Тўртинчи саноат инқилоби: Ёшлар ва инновация

27.11.2019, 12:35

Тўртинчи саноат инқилоби: Ёшлар ва инновация

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сайловолди дастурида Ўзбекистонни рақобатбардошлигини ошириш, мамлакатнинг инновацион ривожланиш йўлидан жадал ҳаракатланиши, “билимлар иқтисодиёти” ҳамда “рақамли иқтисодиёт”, “ахборот жамияти”ни шакллантириш устувор вазифалардан этиб белгиланган.

Партия дунёнинг аксарият мамлакатлари “Тўртинчи саноат инқилоби” арафасида турган бир пайтда Ўзбекистонни   урбанизация кўрсаткичи 60 фоизга етган, замонавий шаҳарлар, мегаполисларга эга, янги технологиялар ёрдамида бутун мамлакат бўйлаб турмушнинг бир хил юқори даражаси таъминлаган, эркин ва бахтли одамлар яшайдиган қудратли ва салоҳиятли давлатга айлантириш тарафдори. Шундан келиб чиққан ҳолда, партия ўз олдига турган мақсадларга эришишда “Саноатлаштириш ва янги технологиялар – иқтисодиёт рақобатбардошлигининг асоси!” деган ғояни илгари суради.

Бу борада илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятнинг қўллаб-қувватланиши, амалиётга илмий ва инновацион ютуқларнинг жорий қилинишини рағбатлантириш, давлат-хусусий шерикчилиги, бизнес жамоалар ҳамда илмий-тадқиқот ва академик марказлар, муассасалар шерикчилиги институтини қўллаб-қувватлашни зарур деб ҳисоблайди. Давлат-хусусий шерикчилик асосида ташкил қилинган замонавий лабораториялар, юқори технологиялар марказлари, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари қошидаги технопарклар, илмий-экспериментал ихтисослашган марказлар тармоғини ривожлантиришни асосий вазифа деб билади.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда  Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ҳамкорлигида “Тўртинчи саноат инқилоби: Ёшлар ва инновация” мавзусида ташкил этилган тадбирда бу ҳақда алоҳида таъкидланди.

Тадбирда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда тенг имкониятларни яратиш ва ички бозорнинг монополлашувига йўл қўймаслик, давлат-хусусий шерикчилигини такомиллаштириш, кичик инновацион компанияларни қўллаб-қувватлаш, венчур корхоналар ва жамғармалар, “бизнес-фаришталар” – молиявий ва бошқа ресурсларни инновацион лойиҳаларга сарфловчи хусусий инвесторлар фаолияти ва “стартап”лар учун қулай шарт-шароитни яратиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим мудири Ю.Юсуповнинг айтишича, партиянинг бош мақсади – илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, олий ўқув юртларида академик фан ва таълим жараёни интеграциясини чуқурлаштириш, ёш олимларни илмий-тадқиқот фаолиятига жалб қилиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси ҳамда технологиялар трансферини тижоратлаштириш, ишланмаларни патентлаш ва лицензиялашдан иборат.

“Бу ҳали ҳаммаси эмас. Шунингдек, партия ёшларнинг замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши учун зарур шарт-шароит яратилиши, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос жиҳатлари, меҳнат бозори ва иқтисодиёт эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ёшларни касбга йўналтириш масалаларининг самарали ҳал қилинишига ҳар томонлама кўмаклашишни зарур деб ҳисоблайди. Биз ёшларнинг ўз бизнесини йўлга қўйиши, стартап лойиҳаларини амалга ошириши, ёшлар тадбиркорлиги кластерларини яратишга қаратилган чораларни қўллаб-қувватлаймиз. Мамлакатнинг олий ўқув юртлари қошида ёшлар инновацион марказларини ташкил қилиш ва ривожлантиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз”, – дейди Ю.Юсупов.

Тадбирда шунингдек, “Тўртинчи саноат инқилоби: инновацион ривожланиш давр талаби”, “Ёшларнинг инновацион ғоялари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашда ижтимоий шерикчилик муносабатларининг аҳамияти”, “Ёш олимлар ва илмий изланувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда O‘zLiDeP олдида турган устувор вазифалар” мавзуларида маърузалар тингланди.

Тадбир сўнггида Илғор технологиялар маркази ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўртасида меморандум имзоланди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1578
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+