Ваъда ваъдалигича қолиб кетмоқда. Мутасаддилар ваъдасини унутдими?

05.12.2019, 09:57

Ваъда ваъдалигича қолиб кетмоқда. Мутасаддилар  ваъдасини унутдими?

Халқ депутатлари Хоразм вилоят кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Ж.Қурбоновга Боғот тумани “Маънавият”  МФЙда яшовчи бир гуруҳ фуқаролардан мурожаат келиб тушди.

Маълум бўлишича, Миришкор қишлоғидаги 47-сонли умумий ўрта таълим мактаби ҳудудида ҳаракатни тартибга солувчи йўл белгилари мавжуд эмас. Бунинг натижасида ҳудудда бир неча бор автомашиналар тўқнашуви ҳамда инсон ҳаётига ҳавфли бўлган ҳолатлар юзага келган. Лекин бу муаммони ҳал этиш тегишли идораларнинг хаёлига ҳам келгани йўқ.

“Маҳалламиздаги 450 нафардан ортиқ болалар 47-сон умумий ўрта таълим мактабига шу йўлдан боради. Ота-оналар фарзандлари мактабдан қайтгунча юрагини ховучлаб ўтиради. Бўлмаса светофор ўрнатиб беришда кўмак сўраб, тегишли идораларга кўп маротаба мурожаат қилганмиз. Аммо натижа бўлмаган”, – дейди “Маънавият” МФЙда яшовчи Хасан Эшбоев.

Ушбу ҳолат бўйича халқ вакили Ж.Қурбанов жорий йил 5 август куни Боғот туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига сўров юборган эди. Шундан сўнг мутасаддилар 47-сон умумий ўрта таълим мактаби олдига пиёдалар ўтиши учун светафор ўрнатиб беришни 2019 декабрь ойига қадар бажарилишини таъкидлаган эди. Аммо йил якунига ҳам атиги бир неча ҳафта қолди, лекин натижа йўқ.

Умид қиламизки, ваъда ваъдалигича қолиб кетмайди, масъуллар муаммони бартараф этиш чораларини кўришади. Биз бу борада туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасидан жавоб кутиб қоламиз.

O‘zLiDeP Хоразм вилоят

 Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    914
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+