O‘zLiDeP раҳбари А.Хаитов қашқадарёлик сайловчилар билан учрашди

27.11.2019, 14:22

O‘zLiDeP раҳбари А.Хаитов қашқадарёлик сайловчилар билан учрашди

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Мироқи қўрғончасида 136-Деҳқонобод сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитовнинг сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Дастлаб номзоднинг ишончли вакили, партия Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси Шуҳрат Турсунов А.Хаитовнинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Шундан сўнг сўз олган депутатликка номзод сайловчиларга ўзининг сайловолди дастури мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб берди.   

“Сайловлар мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг бардавомлиги, юрт тараққиёти, эл фаровонлиги йулидаги стратегик вазифаларни амалга оширишда улкан аҳамият касб этади, – деди Актам Хаитов. –Кескин рақобат, янги қарашлар, замонавий сиёсий технологиялар асосида бўлиб ўтадиган бу йилги сайловлар олдимизда турган жиддий синов десам, янглишмаган бўламан. Мамлакатимиз тараққиётининг янгиланган босқичидаги янги вазифалар барчамизнинг зиммамизга улкан масъулият юклайди. Партиямизнинг сайловолди дастуридан ўрин олган бош ғоя бу одамларни уйғотиш, янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотларда фаол иштирокини  таъминлашдир”.

Учрашувда сўзга чиққанлар бугунги кунда янги қабул қилинган Сайлов Кодекси асосида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлаш, демократик сайлов тизими ва халқаро меъёрларга мос келадиган миллий сайлов қонунчилигини шакллантириш борасида кенг кўламда чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигини, давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайловларини очиқ, ошкора ва демократик андозаларга мос тарзда ташкил этиш ва ўтказишда мамлакатимизда фуқароларнинг муҳим сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганлигини алоҳида таъкидлади.   

“Эркин ва шахсий масъулият маданий фуқаролик жамияти асоси ҳисобланади, – деди Шаҳрисабз туман “Оловиддин Шамсиддин” фермер хўжалиги раҳбари Шамсиддин Жўраев. – Номзод дастуридан ўрин олган суд ҳокимиятини мустақиллигини таъминлаш, судларнинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва янада такомиллаштириш ҳақидаги фикрлар менга жуда маъқул келди. Чунки бугун суд қарорларининг ижроси таъминланмаяпти. Судлар кўп, аммо улар масалага ойдинлик киритишда адолат юзасидан ёндоша олмаяпти. Шундай қарорлар чиқариладики, суд кимнинг томонида эканлигини билолмайсиз. Фуқаролар уларнинг фаолиятидан рози эмас. Суд фаолияти очиқ ва ошкора бўлиши, судьялар фаолияти ҳақида халқ депутатлари кенгашларида ҳисобот беришларига эришиш керак. Ана шундагина қонун устуворлиги таъминланади. Шунинг учун сайловда халқчил дастурлар билан чиқаётган O’zLiDeP номзодлари учун овоз беришга аҳд қилдим”.

“Депутатликка номзод сайловолди дастуридан ўрин олган ўрта умумий таълимни давр талаблари даражасида ташкил этиш учун ўқитувчиларнинг билим ва малакасини ошириш учун ғамхўрлик қилиш,  моддий таъминотини яхшилаш борасидаги фикрлар биз ўқитувчиларни дилимиздаги гап бўлди, – дейди 8-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори ўринбосари Ш.Эшқобилова. – Бугун мактабларни ҳамма танқид қилаяпти, аммо ундаги шароит ҳақида ҳеч ким гапирмайди. Агар мактабда ўқитувчи учун барча шароит муҳайё этилиб, яхшигина маош тўланса, болаларни репетиторга боришига ҳожат қолмайди. Ишонаманки, биз овоз берган номзодлар келгусида жамиятимизнинг оғриқли нуқталаридан бўлиб турган мактаб таълимини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш учун янги-янги қонунлар ишлаб чиқилишида фаоллик кўрсатади”.

Учрашувда қўрғонча ва яқин атрофдаги қишлоқлар аҳолисини кичик грэслар қуриб электр нури билан таъминлаш, доривор гиёҳларни қадоқлаб экспортга чиқарадиган кичик корхоналар қуриш, оилавий тадбиркорликни, хусусан чорвачилик, паррандачилик, деҳқончиликни ривожлантириш учун банклар имтиёзли кредит олишда кўмаклашиш, кўрсатилаётган хизматлар тури ва сифатини янада яхшилаш, экотуризмни ривожлантириш орқали аҳоли бандлиги ва фаровонлигини ошириш борасида долзарб фикрлар билдирилди.

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод А.Хаитов деҳқонободлик сайловчилар билан ҳам учрашди. Учрашув давомида O‘zLiDeP раҳбари партия Сайловоди платформасининг мазмун - моҳияти, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, маҳаллий бюджетни шакллантириш ва назорат қилиш бўйича масъулиятни ошириш, “Ҳар бир оила тадбиркор” ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, шунингдек, сўнгги уч йилда юртимизда амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб, сайловчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод А.Хаитовнинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда.

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1558
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Dilshod2019-11-29 10:55:18

Assalomu aleykum. Savolim : Metan Zapravkalar Benzin Zapravkalarda bolayotgan muammolar bilan ham kimlardir qiziqyaptimi ? Ijobiy Yechimi bormi?


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+