Касби туманидаги сайёр қабулда аҳолининг 25 та мурожаати қабул қилиниб, 10 таси шу ернинг ўзида ижобий ечим топди

24.12.2017, 13:39

Касби туманидаги сайёр қабулда аҳолининг 25 та мурожаати қабул қилиниб, 10 таси  шу ернинг ўзида ижобий ечим топди

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини янада ошириш, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар бугун ўз самарасини бермоқда. Айниқса, мамлакатимизнинг чекка-чекка ҳудудларида ташкил этилаётган сайёр қабулларда одамларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва  бартараф этишга яқиндан ёрдам бермоқда.  

Халқ дардини эшитиш, мурожаатларини вақтида ҳал этиш барча даражадаги раҳбарлар олдида турган энг муҳим вазифа сифатида қўйилаётгани одамларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда. Бу O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши ва бир қатор мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда Касби туманида ўтказилган сайёр қабулда яна бир бор эътироф этилди.

Равот қишлоғи оқсоқоли Тожиддин Собиров Юксалиш МФЙ ҳудудидаги 2 та мактабда 600 нафарга яқин ўқувчилар ўқиётганлиги, билим масканлари иситилмаслиги, электр токи таъминоти ёмонлиги боис ўқувчилар қоронғу ва совуқ хоналарда таҳсил олаётганликлари, Равот ва Боғ қишлоқларида 400 дан ортиқ оила истиқомат қилиши, йиғин идораси ниҳоятда узоқлиги боис янги маҳалла фуқаролар йиғини ташкил этиш борасида таклиф киритди.

Учрашув иштирокчилари кўрсатилаётган тиббий хизматни замонавийлаштириш борасида, “Тез тиббий ёрдам” ва потронаж ҳамширалар хизматини бугунги кун талаблари даражасида эмаслиги ҳақида билдиришди.  Учрашувда иштирок этган туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Эркин Бозоров туманда алоқа тизими ёмонлиги, туман Телеком идорасининг айби билан “Тез ёрдам” бўлими билан боғланиш қийинчилик туғдираётганлиги билдириб, мавжуд камчиликларни тез кунда бартараф этишга сўз берди.

Агроучастка деб номланган ҳудудда 80 та оила истиқомат қилади. Маҳалла фаоли Зокир Тўраев бу оилаларнинг барчаси ўзича электр тармоғи тортиб олганликлари, симёғочлар терак материалидан бўлгани учун чириб яроқсиз бўлиб қолганлиги, бу одамлар ҳаётига хавф солаётганлиги, ҳудудга электр олиб бориш учун янги трансформатор ва замонавий симёғочлар ўрнатиш зарурлиги ҳақида айтди. Депутат Нарсулло Худойбердиев туман электр тармоқлари идорасига  сўровнома билан чиқиб, бу масала ижобий ҳал этилишига ваъда берди.

Сайёр учрашувда йўлларни таъмирлаш, хотин-қизларни бепул тиббий кўрикдан ўтказишга амалий ёрдам бериш, улар республикамизнинг тарихий жойларига саёҳатлар уюштиришларига ҳомийлик қилиш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, тўй-маракаларни ихчамлаштириш, болалар боғчаси қуриш борасида ишларни янада жадаллаштириш борасида таклифлар билдирилди.

Сайёр қабулда аҳолининг 25 та мурожаати қабул қилиниб, 10 тасига  шу ернинг ўзида ижобий ечим топилди.  Қолган муаммоли масалаларни ўрганиш ва ижобий ҳал этиш юзасидан халқ депутатлари туман кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари ва кенгаш фаоллари зиммасига юклатилди.  

             O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook ҳамда Instagram'даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1569
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+