“Газли”даги нақд пул муаммоси ҳал бўладими? Аҳоли 100 км йўлга қатнашдан чарчади

07.12.2019, 10:14

“Газли”даги нақд пул муаммоси ҳал бўладими? Аҳоли 100 км йўлга қатнашдан чарчади

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзод Зебинисо Остонова Ромитан туманидаги сайловчилар билан учрашди.

“Газли” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 14-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида ҳамда Газли магистрал газ қувурлари бошқармасида бўлиб ўтган учрашувда сайловчилар депутатликка номзоднинг дастурида белгиланган устувор вазифаларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, ҳудудда ечимини кутаётган муаммоларни ҳам ўртага ташлади

Фуқароларнинг айтишича, Ромитан туман марказидан 100 км (Бухоро шаҳридан 110км) узоқликда жойлашган “Газли” МФЙда банкоматга, тўғрироғи, нақд пулга талаб катта.

“Бундан уч-тўрт йил аввал кўпчилик пластик карточка эгалари ойлик маошини нақд пулга айлантиролмай ҳалак бўлишар эди. Чунки у пайтларда банклардан нақд пул олишнинг умуман имкони бўлмаган. Шукурки кейинги пайтларда бу муаммо деярли бартараф қилинди. Лекин бизнинг ҳудудда аҳвол ҳозир ҳам аввалгидек, бирорта банкомат йўқ. Пластик карточкани нақд пул қилиш учун 100 км йўл босиб, туман марказига боришимиз керак”, — дейди “Учқур” кўчаси, 45-уйда яшовчи Н.Хайитова.

“Чекка туманда яшаётганимиз учун цивилизациядан маҳрум бўлмаслигимиз керак-ку! Энг қиммат нарса вақт бўлаётган бир пайтда бу муаммога мутасаддилар жиддий эътибор қаратишлари керак”, – дейди яна бир газлилик фуқаро Л.Насабова.

Мурожаатни тинглаган депутатликка номзод З.Остонова бу масала бўйича O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан тегишли ташкилотларга сўров юборилишини айтиб, муаммони бартараф этиш чораларини кўришини билдирди.

Умид қиламизки, бу муаммо тез орада ўз ечимини топади ва аҳоли туман марказига юзлаб чақирим йўл босиб овора  бўлиб юрмайди.

O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    222
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+