Аҳоли “Бостонбува – Қўқон” йўналишига автобус қўйилишини сўрамоқда. Муаммо қачон бартараф этилади?

03.12.2019, 17:40

Аҳоли “Бостонбува – Қўқон” йўналишига автобус қўйилишини сўрамоқда. Муаммо қачон бартараф этилади?

Кейинги йилларда мамлакатимизда автомобиль транспорти соҳасида аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга қаратилган қатор чора-тадбирлар кўрилди. Шу билан бирга аҳолига кўрсатилаётган автотранспорт хизматлари сифатини яхшилаш мақсадида йўловчилар ташийдиган автомобиль транспортининг янги йўналишлари очилмоқда.

Масалан, биргина сўнгги уч йилнинг ўзида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган кўплаб автобус ва енгил автомобиллар фойдаланишга топширилди. Янги автовокзаллар ва автостанциялар барпо этилди, эскилари реконструкция қилинди.  

Президентимизнинг 2017 йил 10 январдаги “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Аммо бу борада амалга оширилаётган тизимли ишларга қарамай, бугунги давр қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишни тақазо этмоқда.

Гап шундаки, Фарғона вилояти Бувайда тумани “Бостонбува” қишлоғида яшовчи фуқаролар вилоятнинг Қўқон шаҳрига боришда бир қатор қийинчиликларга учрамоқда. Чунки қишлоқ аҳли  шаҳарга бориши учун у машинадан бу машинага ўтиб, сарсон бўляпти.

Маълум бўлишича, фуқаролар бу масалада бир неча марта тегишли идораларга мурожаат қилиб, Бостонбува – Қўқон йўналишига автобус қўйилишида кўмак сўрашган.

Партия Бувайда туман кенгаши ҳамда халқ депутатлари туман кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари ушбу ҳолатни ўрганиш учун “Бостонбува” қишлоғига борди. Аҳоли билан мулоқот қилиб, вазиятга ойдинлик киритди. Фуқаролар билан бўлган суҳбат чоғида ҳудудда ҳақиқатдан ҳам автобусга эҳтиёж бор экани маълум бўлди.

Шундан сўнг бу масала юзасидан O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Д.Қаландарова жорий йил 5 март куни Дарё ва транспорт агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси раҳбарига сўров юборди. Лекин мутасаддилар жавоб хатида “мурожаатни ўрганяпмиз, тез орада бартараф этамиз” дейишдан нарига ўтмади. Аммо ваъдалар ваъдалигича қолиб кетмоқда, фуқаролар эса қийинчиликдан азият чекмоқда.  

Фикримизча, Бостонбува – Қўқон йўналишига фақат автобус қўйиш билан иш битмайди. Сабаби бу ерда автомобиль қатнов йўллари билан боғлиқ муаммоларни ҳам ҳал қилиш, хусусан, йўлларни таъмирлаш керак.

Умид қиламизки, “Бостонбува” қишлоғи аҳолисини ташвишга солаётган бу муаммо тез орада мутасаддилар томонидан ижобий ҳал қилинади.

Д.ҚОСИМОВА,

O‘zLiDeP Бувайда туман

Кенгаши аппарат раҳбари

  • Кўрилди
    851
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+