Адвокатлар академиясини очиш керак

22.11.2019, 18:36

Адвокатлар академиясини очиш керак

Сайловга бир ой қолди. Роппа-роса ўттиз кундан кейин сайлов участкаларининг эшиклари очилади. Ҳар бир сайловчи ўзи танлаган номзодга эмин-эркин овоз беради. У қайси партия вакили бўлишини эса вақт кўрсатади. Шунинг учун айни пайтда сиёсий кучлар томонидан амалга оширилаётган сайловолди тарғибот тадбирлари юқори нуқтага кўтарилмоқда. Мазкур жараёнда ғоялар кураши, фикрлар тўқнашуви яққол кўзга ташланмоқда. Кейинги беш йилликка мўлжалланган лойиҳалар эса партияларнинг Сайловолди дастурларида ўз аксини топади.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси платформаси билан танишар эканмиз, мустақил адвокатура институтини ривожлантириш билан боғлиқ амалий таклифлар ва уларни амалга ошириш механизмлари эътиборни тортди.

Партия мутасаддилари бу борада суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоялашни мақсад қилибди. Модомики, тергов ва суднинг барча босқичларида жиноий, фуқаролик, маъмурий ва хўжалик ишларини кўриб чиқишда адвокатнинг ролини ошириш – долзарб вазифа саналади.

Адвокатура ва юридик хизматлар кўрсатиш институтларини ривожлантириш мақсадида партия  Адвокатлар палатасининг мустақиллигини амалда таъминлаш, унинг ҳузурида Адвокатлар академиясини ташкил этиш, адвокат мақомини олиш учун қўйилган стажировка муддати ҳақидаги талабни бекор қилиш, адлия тизимининг адвокатура соҳасига аралашувини бартараф этишни таклиф этмоқда.

Адвокатура институти мустақиллиги, адвокатларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоясини таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги шикоятларини кўриб чиқиш ва тегишли баҳо бериш масалаларида парламентнинг роли ва аҳамиятини ошириш ҳам муҳими аҳамият касб этади. Шунинг учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида адвокатура институтини мустаҳкамлаш комиссиясини ташкил этиш таклифи илгари сурилмоқда.

Нодавлат нотариат институти фаолиятини қайта тиклаш, кенг йўлга қўйиш, нотариал ҳаракатларнинг масофадан туриб, интерактив - электрон хизмат кўринишидаги фаолият соҳасини кенгайтириш, нотариусларнинг нодавлат бирлашма шаклидаги ҳамжамиятини тузиш масалаларини ҳам алоҳида қайд этиш жоиз.

Юридик хизмат кўрсатиш соҳасини янада такомиллаштириш, “Шартномавий ҳуқуқий база ва юридик хизмат тўғрисида”ги, “Текин юридик ёрдам тўғрисида”ги қонунларни ҳамда яхлит ҳуқуқий ҳимоя концепциясини ишлаб чиқиш, аҳоли онгида адвокатура ва нотариат институтларига хизмат кўрсатувчи субъектлар сифатида қарашни шакллантириш, ушбу соҳада хусусий сектор ролини ошириш – партия олдида турган устувор йўналишлардан бири экан. Назаримда “Текин юридик ёрдам тўғрисида”ги қонун кўпчиликни қизиқтириб қўйди. Агар партия жамоатчиликни шу қонун тез қабул қилинишига ишонтира олса – сайловда ютиб чиқиш имкониятлари бир-неча баробар кўпаяди.

Баҳодир САЛИМОВ

  • Кўрилди
    1449
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+