишлар чала  қилинган.

Чинозликларнинг айтишича, маҳалланинг “Шоҳ”, “Бегубор”, “Янги кўча”, “Осойишталик” ва “Хиёбон” каби бир қатор кўчаларида тоза ичимлик суви йўқ. Тўғри, илгари бу кўчаларга сув қувурлари ётқизилган, лекин негадир ичимлик суви етиб бормаган. Энг катта муаммо эса маҳаллада қишлоқ оилавий поликлиника фаолият кўрсатмайди.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси С.Мавляновга мурожаат қилишича, аҳолига тиббий хизмат кўрсатилишида муаммолар мавжуд бўлиб, қишлоқ оилавий поликлиникаси йўқлиги сабабли беморлар ўз вақтида муолажа олиш ўрнига бир қатор саргардончиликка дуч келмоқда. Мутасаддилар ушбу муаммодан хабардор бўлса-да, масалага ижобий ечим топгани йўқ.

“Маҳалламизда кекса ёшдаги одамлар жуда кўп, — дейди чинозлик фуқаролардан бири. Лекин на қишлоқ оилавий поликлиникаси, на дорихона бор. Касалларимиз қийналиб қолди, айниқса ногиронлар. Тегишли идораларга ёздик, туман ҳокимига ариза билан мурожаат қилдик, фойдаси бўлмади. Очиғи, ёзмаган жойимиз, бормаган ташкилотимиз қолмади. Лекин натижа йўқ, эътибор жуда суст”.

Ушбу ҳолатни ўрганган O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси С.Мавлянов муаммо ечими бўйича жорий йил 25 май куни Чиноз туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Т.Тожибоевга депутатлик сўрови юборди. Бироқ депутатнинг “Ушбу масалани ижобий ҳал қилиб, халқ депутатлари туман кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳига жавоб хати юборишини сўраб” йўллаган сўрови олти ойдирки жавобсиз қолмоқда.

Ечими йўқ муаммо бўлмайди, гап иштиёқда. Кўп сонли аҳолини қийнаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва туман ҳокимлигидан ўринли жавоб кутиб қоламиз.

O‘zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1712
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+