Чилонзорлик тадбиркор ер ололмай ҳалак. Унга ечим борми?

03.12.2019, 17:43

Чилонзорлик тадбиркор ер ололмай ҳалак.  Унга ечим борми?

Сўнгги уч йилда мамлакатимизда миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш, халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатининг кўп асрлик анъаналарини сақлаб қолиш, ҳунармандчилик билан шуғулланувчи шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Аммо шунга қарамай, ҳамон жойларда янгича сиёсат мазмунини тушунмай келаётган мансабдор шахслар учраб турибди.

Гап шундаки, яқинда Чилонзор туманида яшовчи тадбиркор Феруза Якубовадан OʻzLiDeP туман Кенгашига мурожаат келиб тушди.

“2015 йилдан буён ҳунармандчиликнинг гул босилган газламалар ва чокли буюмлар йуналиши билан шуғулланиб келаман. Эндиликда тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириб, ишсиз хотин-қизларни бандлигини таъминламоқчи эдим. Лекин мана бир йилдирки, лойиҳамиз амалга ошмаяпти. Сабаби бўш ер майдони йўқ. Тўғри, жорий йил 26 июль куни Олмазор тумани “Заркайнар” кўчаси 18, 8-уй “Гайрат” масжиди манзилидаги бинони очиқ “Е-ижро аукцион” орқали ютиб олдик. Аммо ушбу бино “Хазрати имом” МФЙ чойхонаси тасарруфида турган экан. Шу боис аукцион ижроси таъминланмади”, – дейилади ушбу мурожаатда.

O‘zLiDeP Чилонзор туман Кенгаши ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгаш депутатлари ушбу мурожаатни жойига чиқиб ўрганди, тадбиркор билан суҳбатлашди.

Тадбиркорнинг айтишича, у бу истиқболли лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш учун жорий йил 7 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазир кабулхонасига мурожаат қилган. Лекин негадир тадбиркор муаммоси ҳалигача ҳал бўлмаяпти.  

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, 2017 йил 17 ноябрь куни Президентимизнинг ҳунармандчиликни ривожлантириш йўлидаги мавжуд муаммо ва тўсиқларни тизимли бартараф этиш мақсадида “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган. Мазкур фармон билан ҳунармандларга ер майдонлари ва бинолар ажратиш, имтиёзли кредитлар бериш, ҳунармандчилик маҳсулотларини сотиш ва экспорт қилиш ва “Уста-шогирд” мактаблари фаолиятини такомиллаштириш ишлари белгиланган.

Хўш, ушбу фармонда ҳунармандларга ўз фаолиятини амалга ошириш учун имтиёзли тартибда жой ажратиш масаласи аниқ ва равшан белгилаб қўйилган экан, нега унда мутасаддилар масалага панжа ортидан қараяпти? Ёки улар бугунги ислоҳотлардан бехабарми? Президент фармонларини, бугунги янгиликларни ўқимайдими? 

Умид қиламизки, бу муаммолар тез орада бартараф этилади. Бу борада тегишли идоралардан жавоб кутиб қоламиз.

 O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши

 матбуот хизмати

  • Кўрилди
    324
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+