Солиқ ислоҳотлари давом этмоқда. ҚҚСни пасайтириш сабаблари ва натижалари...

22.11.2019, 14:42

Солиқ ислоҳотлари давом этмоқда. ҚҚСни пасайтириш сабаблари ва натижалари...

Маълумки, 2019 йилдан киритилган ўзгартиришларга кўра, ҚҚСнинг базавий ставкасини пасайтирмасдан, унинг қамровини кенгайтириш ишлари бошлаб юборилди. Бунда тадбиркорлик субъектларини умумбелгиланган солиқ режимига, яъни ҚҚСга мажбурий ўтказишнинг ягона мезони сифатида ялпи тушум (оборот) белгиланди. Яъни, солиқ даврида олинган ялпи тушуми 1 млрд. сўмдан ошган ҳар қандай тадбиркорлик субъекти ҚҚС тўлашга ўтказилди. Шу билан бирга, солиқ даври давомида обороти 3 млрд. сўмдан ошмайдиган хўжалик субъектлари учун ҚҚСни ҳисоблаб чиқишнинг соддалаштирилган тартибини танлаш ҳуқуқи берилди. Бироқ, ҚҚСни ҳисоблаб чиқишнинг соддалаштирилган режимини қўлловчи тадбиркорлик субъектлари олинган товар ва хизматлар бўйича кирим қилинган ҚҚС суммаларини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлмади. Оқибатда, бундай корхоналар иштирок этган ишлаб чиқариш циклида ҚҚС механизмининг узлуксиз занжири барибир тўлиқ шаклланмади.

2019 йилдан киритилган ўзгаришлар натижасида ҚҚС нуқтаи назаридан тадбиркорлик субъектлари қуйидаги 3 тоифага бўлиниб қолди:

- ялпи тушуми 1 млрд. сўмдан ошмаганлиги учун ҚҚС тўловчиси бўлмаган тадбиркорлик субъектлари;

- ялпи тушуми 3 млрд. сўмдан ошмаган ва соддалаштирилган режимда ҚҚС тўлашга ўтган тадбиркорлик субъектлари;

- ялпи тушуми 3 млрд. сўмдан ошганлиги муносабати билан мажбуран ҚҚСнинг умумбелгиланган режимига (20 фоизли ставкасига) ўтган тадбиркорлик субъектлари.

Агар, реал ҳаётдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, 2019 йилда аксарият тадбиркорлик субъектлари юзага келаётган ҚҚС муаммосидан қутулиш учун ўз тушумини 1 млрд. сўмдан ошириб юбормаслик чораларини кўришди. Бунга улар уч хил йўл билан эришиб келдилар:

(1) тушумини 1 млрд.га етказмаслик учун яшириш;

(2) обороти 1 млрд. сўмга етган фирмани ёпиб, бошқасини очиш;

(3) параллел фирмалар таъсис этиб, уларнинг оборотини назорат қилиш.

Буларнинг барчаси эса, яширин иқтисодиётга йўл очишга хизмат қилиши мумкин.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, 2019 йилдан амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ҚҚС механизми соддалашмади, аксинча, янада табақалашиб кетди. Ваҳоланки, солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясида солиққа тортиш механизмининг соддалаштирилиши солиқ ислоҳотларининг энг асосий йўналиши сифатида белгиланган эди.

Бу эса, ўз навбатида, қуйидаги муаммоларни келтириб чиқарди:

- нархларнинг кўтарилиши ва инфляциянинг кучайиши;

- фаолият турлари бўйича алоҳида ҳисоб-китобнинг талаб қилиниши ва солиқ маъмурчилигининг мураккаблашуви;

- ҚҚС механизмининг тўлиқ ишламаслиги;

- хўжалик субъектлари томонидан тушумнинг яширилиши, яширин оборотларнинг кўпайиши.

Айнан юзага келган мана шу муаммоларни бартараф қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 11 сентябрида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ҳамда давлат бюджетига кафолатланган тушумларни таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҚҚС ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилиши лозимлигини таъкидлади. Ва бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилнинг 26 сентябрида “Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5837 сонли Фармони билан 2019 йилнинг 1 октябридан ҳаётга татбиқ этилди. Бундан ташқари мазкур фармон билан 2020 йил 1 январдан ҚҚСнинг соддалаштирилган режими бекор бўлиши белгиланди.

ҚҚС ставкасининг 15 фоизга туширилиши натижасида ишлаб чиқариш ва реализациянинг ҳар бир босқичида яратиладиган янги қиймат ёки савдо устамасини оширувчи ҚҚС улуши бир мунча камайиб, товар ва хизматларнинг истеъмолгача бўлган якуний қиймати арзонлашади. Бу орқали нархларнинг кўтарилиши ва инфляция даражаси жиловланади. Кишиларнинг ўз истеъмолида тўлайдиган солиқ суммасидан бўшаган қисми уларнинг харид қобилиятини оширади ва қўшимча талаб ҳосил қилади. Натижада ялпи талаб ортади ва ўз-ўзидан ялпи таклиф ҳам кенгаяди.

Соддалаштирилган режимнинг бекор бўлиши натижасида эса, ҚҚСни ҳисоблаб чиқиш ва тўлаш билан боғлиқ бухгалтерия ва солиқ маъмурчилиги енгиллашади. ҚҚСнинг “занжирли” механизми тўлиқ ишлай бошлайди. Ва энг асосийси, ҚҚС борасидаги ислоҳот умумий ҳолда тадбиркорлик субъектларининг юқори ставкали ҚҚСдан қочиш илинжида ўз тушумларини яшириш ҳаракатларининг камайишига, яширин оборотларнинг қисқаришига, ҚҚС тўловчилари сонининг ортиб боришига ва солиқ базасининг кенгайишига маълум даражада имконият яратади.

Молия вазирлиги ҚҚС ставкасининг пасайтирилиши оқибатида давлат бюджетига йиллик 10 трлн. йўқотиш кутилишини маълум қилган. Тўғри, бундай ҳолат ставка пасайтирилгандан кейинги дастлабки қисқа даврда кузатилиши мумкин. Аммо, фикримизча, бундай хавотирланиш ўринсиз. Чунки, биринчидан, ҚҚСнинг йиғилувчанлик даражаси, таҳлиллар кўрсатганидек, 90 фоиздан кам бўлиб келган. Демак, амалдаги 20 фоизли ставка бўйича ҳисоблаб чиқилаётган ҳар йилги ҚҚС суммасининг 10-15 фоиздан ортиқ қисми бюджетга ундириб олинмасдан солиқ боқимандаси сифатида тўпланиб келган. Ушбу ҳолатнинг ўзи ҳеч қандай йўқотишсиз, 17 фоизли ставка билан ҳам ҚҚС бўйича амалдаги тушумларни таъминлаш мумкинлигидан далолат беради.

Иккинчидан, Президентнинг 27 июндаги ПФ-5755-сонли фармони билан ҚҚС бўйича амалдаги кўплаб имтиёзларнинг олиб ташланиши натижасида ҚҚС занжирли механизмининг тўлақонли ишга тушиши ҳам мазкур солиқ бўйича тушумлар йўқотилишининг олдини олади.

Ва энг асосийси, Ўзбекистондаги норасмий иқтисодиётнинг амалдаги салмоғидан келиб чиқадиган бўлсак, ҚҚС сабабли бюджет йўқотиши умуман бўлмаслиги ҳам мумкин. Аксинча, ҚҚС нинг юқори ставкасидан чўчиб ўз тушумларини 1 млрд.лик чегарадан ўтказмай келаётган тадбиркорлик субъектларининг солиқ ставкаси 15 фоизга туширилганлиги муносабати билан стандарт ҚҚСга ўтишларига рағбат пайдо бўлиши ушбу солиқдан бюджетга тушумларнинг секин-аста кўтарилиб боришини таъминлайди.

Хулоса қиладиган бўлсак, тадбиркорлик субъектларини ўз бизнесларини барқарор ривожлантириши учун солиқ қонунчилиги кам ўзгарувчан бўлиши керак. Айниқса бу борада, Ўзбекистон давлат бюджети катта қисмини шакллантирадиган ҚҚС механизмининг мукаммал шакллантирилиши жуда муҳимдир.

Исломбек НИЯЗМЕТОВ,

иқтисод фанлари доктори

Нодир ЖУМАЕВ,

иқтисод фанлари доктори, профессор

  • Кўрилди
    823
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Ахмаджон Кахаров 2019-11-22 17:28:47

Ккс ставкаси барибир юксак. Узбекистонда бизнес яхши юриши учун, махаллий ишлаб чикарувчилар ташкаридан айникса Хитойдан божсиз кириб келаётган товар билан нархда ракобатлашиши учун ККС ставкаси максимум 8% булиши керак !!! Акси такдирда бозоримизни Хитой молларига топшириб куямиз.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+