Пастдарғомлик тадбиркор ноласи: электр энергиясидаги узилишлар сабабли маҳсулотни ҳамкорларга етказиб беролмаяпмиз

02.12.2019, 16:40

Пастдарғомлик тадбиркор ноласи: электр энергиясидаги узилишлар сабабли маҳсулотни ҳамкорларга етказиб беролмаяпмиз

Пастдарғом туманидаги “Камалак текстил инвест” МЧЖда кластер усулида етиштирилган пахта маҳсулотларидан ип калава ишлаб чиқарилади. “Асакабанк”нинг 10 млн 295 минг долларлик кредити эвазига тўлиқ ишга тушган корхонада айни пайтда 300га яқин ишчи-ходим меҳнат қиляпти.    

Мазкур жамият раҳбари Бобур Сулаймоновнинг айтишича, бугунги кунда йиллик қуввати 6000 тонна ип калава ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхонада 3 сменада иш ташкил этилган. Корхонада ходимларнинг самарали меҳнат қилишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Лекин айрим муаммолар ҳам борки, улар ишлаб чиқариш кўламига салбий таъсир қилмоқда. 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзод М.Чўлиева сайловчилар билан учрашди.

Учрашув давомида корхона директори Бобур Сулаймонов ютуқлари билан ўртоқлашар экан, муаммоларини ҳам ўртага ташлади.

“Электр энергиясидаги сабабсиз узилишлар ишлаб чиқаришга жиддий зарар етказмоқда. Кун давомидаги 6-7 соат электр энергиясининг узилиши сабабли экспортга йўналтирилган маҳсулотларимизни ҳамкорларга етказиб беролмаяпмиз. Бу ҳамкорлар томонидан ҳам жиддий эътирозларга сабаб бўлмоқда. Натижада олинган кредит суммаларини қайтаришда ҳам муаммолар юзага келяпти”, – дейди Б.Сулаймонов.

Корхона мутахассисларнинг айтишича, электр энергиясининг гоҳ-ўчиб, гоҳ ёниши натижасида асбоб ускуналарни қайтадан дастурлашга тўғри келмоқда. Бу жараёнда маҳсулотларнинг бир қисми яроқсиз бўлиб қолаётир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод М.Чўлиева мурожаатни атрофлича ўрганиб, бу масала бўйича O‘zLiDeP депутатлик гуруҳига мурожаат қилди. Шундан сўнг, халқ вакили, партия депутатлик гуруҳи раҳбари Б.Ҳужаёров ушбу масала юзасидан Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси АЖга сўров юборди.

Умид қиламизки, мутасаддилар бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, тез орада тадбиркорни қийнаётган муаммони ҳал этади.

Бахтигул  ҚАРШИЕВА,

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят

Кенгаши матбуот котиби

Теглар
Сайлов 2019
  • Кўрилди
    165
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+