Минтақа тараққиётининг таянч нуқтаси

05.12.2019, 16:07

Минтақа тараққиётининг  таянч нуқтаси

Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви хорижий ОАВ ва таҳлилчилар нигоҳида

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи бора бўлиб ўтган маслаҳат учрашуви минтақада ва хорижда катта қизиқишга сабаб бўлмоқда. Кўплаб оммавий ахборот воситалари, таниқли экспертларнинг ушбу масалага мурожаат қилаётгани айнан шундан далолат беради. Шу ўринда бундай қизиқишнинг сабаблари нимадалиги ва таҳлилчилар томонидан учрашувнинг қайси жиҳатларига алоҳида урғу берилаётгани эътиборимизни тортиши табиий.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бугун минтақада амалга оширилаётган бу каби муҳим жараёнлар, ушбу ташаббуслар атрофида шаклланаётган турлича муносабатлардан бохабар бўлиш партия фаолларига ҳам ушбу жараёнларни тўғри англаш, таҳлил қилиш ва воқеликка нисбатан ҳар хил ёндашувлар моҳиятини тушуниш имконини беради. Ваҳоланки, бугун аҳоли ўртасида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларида бу мавзуга оид асосланган маълумотлар кутилган натижа бериши мумкин. 

Таҳлилий марказлар томонидан кузатилаётган бундай қизиқишларга сабаб, даставвал Марказий Осиё минтақасининг бугунги дунё сиёсати ва геоиқтисодиётида тутаётган ўрни, жаҳондаги етакчи давлатлар томонидан бу улкан ҳудудга бўлган жиддий қизиқиш билан боғлиқ. Марказий Осиё бугунги кунда нафақат стратегик хомашё захираларига жуда бой ўлка сифатида, балки жаҳоннинг турли қитъаларини бир бири билан мустаҳкам боғлашга қулай нуқта сифатида ҳам аҳамиятлидир. Шунинг учун ҳам бирор-бир ташқи кучнинг минтақа давлатлари билан яқинлашишга бўлган ҳаракати бўлсин ёки уларнинг ўзаро муносабатларидаги ўзгаришлар бўлсин, дарҳол таҳлилчилар эътиборини тортаётгани сир эмас.

Қолаверса, ушбу нуфузли учрашувга бу даражада катта эътибор қаратилишининг сабаби унинг формати билан бевосита боғлиқ, десак муболаға бўлмайди. Чунки Марказий Осиё давлатлари кўплаб халқаро тузилмалар таркибида фаол иштирок этаётган бўлса-да, яқин яқингача фақат ўзларигагина тегишли бўлган, учинчи бир давлатлар иштирокисиз ўтказадиган ва минтақа учун долзарб масалаларни ўзаро муҳокама қиладиган сиёсий мулоқот майдонига  эга эмас эди. Тўғри, илгари ҳам бундай ҳамкорликни йўлга қўйишга уринишлар бўлган, масалан, “Марказий Осиё иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти”, “Марказий Осиё давлатлари ташкилоти” каби қатор тузилмалар муайян муддат мавжуд бўлган эди. Лекин уларнинг бирортаси минтақа давлатларини тўла қамраб ололмаган, айтиш мумкинки, етакчиларни бир даврага жамлай олмаган эди.

Шунинг учун бўлса керак, аввалбошда айрим сиёсатдонлар ушбу ташаббусга ҳам ишончсизлик билан қараганликлари маълум. “АҚШ+5”, “Япония+5”, “ЕИ+5” каби форматларни мисол келтириб, фақат шундай шаклдаги форумлардагина минтақа давлатлари вакилларини биргаликда, яъни бирор кучли давлат шафелигидагина йиғиш мумкинлиги тўғрисида жар солишарди.

Шу ўринда бир ҳақиқатни тан олиш лозим. Бундай қарашларнинг вужудга келишига сабаб мамлакатларимиз ҳамкорлиги тарихидаги маълум бир босқичда ҳақиқатдан ҳам улар ўртасида юзага келган тушунмовчилик, ҳатто айрим масалаларда ишончсизлик аломатлари эндиликда улар ўртасидаги ишонч муҳитини тиклашда анча мушкулликлар туғдиради, деган қарашни келтириб чиқарган эди.

Лекин яқинда бўлиб ўтган Тошкент учрашуви бу каби шубҳаларни тарқатиб юборди ва бу борадаги эскича дунёқарашларни ҳам кескин ўзгартирди.  Масалан, номдор таҳлилий марказлардан бири “Карнеги маркази”нинг Москвадаги бўлими эълон қилган мақолада шундай фикрлар келтирилади: “Ноябрь ойи охирида Тошкентда бор-йўғи иккинчи марта ўтказилаётган минтақа давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви ҳақиқатдан ҳам эътиборни тортадиган учрашув бўлди. Илк бор минтақанинг барча бешта давлати етакчилари Марказий Осиё муаммоларини биргаликда дўстона ва конструктив руҳда муҳокама қилишга шай бўлган ҳолда бир даврага йиғилишди. Мавжуд муаммоларни ҳал қилишда минтақавий интилишларни мувофиқлаштириш борасидаги ушбу ҳаракат илгари бу мақсадда қилинган кўплаб уринишлардан анча муваффақиятли бўлишига умид туғдиради”.

Очиғи, илгарилари нуфузли таҳлилий марказлар томонидан камдан кам ҳаракатлар бундай баҳо олган десак, муболаға бўлмайди.

Минтақавий ҳамкорлик масалалари таҳлилига бағишланган ушбу мақола кўпчиликда катта қизиқиш уйғотиши мумкин. Лекин шу ўринда мақола муаллифларининг ўтган тадбирга “ҳақиқатдан ҳам муваффақиятли бўлди” дея баҳо берар экан, яна қуйидаги фикрларни келтирганини айтиб ўтмоқчи эдик: “СССР тарқаганидан буён ҳали минтақа бунақасини кўрмаган эди”. Мақола муаллифи А.Дубнов томонидан бежиз бундай баҳо берилмаётганини бошқа бир таҳлилчи фикридан ҳам уқиб олиш мумкин.

“Иккинчи маслаҳат учрашуви минтақа мамлакатлари раҳбарларининг мавжуд муаммоларни очиқ муҳокама қилишга ва уларни ҳал қилиш борасида кучларни бирлаштиришга тайёр эканини кўрсатди”,  дейди Қозоғистондаги Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими Э.Байдаров Украинанинг “Армия, конверсия ва қуролсизланиш муаммолари Маркази” сайти учун тайёрланган мақоласида.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Маслаҳат учрашувида барча мамлакатлар етакчилари томонидан қатор ташаббуслар илгари сурилганига тўхталар экан, муаллиф ушбу учрашувга мезбонлик қилган Ўзбекистон етакчиси Ш.Мирзиёев ташаббусларига алоҳида урғу беради.

Мамлакатимиз раҳбарининг ушбу саммитда илгари сурган таклифларига кўплаб бошқа таҳлилий марказлар ва тадқиқотчилар томонидан ҳам катта эътибор қаратилганини кўриш мумкин. Хусусан, МДҲ Ижроия қўмитаси расмий сайти, Озарбойжоннинг “trend.az”, “newscentralasia.net” сайти, МДҲ интернет-портали, “Eurasia Daily” ахборот агентлиги, “Ритм Евразии” таҳлилий-ахборот сайти, Марказий Осиё минтақавий таҳлилий тармоғига тегишли “caa-network.org” материаллари бунга яққол мисол бўла олади.

Халқаро илмий-ижтимоий “Мир перемен” журналида ушбу саммитга бағишлаб эълон қилинган Москва давлат халқаро муносабатлар институти таҳлилий маркази раҳбари, сиёсий фанлар доктори А.Казанцев ва сиёсий фанлар номзоди А.Каженованинг мақоласи “Марказий Осиё интеграциясининг янги даври” деб номланган ва бу бежиз эмас, албатта. Муаллифлар тарихий экскурс ўтказиб, бу борадаги аввалги саъй-ҳаракатларни таҳлил қилиш баробарида, уларнинг муваффақиятсизликка учраш сабабларини ҳам таҳлил қилади. Минтақа давлатларининг Маслаҳат учрашуви мутлақо янгича асосларда қурилаётганини таъкидлашар экан, бундай форматнинг вужудга келиши бевосита Ш.Мирзиёев ташаббуси билан боғлиқ эканига алоҳида тўхталинади: “Кўп томонлама минтақавий ҳамкорликнинг янги даври 2016 йилда Ўзбекистонда Ш.Мирзиёевнинг раҳбарликка келиши ва у томонидан ўтказилган кенг миқёсли ислоҳотлар билан бевосита боғлиқ. Қўшни давлатлар билан яқин ҳамкорлик Тошкент олиб бораётган ташқи сиёсатнинг асосий устуворликларидан бирига айландики, натижада минтақа давлатлари билан мулоқотлар ниҳоятда фаоллашди”.

Минтақадаги бундай ижобий ўзгаришларга нима асос бўлди деган саволга  мақола муаллифлари қуйидагича жавоб беради: “Айнан Ш.Мирзиёевнинг очиқ сиёсати ва кенг кўламли ислоҳотлари минтақадаги “кучлар тақсимоти”ни ўзгартириб юборди ва интеграцион жараёнларга куч бағишлади. Шу нуқтаи назардан бўлиб ўтган саммитни Ўзбекистон янги раҳбарининг жуда катта  ютуғи дейиш мумкин. Ш.Мирзиёев даврида Ўзбекистон минтақанинг барча давлатлари билан ўзаро муносабатларни фаол ривожлантиришга бел боғлагани инобатга олинадиган бўлса, бу борада яқин келажакда ҳудудда катта ижобий ўзгаришларни башорат қилиш мумкин бўлади”.

Шу ўринда Марказий Осиёдаги инқилобий жараёнларни ҳудудга бефарқ бўлмаган ташқи кучлар қандай қабул қилиши мумкин, деган саволга жавоб ахтарар экан, муаллифлар қуйидаги фикрларни келтиради: “Ҳозирги босқичда Марказий Осиё давлатлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатишдан барча етакчи кучлар манфаатдор. Бундай шароитда минтақа давлатларининг алоҳида ёки «Марказий Осиё бешталиги» сифатида бўлсин, мустаҳкамланиб бориши ташқи кучларда хавф уйғотмайди. Аксинча, дунёда ҳеч ким Марказий Осиёда инқирозли вазият вужудга келиши(айниқса қўшни Афғонистондаги муаммоли ҳолатларнинг ўсиши жараёнида)дан манфаатдор эмас. Минтақада барқарорликка эришишга эса ундаги давлатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришсиз эришиб бўлмайди”.

Албатта, тилга олинган мақолалар, таҳлилий хулосалар ҳали Тошкент учрашувидан кейинги дастлабки кунларда чоп этилган материаллар, холос. Лекин шуларнинг ўзиёқ бугун нафақат яқин, балки узоқ хорижда ҳам ушбу саммит минтақа етакчилари ўртасида илгари кузатилмаган ўзаро ишонч ва яқинлик руҳини юзага келтиргани ва шу туфайли Марказий Осиё келажагига мутлақо янгича қарашларни шакллантиришга асос яратган учрашув сифатида баҳоланаётганини кўрсатади.

Албатта, минтақа мамлакатлари етакчилари бошлаб берган бу ижобий жараёнларни ривожлантиришга сиёсий партиялар, хусусан мамлакатда етакчи сиёсий куч бўлган O‘zLiDeP ҳам ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Бу, энг аввало, давлатимиз раҳбари томонидан ушбу саммит доирасида илгари сурилган ташаббусларни амалга оширишда партия имкониятларидан фойдаланиш, бу ишларга депутатлик корпусимизни ҳам  кенг жалб қилиш орқали амалга оширилиши мумкин. Қолаверса “партиявий дипломатия” имкониятларидан самарали фойдаланиб, амалга оширилаётган ишлар, хусусан, қўшни давлатлар етакчи сиёсий партиялари билан ўзаро алоқаларда ушбу ташаббуслар учрашувларнинг таянч нуқтасига айланиши лозим бўлади.

Бахтиёр ЯКУБОВ,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари

  • Кўрилди
    457
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+