“Хўжасоат”да қишлоқ оилавий поликлиникаси йўқ. Муаммога қачон ечим топилади?

23.11.2019, 19:36

“Хўжасоат”да қишлоқ оилавий поликлиникаси йўқ. Муаммога қачон ечим топилади?

Халқ депутатлари Олтинсой туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Бахтиёр Жумаевга “Хўжасоат” қишлоғида яшовчи бир гуруҳ фуқаролардан мурожаат келиб тушди.

Мурожаатда аҳоли маҳаллада тиббиёт маскани йўқлигидан норозилигини, мутасаддилар томонидан муаммолари ижобий ҳал этилмаётганини баён этган.

“Қишлоғимиз туманнинг тоғли ҳудудига кириб, Олтинсой туман марказидан 15 км узоқликда жойлашган. Айни пайтда ҳудудимизда 15 минг аҳоли истикомат қилмоқда. Бошқа жойларда бўлгани каби бизнинг қишлоғимизда ҳам муаммолар талайгина. Энг катта муаммойимиз – ҳудудимизда қишлоқ оилавий поликлиникаси йўқ”, – дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.  

Маълум бўлишича, илгари “Хўжасоат” қишлоғида қишлоқ оилавий поликлиникаси фаолият кўрсатган. Лекин туман ҳокимлиги томонидан таъмирлаш ва реконструкция ишлари қилинмагани сабабли санитария талабларига жавоб бермайди, деб маҳаллий вакиллик органлари томонидан ёпиб қўйилган. Натижада аҳоли туман марказигача 28 км. ёки қўшни Денов тумани тиббиёт муассасасига бориш учун 35 км. масофани босиб ўтишига тўғри келяпти.

“Мана, қиш ҳам яқинлашиб қолди. Энди совуқ кунлар бошланади. Лекин ҳанузгача қишлоғимизда тиббиёт муассасаси йўқ. Туман марказигача боргунча она сутинг оғзингдан келади. Йўлларнинг расволигини айтинг... Кўпчилик йўлнинг ёмонлиги ва поликлиникага бориб навбат кутгандан туман маркази ёки қўшни туманга боришни лозим кўришмоқда”, – дейди олтинсойлик фуқаролардан яна бири.

Партия туман кенгаши вакиллари ва O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Б.Жумаев ушбу ҳолатни атрофлича ўрганди. Шундан сўнг ечими бўйича Олтинсой туман соғлиқни сақлаш бирлашмасига депутатлик сўрови юборди. Бироқ сўров юборилганига тўрт ойдан ошган бўса-да, натижадан ҳалигача дарак йўқ.

Туман соғлиқни сақлаш бирлашмаси вакиллари ушбу масалани ўз назоратига олиб, тез орада ижобий ҳал этишига ишонамиз.

O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1114
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+