O‘zLiDeP раҳбари Актам Хаитов самарқандлик сайловчилар билан учрашди

29.11.2019, 11:07

O‘zLiDeP раҳбари Актам Хаитов самарқандлик сайловчилар билан учрашди

Самарқанд вилояти Ургут туманида  Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаркати Ўзбекистон – Либерал-демократик партияси томонидан “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз” шиори остида тарғибот тадбири ўтказилди.

Тадбир давомида Ургут тумани ҳудудидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга O‘zLiDePдан кўрсатилган номзодлар сайловчилар билан учрашди.

Тадбирда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов иштирок этиб, 70-Ургут ва 71-Қоратепа сайлов округларидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кўрсатилаётган номзодлар Ғайрат Абдиев ва Наврўз Ризаевларнинг дастури ҳақида йиғилганларга тушунчалар берди.

“Ўтаётган ҳар бир кун бизни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга тоборо яқинлаштирмоқда. Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги – миллий юксалиш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини ҳар томонлама юқори босқичга кўтариш учун дадил қадам қўймоқда. Барча соҳаларни модернизациялаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлигини таъминлаш асосида Ўзбекистоннинг янги, демократик қиёфаси яратилмоқда. Бугунги кун депутати жамиятдаги муаммоларини ҳал этишда, фаровон ҳаёт қуришда хокимият ва халқ ўртасидаги хақиқий кўприк вазифасини ўташи керак. Шу нуқтаи назардан, O‘zLiDeP номзодлари сайланса ана шу эзгу мақсадларни амалга оширадиган ҳақиқий халқ ноиблари бўлишига ишонаман. – дейди O‘zLiDeP раҳбари А.Хаитов.

Тадбирда сўз олган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва вилоят, туман Кенгашлари депутатлигига номзодлар бўлажак сайловлар бутунлай янгича муҳитда ўтишини айтиб, сайловолди дастурида белгиланган вазифалар, уларни қандай амалга ошириш ҳақида атрофлича маълумот беришди.

Тадбир доирасида O‘zLiDeP раҳбари А.Хаитов бошчилигидаги партия фаоллари  Ургут ЭИЗдаги  250 нафар ишчиларни бирлаштирган  “YEC-gilam”МЧЖ  ва  300 ишчи ўринга эга “Аgro DRIED  FRUITS” МЧЖ қошидаги пайпоқ ишлаб чиқариш цехида бўлди.

Куннинг иккинчи ярмида “Agromir-Samarkand” қўшма корхонасида 68-Самарқанд сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Абдулла Асланов сайловчилари билан учрашди. Тадбирда А.Хаитов сўзга чиқиб, O‘zLiDePдан кўрсатилаётган барча номзодларга катта ишонч билдириши ва келгусида халқ учун хизмат қилишини алоҳида эътироф этди.

- Партия Сиёсий Кенгаши раиси номзодларни қўллаб-қувватлаб, сайловчилар билан учрашувларида иштирок этиши бизга қанот бағишлайди, деди тадбирда халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши депутатлигига номзод Акбар Маҳмудов. - Ўйлайманки, бундай тарғибот тадбирларидан сўнг партиямиз номзодлари кўпчилик овозни олиб, сайловларда катта фарқ билан ғалаба қозонади.

Тадбир сўнггида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга партия вакиллари томонидан батафсил жавоб қайтарилди.

Бахтигул Қаршиева

O‘zLiDeP Самарқанд

вилоят Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    299
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+