O‘zLiDePдан депутатликка кўрсатилган номзодлар пискентлик сайловчилар билан учрашди

27.11.2019, 11:56

O‘zLiDePдан депутатликка кўрсатилган номзодлар пискентлик сайловчилар билан учрашди

Пискент тумани Мусиқа ва санъат мактабида “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” шиори остида тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Виктор Пак, Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлигига 44-Қориз сайлов округидан номзод этиб кўрсатилган Аъзам Худойқулов ҳамда туман Кенгашига кўрсатилган номзодлар, сайловчилар, жумладан биринчи марта овоз берувчи ёшлар, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўз олган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Виктор Пак ҳамда партия лидерлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, ор-номуси, эҳтиёжи ва манфаатларига қаратилганини эътироф этган ҳолда ўз олдига қўйган аниқ мақсадларини санаб ўтдилар. Шунингдек, Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти, сайловда қандай иштирок этиш, унда овоз бериш тартиби тўғрисида ҳам тушунчалар беришди.

– Тарғибот тадбирларини ўтказишдан асосий мақсад сайлов қонунчилигидаги янгиликларни кенг жамоатчиликка етказишдан иборат, – дейди Пискент тумани Кенгаши аппарат раҳбари З.Маҳмудова. – Айтиш лозим, Пискент туманида сайловларга тайёргарлик ишлари қизғин кечмоқда. Туманда 99 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилса, шулардан сайлаш ҳуқуқига эга бўлган 62 мингдан зиёд фуқаро 22 декабрь куни бўладиган сайловларда ўз конституцион ҳуқуқларидан фойдаланиб, муносиб номзодларга овоз беришади.

Дарҳақиқат, бундай тарғибот-ташвиқот тадбирлари аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлашга, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини чуқурроқ англашига, сайлов жараёнида уларнинг фаоллигини таъминлашга хизмат қилади.

Тарғибот тадбирига эл севган санъаткорларнинг куй-қўшиқлари янада файз улашди.

O‘zLiDeP Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1305
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+