Депутат талаби билан ОТМ ягона ижтимоий тўлов 25 фоиздан 12 фоизга туширилди

22.11.2019, 15:10

Депутат талаби билан ОТМ ягона ижтимоий тўлов 25 фоиздан 12 фоизга туширилди

Амалий ва конструктив таклифлар. Парламент қуйи палатасида қонун шаклида қабул қилинган 2020 йилги Давлат бюджети муҳокамаси депутатларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлиб, уни такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклифлар билдирилди. Мақсад — уни такомиллаштириш, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг муҳим соҳаларидаги масалаларни ҳал этадиган, ҳеч қандай саволга ўрин қолдирмайдиган нормалар билан бойитиб, пишитишдир.

Айтиш жоизки, илгарилари давлат бюджетини парламентда тасдиқлаш кўпроқ расмий характерга эга бўлган бўлса, бу сафар муҳокамалар том маънода амалий руҳда кечди. Буни депутатлар томонидан кўтарилган саволлар ҳамда билдирилган таклифларнинг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуннинг иккинчи ўқишга киритилган матнида акс этгани билан изоҳлаш мумкин.

Хусусан, Қонунчилик палатаси депутати Абдурашид Абдуқодиров қонун лойиҳасининг биринчи ўқишдаги муҳокамалари чоғида янги жорий этилган Солиқ концепциясида бюджет ташкилотларига ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиз, хусусий сектор учун 12 фоиз этиб белгиланганини таъкидлар экан, олий таълим муассасалари ҳам солиқ тўловчи сифатида ягона ижтимоий тўлов ставкасининг 25 фоизида тўлаб келаётганини айтганди.

Депутатнинг сўзларига кўра, олий таълим муассасаларининг қарийб 70 фоиз, баъзиларининг эса, 95 фоиз харажатлари контракт тўловлари маблағлари ҳисобидан шаклланади. Шу сабабли, мазкур маблағлар халқ тўлаган пулдан ушланиши эътиборга олинадиган бўлса, олий таълим муассасаларининг ягона ижтимоий тўлов ставкаси 12 фоизга туширилиши лозим.

Депутат томонидан кўтарилган ушбу масала Қонунчилик палатасида Молия, Олий таълим ва ўрта-махсус таълими вазирликлари ҳамда бошқа мутасадди вазирлик ходимлари иштирокида “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида атрофлича ўрганиб чиқилди. Шундан сўнг, олий таълим муассасаларида ўзини-ўзи молиялаштириш тизими жорий этилишининг натижаларига қараб, уларда ягона ижтимоий тўлов миқдорини 12 фоиз этиб белгиланадиган бўлди.

Албатта, депутатнинг таклифи инобатга олингани яхши бўлди. Аммо шу ўринда яна бир мулоҳаза туғилиши табиий. Олий таълим муассасаларида ўзини-ўзи молиялаштириш тизими жорий этилишининг натижаларига қараб, уларда ягона ижтимоий тўлов миқдорининг туширилиши давлат солиқ ғазнасига тушумларнинг камайишига олиб келмайдими? Ҳукумат ва Молия вазирлиги нега бу таклифни осонликча қабул қилди экан?

Назаримизда, танганинг икки томони бўлгани каби, бундай муҳим масалани ҳам ҳар тарафлама чуқур ўйлаб кўрмоқ фойдадан холи эмас. Бироқ ҳар не бўлганда ҳам, депутат талаби билан ўзини ўзи молиялаштириш натижаларига кўра, олий ўқув юртлари учун ягона ижтимоий тўлов миқдори 12 фоиз этиб белгиланганини парламент аъзоларининг амалий ютуқларидан бири сифатида қабул қилсак арзийди.

  • Кўрилди
    2950
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Холмурод Сориев, 2019-11-28 13:05:44

"Бироқ ҳар не бўлганда ҳам, депутат талаби билан ўзини ўзи молиялаштириш натижаларига кўра, олий ўқув юртлари учун ягона ижтимоий тўлов миқдори 12 фоиз этиб белгиланганини парламент аъзоларининг амалий ютуқларидан бири сифатида қабул қилсак арзийди". Офарин депутатимиз Абдурашид Абдуқодировга! Ушбу қонун лойиҳасининг биринчи ўқишда жами киритилган 11 та таклифдан 5 тасининг муаллифи эди бу депутат! Иккинчи ўқишдаги бу амалий таклифи маъқулланганлиги Абдурашид Абдуқодировнинг қонун ижодкорлиги борасида фаоллигини, фидойилиги, ҳақиқий халқ вакили эканлигини яна бир бор намойиш этади. Шундай бир депутатнинг яқинда бўлиб ўтадиган сайловларда партия томонидан депутатликка номзод этиб кўрсатилмаганлигини, очиғи мен тушунмадим?


Sunnatulla2019-11-24 21:20:56

Deputatni kritgan fikri yomonmas lekin ushbu loyihani OTM talabalariga qanaqa imtiyoz tomonlari bor soliq kamaytrilar ekan balki katrakt summasi sal narxi pastroqqa tushar yoki talaba stipendiyasiga imtiyoz qilinar shu tomonlarini ham etibor berishlari kk


Siddiqov Fazliddin 2019-11-23 20:53:56

Xalqga ham yengillik yaratish kerakku Xalqni neftini, gazini va boshqa tabiiy boyliklari qazib olinyabti. Biz esa ularni sotib olyabmiz. Davlat g'aznasini kamayishi haqida gapirasizlar.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+