Мактабгача таълим муассасаси бўлим мудирининг муаммо ечимини ортга суришдан муддаоси не?

07.12.2019, 10:18

Мактабгача таълим муассасаси бўлим мудирининг  муаммо ечимини ортга суришдан муддаоси не?

Олтинкўллик Зуҳрохон Саттарованинг куйинганича бор. Бугун мамлакатимизда ташаббускор, иш ўринлари яратаётган, инновацияларни ҳаётга жалб қилаётган тадбиркорлар қўллаб-қувватланаётган бир пайтда бу ишбилармон аёлнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилаётганини ким, қайси мутасадди қандай изоҳлайди? Балки бу саволга жавоб беришга Олтинкўл туман мактабгача таълим бўлими мудири М.Абдусаломова кўпроқ “ҳақлидир”...

Хуллас, бошидан бошлаймиз. O‘zLiDeP Олтинкўл туман кенгаши раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари Зуҳрохон Саттарованинг мактабгача таълим соҳасидаги тажрибаси анчагина. Туманнинг Сарой-1 маҳаллсида жойлашган собиқ Сарой қишлоқ врачлик пункти биносини “ноль” харид қийматида берилиши тўғрисидаги эълон давлат шерикчилиги асосида нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш мақсадида юрган Зуҳрохон учун айни муддао бўлди.

Унинг ташаббусини қўллаб-қувватлаган туман ҳокимининг 2018 йил 27 мартда 293-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарор асосида тадбиркор барча зарурий ҳужжатларни тайёрлади. Эзгу иш тез қулоч ёзди. “Кўзмунчоқ болажон” номидаги нодавлат мактабгача таълим муассасаси устави, муҳри, штампи, “Халқ банки”нинг туман бўлимидан очилган ҳисоб рақами, лойиҳа ишланмалари, техник шарт, техник хулосалар –  барчаси расмийлаштирилди.

Собиқ Сарой ҚВП биносининг асл ҳолатидаги суратлари олинди ва қурилиш ишлари жадаллик билан бошлаб юборилди. Туман ҳокимининг 2019 йил 9 февралдаги 130-сонли қарори билан ушбу нодавлат мактабгача таълим муассасасига қўшимча ер майдони ажратилди. Муассаса кенгайтирилди. Биргина масала қолди. У ҳам бўлса, мактабгача таълим вазирлиги билан тадбиркор ўртасидаги битимга имзо қўйилиши керак, холос. Ушбу вазифа туман мактабгача таълим бўлими томонидан ҳал этилиши жоиз. Кўпи кетиб, ози қолганига ишонган тадбиркор бироз эрта қувонган экан. Бу ишга масъул мудиранинг парвойи фалак.

Бир йилга яқин муддатда ҳам ҳал бўлмаётган муаммо юзасидан тадбиркорнинг O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси А.Абдуллаевга қилган мурожаати бўйича мутасадди ташкилотга сўров юборилди. Лекин депутатлик сўровига жавоб йўқ. “Ана-мана”дан бошқасига ўтолмаётган мутасаддининг мазкур масалани муаммо қилиб “ушлаб” туришидан муддао не?

Зилола РАҲМОНОВА,

OzLiDeP Андижон вилоят

Кенгаши матбуот котиби  

  • Кўрилди
    1129
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+