Ҳарбий хизматга муносиб ҳақ тўланиши керак

22.11.2019, 17:51

Ҳарбий хизматга муносиб ҳақ тўланиши керак

Одамлар орасида шундай гаплар юради: бизда жуда муҳим қонунлар, зўр дастурлар қабул қилинади. Бироқ уларнинг ижросида сусткашликка йўл қўйилади. Натижада айримларнинг ўзгаришларга бўлган ишончига путур етади. Қўлини ювиб, қўлтиғига уради. Айни ҳолат унинг қўшнисига ўтмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Сайлов кампаниясига киришган сиёсий партияларнинг навбатдаги беш йилликка мўлжаллланган дастурлари билан танишганлар орасида ҳам ана шундай кайфият юзага келиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бунинг олдини олиш учун масъулиятни, жавобгарликни ҳис қилмоқ даркор. Худди шахмат ўйинида бўлгани сингари тақдим этилаётган режаларнинг кейинги босқичлардаги ҳолатини аввалдан кўра билмоқ зарур. Мен O’zLiDePнинг жорий платформасида мазкур жиҳатлар яққол намоён, деб ўйлайман.

Мисол учун, хавфсизлик ва барқарорлик - халқнинг фаровон ҳаёти кафолати эганлигига бағишланган йўналишни олайлик. Партия демократик ва ижтимоий-иқтисодий янгиланишлар, халқнинг маънавий ривожланишига фундаментал вазифа – мамлакат хавфсизлигини таъминлаш, жамиятда тинчлик, барқарорлик, миллатлараро ва фуқаролар ҳамжиҳатликни амалга оширмасдан эришиб бўлмаслиги масаласини илгари суради. Конституциявий тузум, суверенитетимизни, ҳудудий яхлитликни ҳимоялаш, мамлакатнинг мудофаа лаёқатини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг салоҳиятини ошириш ҳар доим биз учун устувор мақсаддир. Хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги партия фаолиятининг негизида “Ўзбекистон халқига тинчлик ва осойишталик керак” тамойили туради.

Биз миллий армиямизни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларни қўллаб-қувватлаймиз. Партиянинг бу йўналишдаги асосий мақсади – миллий хавфсизлик каби ўта муҳим соҳани қонунчилик йўли билан тартибга солиш, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоялаш чоралари самарадорлигини ошириш, ушбу соҳада давлат дастурларини амалга оширишдан иборат. Фикримизча, ҳарбий хизматга муносиб ҳақ тўланиши керак. Армияда хизмат қилиш ҳар бир ёш, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси учун ғурур, мардлик ва ватанпарварлик тимсоли  бўлмоғи лозим.

Биргина шу йўналишни бошқа партиялар дастурларининг тегишли бўлимлари билан солиштириб кўриш кўп нарсага ойдинлик киритади. Ишонсангиз, синаб кўринг!

Фурқат ҚАЛАНДАРОВ,

фаол тадбиркор, O’zLiDeP

Бектемир туман Кенгаши раиси

  • Кўрилди
    746
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+