“Солиқ — 2025” стратегиясини ишлаб чиқиш — давр талаби

26.11.2019, 15:03

“Солиқ — 2025” стратегиясини ишлаб чиқиш — давр талаби

Партиямиз давлат иқтисодий сиёсати самарасининг бош мезони — мамлакат рақобатбардошлиги, фуқаролар ҳаётининг сифати ҳамда оилалар фаровонлигининг изчил ва жадал юксалишида, деб ҳисоблайди.

Макроиқтисодий барқарорлик, юқори иқтисодий ўсиш суръатлари, давлат бюджети мутаносиблигини таъминлаш, маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисмини мустаҳкамлаш, бутун солиқ тизимини соддалаштириш, молия бозори барқарорлигини таъминлашга қаратилган мўътадил қатъий пул-кредит сиёсатини амалга оширишга йўналтирилган макроиқтисодий сиёсатни қўллаб-қувватлаймиз. Бунинг бирдан-бир самарали йўли — бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштиришдан иборат.

Шуни таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда амалга оширилган самарали ислоҳотлар натижасида ўтган 5 йил давомида ялпи ички маҳсулот ҳажми 1,27 фоиз ўсиши таъминланди. Аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми валюта соҳасидаги эркинлаштириш сиёсати натижасида жорий йилда 2017 йилдагига нисбатан 1,5 баробарни ташкил этиши кутилмоқда. Яъни 2017 йилда аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми 1 163 АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, 2019 йилда 1 775 АҚШ долларидан иборат бўлиши мумкин (2018 йилда ушбу кўрсаткич 1 533 АҚШ долларини ташкил этган эди). Иқтисодиётнинг реал секторига инвестицияларни жалб қилиш, тадбиркорлик соҳасини эркинлаштириш натижасида ялпи ички маҳсулот таркибида саноат улуши 2014 йилда 18,1 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йил якунига кўра, 28 фоиз бўлиши кутилаётир (2018 йилда 26,3 фоиз эди). Бундан ташқари, ялпи ички маҳсулот таркибида қурилиш 5,1 фоиздан 5,7 фоизга, қишлоқ хўжалиги 30,3 фоиздан 32,4 фоизга ўсганлигини кўришимиз мумкин. Солиқ соҳасини либераллаштириш, тадбиркорлик субъектлари солиқ юкини камайтириш борасида олиб борилган ишлар натижасида ЯИМ таркибида соф солиқ улуши 10-11 фоиз оралиғида бўлди.

Шунинг учун ҳам партиямиз янги таҳрирдаги Солиқ кодексига тегишли таклифлар киритиш ва “Солиқ — 2025” стратегиясини ишлаб чиқиш лозим, деб ҳисоблайди. Унда иқтисодиёт ва хўжалик субъектлари учун солиқ юкини янада камайтириш, солиқ ставкалари узоқ муддат ўзгармаслигини кафолатлаш ҳамда солиқ тўловчиларни бу борадаги ўзгаришлар юзасидан камида 2-3 йил олдин хабардор қилиш ҳамда тадбиркорлардан солиқ мажбуриятини тўлиқ бажаришни талаб қилиш баробарида, улар манфаатини тўла ҳимоялаш каби масалалар ўз ифодасини топади.

Дилшод РАҲМОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Банк-молия академияси

“Молия” кафедраси мудири

Теглар
Сайлов 2019
  • Кўрилди
    1357
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Баходир2019-11-26 19:13:31

Ассалому алайкум, солиқ юкини шу даражада камайтириш керакки, хамма ўзи солиқ тўлашга интилсин. Хозир буни акси тадбиркор базида зиёнга кўп холатларда 2 фоиз фойдага хам қаноат қилиб ишлайди. Солиқ сиёсатидаги энг тўгри йўл, солиқ турлари ва солиқларни кўпайтириш эмас солиқ тўловчиларни кўпайтириш йўлини танлашдир. Халқимизда бир гап бор "Кичик ноннинг катта бўлагидан, катта ноннинг кичик бўлаги катта" дейишади. Янги қабул қилинган солиқ кодексидан умидимиз катта эди лекин унинг акси бўлди, солиқ тўлаш хисоботлари соддалаштирилиш ўрнига мураккаблашиб кетди. Мени фикрим банк айланмасидан битта хисоб рақамга 10 фойиз солиқ олинсада қолган ажратма ва йиғинларга хам солиқ ходимлари ўзлари тақсимлаб ўтиришса. Бунда хамма пул айланмаларини банк орқали бўлишига рағбатлантирилиши керак шунда онлайин назорат касса машиналарию, солиқ инспекторлари хам ортиқчалик қилиб қолади.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+