Тадбиркорлик кодекси юртимиз иқтисодий барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатади

26.11.2019, 16:50

Тадбиркорлик кодекси юртимиз иқтисодий барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатади

Юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича сўнгги йилларда салмоқли ишлар амалга оширилди. Бу саъй-ҳаракатларнинг бир қисми соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш бўлса, яна бир қисми эркинлаштириш билан боғлиқ.

Таҳлилларга кўра, кўрилган ана шу чоралар натижасида 2017 йилнинг 1 январидан 2019 йилнинг 1 октябрь кунига қадар 141,9 мингта кичик бизнес субъекти ташкил қилинди. Бугунги кунда фаолият кўрсатаётган жами кичик тадбиркорлик субъектлари 323 мингдан иборат. Бу мамлакатимизда ҳар 100 нафар кишига биттадан кичик тадбиркорлик субъекти тўғри келади, деганидир.

Шу ўринда таққослаш учун бир маълумотни келтирмоқчимиз:

* 1,5 миллиардга яқин аҳолиси бор Хитойда ҳар 23 нафар фуқарога,

* 147 млн. нафар аҳолиси бор Россияда ҳар 18 нафар фуқарога,

* 512 млн. аҳоли истиқомат қилувчи Европа Иттифоқида ҳар 17 нафар фуқарога,

* 327 млн. нафар аҳолиси бор АҚШда ҳар 9 нафар фуқарога биттадан тадбиркорлик субъекти тўғри келади.

Шундан ҳам кўриниб турибдики, бу кўрсаткичлар бўйича ривожланган мамлакатлар қаторига киришимиз учун корхоналар сонини яна 5 мартага кўпайтиришимиз керак бўлади.

Шу маънода, биз тадбиркорликни янада ривожлантириш борасида янги эркин иқтисодий ҳудудларни ташкил этиш ва мавжудларининг фаолияти самарадорлигини таъминлаш, экспортни рағбатлантириш ҳамда кўмаклашиш орқали унинг номенклатураси ва географик маконини кенгайтириш,  Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилоти ва бошқа иқтисодий ташкилотларга аъзо бўлиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш тарафдоримиз.

Тан олиш лозимки, кейинги йилларда соҳадаги бюрократик тўсиқларни олиб ташлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар туфайли тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш жараёнлари кескин соддалаштирилди. Дақиқалар ичида рўйхатдан ўтиш имконияти яратилди. Бироқ корхоналар томонидан фаолиятни амалга оширишда юзага келаётган айрим муаммолар ҳалигача сақланиб қолаётганлиги тадбиркорлик субъектлари “умр кўриш” даражаси яхшиланишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бунинг сабаблари таҳлил этилганда, тадбиркорлик жараёнида ҳуқуқни қўллаш жараёнларининг мураккаблиги, бюрократик тўсиқлар ҳали ҳам мавжудлиги, айрим фаолият турларига рухсат бериш тартиб-таомиллари қийинлиги яққол кўринади.

Бизнес соҳасига оид қонунчилик хатловдан ўтказилганда бугунги кунда 14 мингдан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари айнан шу соҳани тартибга солишга қаратилганлиги аниқланди. Тадбиркорликни бошламоқчи бўлган фуқароларимизга, албатта, ушбу ҳужжатлар билан танишиб чиқиш бир томондан қийинчилик туғдирса, иккинчи томондан чалкашликларга йўл қўйилишига сабаб бўляпти.

Демак, соҳани ривожлантириш учун, аввало, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, қонун ҳужжатларини тизимлаштириш ва ягона тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳуқуқий ҳужжат яратилиши лозим.

Шунинг учун партиямиз айнан тадбиркорлар ҳаракати сифатида бизнес юритишнинг олис истиқболга мўлжалланган имкониятларини таъминлаш, соҳани тартибга солувчи юзлаб қонун ҳужжатлари мавжудлиги ҳамда давр талабидан келиб чиқиб, бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш ва либераллаштириш мақсадида Тадбиркорлик кодексини қабул қилиш таклифини ўзининг сайловолди дастурида илгари сурмоқда.

Бу кодексни давлат ва маҳаллий бошқарув органлари, тадбиркорлар билан биргаликда ва ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганган ҳолда ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Унда тадбиркорлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари, тадбиркорлик субъектларининг турлари ва шакллари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, бу фаолиятнинг асосий кафолатлари, бунга рухсат бериш мезонлари ва ваколатли органлар, соҳани давлат томонидан тартибга солиш, рўйхатдан ўтказиш тизими, тадбиркорлар устидан давлат назорати, ушбу фаолиятнинг иқтисодий ва ижтимоий қоидалари, монополияни чеклаш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, товар ва хизматлар сифати тизими, тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятдаги иштироки, уларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ва имтиёзлар, тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ҳуқуқий ва иқтисодий муносабатлар тизими ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тугатиш тартиби ва бошқалар акс эттирилиши керак бўлади.

Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти янада ривожланишига, аҳоли бандлиги ва даромадлари ошишига ҳамда давлатнинг иқтисодий барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатиши, шубҳасиз.

Бахтиёр РУҲИДДИНОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси бўлим мудири

  • Кўрилди
    691
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Нурмухаммад2019-11-30 00:31:46

Ассалом алекум УЗЛИДЕП ходимлари ман фикрм ижобий силарни олиб бораётган ишларинг жуда биз ёш тадбиркор учун кул келпяпти мен силарга оммад тилаган холда мени тадбиркорлигимни ривожлантиришга ёрдам берсаларинг имкони буса меннинг лойхам юрт бошимиз айтиб утган 5 талабусдан бири мен бу талабусдан спортни ривожлантириш колаверса хам юртларимизди соглом турмуш тарзига риоя килишига озбуса хам хиссамни кушмокчиман менга ёшлар иттифокидан имтиёзли кредит олишга ёрдам беришингизни сурайман богланиш учун 981402229 995789888


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+