“Ғалаба” МФЙда аҳолини қийнаётган муаммолар мутасаддиларни қизиқтирмайдими?

26.11.2019, 17:53

“Ғалаба” МФЙда аҳолини қийнаётган муаммолар мутасаддиларни қизиқтирмайдими?

Фарғона вилояти Қува тумани “Ғалаба” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси кўп қаватли уйларда истиқомат қилишади. Бир қарашда маҳаллада одамларнинг фаровон турмуш кечириши учун барча шароитлар бор, деб ўйлайсиз. Лекин мана неча йилдирки, ҳудуд аҳлини канализация билан боғлиқ муаммо қийнаб келмоқда.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, бу уйларнинг канализация тармоғидаги қувурлар ҳар томонлама эскирган. Муаммо шундаки, тармоқ бутунлай яроқсиз ҳолга келгач, оқова сув шунчаки ариққа чиқарилиб қўйилган. Натижада оқова сувдан таралаётган бадбўй ҳид одамларни безовта қилмоқда. Энг ёмони, атроф-муҳитга жиддий зарар етказиб, эпидемиологик вазиятни оғирлаштирмоқда. 

“Биз-ку, унинг бадбўй ҳидига кўникиб қолдик, аммо ҳид сабаб пайдо бўлаётган муаммолар оғирлик қиляпти. Масалан, маҳалламизга меҳмонлар келганида хижолат бўламиз. Булар-ку майли-я, лекин оқованинг тоза ҳавога, у орқали соғлиғимизга етказаётган зарарига чидаб бўлмайди”, – дейди  қувалик  фуқаролардан бири.

Гувоҳи бўлганингиздек, “Ғалаба” МФЙда яшаётган аҳоли турмуш шароити билан боғлиқ муаммолар талайгина. Наҳотки бу масалалар мутасаддиларни қизиқтирмайди?! Агар қизиқтирганида, биргина ўрганишимиз давомида бундай муаммога дуч келмаган бўлардик.

Ушбу ҳолатни ўрганиш мақсадида партия туман кенгаши вакиллари ҳамда халқ депутатлари туман кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари “Ғалаба” МФЙга борди. Фуқаролар билан мулоқотлар чоғида ҳақиқатан ҳам аҳоли эътирозлари тўғри эканлиги маълум бўлди.

Шундан сўнг O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари бу масала бўйича тегишли ташкилотларга сўров юборди. Бироқ орадан шунча вақт ўтса-да муаммо ечим топилмаяпти.

Туман ҳокимлиги вакиллари ушбу масалани ўз назоратига олиб, ижобий ҳал этишига ишонамиз.

 Зиёдахон РАҲМОНОВА,

O‘zLiDeP Қува туман

Кенгаши аппарат раҳбари

  • Кўрилди
    934
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+