Қулай, сифатли ва профессионал тиббиёт

07.12.2019, 18:11

Қулай, сифатли ва профессионал тиббиёт

O‘zLiDeP Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш тизимида юқори самарадорликка эришган энг илғор 30 та мамлакат қаторига киришига, оналар ўлими кўрсаткичини учдан бир қисмга, чақалоқлар ва беш ёшгача бўлган болалар ўлимини икки баробар, аҳоли ўртасида юрак-қон томир, онкологик касалликлар, қандли диабет ҳамда сурункали респиратор касалликлардан ўлим ҳолатларини 30 фоиз камайтиришга эришиш ғоясини илгари сурмоқда.

Бу борада, албатта, соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, суғурта соҳасини ривожлантириш ва аҳоли соғлиғини суғурталаш тизимини жорий этиш, давлат-хусусий шериклик тамойилини ҳаётга изчил татбиқ этиш, хусусий тиббиётни ривожлантириш орқали малакали тиббий хизмат кўрсатиш бобида соғлом рақобат муҳитини яратиш ва тиббиёт туризмининг юксак халқаро мезон ва стандартларга мослигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Президентимиз Фармони билан тасдиғланган 2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида мажбурий тиббий суғуртани босқичма-босқич жорий этиш ҳам кўзда тутилган бўлиб, бу кўплаб мулоҳазаларга сабаб бўлмоқда.

Биз Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари билан ҳамкорликда ишлаб, юртимизда мажбурий тиббий суғуртани жорий этиш зарур, деган тўхтамга келдик. 2019-2020 йиллар давомида бу борада тайёргарлик босқичи олиб борилиб, тизимнинг ҳуқуқий асоси ишлаб чиқилади. Биринчи босқич 2021 йилнинг 1 январидан бошланиб, тажриба сифатида Сирдарё вилоятида амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган бўлса, иккинчи босқичда, яъни 2023 йилнинг 1 январидан республикамизнинг 6 вилояти, 2025 йил 1 январдан эса мамлакатимизнинг барча ҳудуди тўлиқ қамраб олинади.

Шу ўринда айтиш керакки, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламнинг мажбурий суғуртасини давлат ўз зиммасига олади, яъни ушбу йўналишда ҳам ижтимоий ҳимоя сақлаб қолинади. Муҳими, суғурта туфайли тиббиётда тартиб ўрнатилади, ташхис ва даволаш стандартларини махсус экспертлар назорат қилади. Муолажалар оз ҳамда керагидан ортиқча бўлишига йўл қўйилмайди. Мажбурий суғурта тизимини самарали татбиқ этиш мақсадида ахборот-коммуникация технологиялари жорий қилинади. 

Мажбурий тиббий суғурта тизимининг ишга туширилиши натижасида мулк шаклидан қатъи назар, малакали тиббиёт ходимига, замонавий тиббий ускуна ва жиҳозларга эга бўлган, арзон тиббий хизмат мажмуасини таклиф эта оладиган тиббиёт ташкилотларига талаб ортади. Бошқача айтганда, бундай ташкилотлар мажбурий тиббий суғурта маблағларига даъвогар бўладиган муассасалар ҳисобланади. Натижада малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида давлат ва хусусий тиббиёт ташкилотлари ўртасида ҳақиқий соғлом рақобат муҳити шаклланади.

Бундан ташқари, охирги йилларда соғлиқни сақлашда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган комплекс чора-тадбирлар туфайли нодавлат тиббиёт муассасалари сони ошди, улар томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар турлари кенгайди. Шу билан бирга, соҳада давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий асосини яратиш, инвестицияларни, айниқса, чет эл сармояларини жалб этишни кенгайтириш, шунингдек, аҳолининг юқори технологик тиббий хизмат ва ускуналардан фойдаланиш имкониятларини оширишда нодавлат сектор иштирокини рағбатлантиришга қаратилган қатор Фармон ва қарорлар қабул қилиниши соҳани чуқур ислоҳ этишга замин яратди. Имтиёзлар ва яратилган шарт-шароитлар натижасида лицензия олиш учун берилган аризани кўриб чиқиш муддати 30 кундан 20 кунга қисқартирилди. Бу учун тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан 5 бараваригача камайтирилди, хусусий тиббиёт муассасалари шуғулланиши мумкин бўлган тиббий ихтисослик турлари 50 тадан  126 тага кўпайди.

Пировардида

бугунги кунга келиб, 5308 та хусусий клиника самарали фаолият олиб бормоқда.

Биргина жорий йилнинг ўзида бундай муассасалар сони 664 тага кўпайди.

Уларда 1000 дан ортиқ иш ўринлари яратилди.

Шунинг учун партиямиз сайловолди дастурида хусусий тиббиётни янада ривожлантириш, улар сонини кўпайтириш ва кўрсатилаётган тиббий хизматлар турларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиб, давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида хизмат сифатининг тубдан яхшиланишини ёқлайди.

Хорижий давлатлар тажрибасида ижобий тавсифланадиган шифокорга замонавий ахборот технологиялари ёрдамида бемор билан алоқа ўрнатиш ва масофадан туриб даволаш имконини берувчи “Ақлли тиббиёт” тизимининг бизда ҳам татбиқ этила бошлангани, “электрон навбат”, “беморнинг электрон карточкаси”, “электрон рўйхатга олиш”, “электрон рецепт” тизими, “электрон дорихона”, “электрон ордер” каби хизмат ва сервислар яратилаётганлиги, телемедицина, мобил медицина (мобил хизматлар, m-Health), электрон таълимни ривожлантириш жадал олиб борилаётгани қувонарли ҳолдир. Зеро, бемор танасига ўрнатилган махсус датчик ва чиплар орқали шифокор, қаерда бўлишидан қатъи назар, мижози саломатлиги ҳақидаги муҳим маълумотлар — тана ҳарорати, қондаги қанд миқдори, артериал қон босими ҳақидаги ахборотдан хабардор бўлиб туради. Бу эса сурункали ва яширин кечувчи касалликлар профилактикасида, уларни аниқлаш, бемор саломатлиги ҳолатини мониторинг қилиш ва даво чораларини тайинлашда муҳим. Бу тизим орқали, симсиз алоқадан фойдаланган ҳолда, тиббий ёрдамни уйда олиш мумкин бўлади. Тиббий маълумотлар асосида касалликнинг олдини олиш, соғайиш жараёнларини таҳлил қилиш учун сунъий интеллект технологиялари жорий этилиши ҳам кўзда тутилган.

Шу асосда партиямиз томонидан аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматларни дунёдаги энг илғор талаблар даражасига кўтариш, касалланиш кўрсаткичларини пасайтириш ва аҳолининг узоқ умр кўришини таъминлашга йўналтирилган “Ақлли тиббиёт” концепциясини кенг жорий этиш, илғор ускуналар билан жиҳозланган, малакали кадрларга эга, юқори технология ва самарали тиббий хизматни шакллантириш, тиббиёт муассасалари илмий, услубий ва таълимга оид салоҳиятини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш тизимида инновацион диагностика восита ва усуллари жорий қилинишига кўмаклашиш, юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси ва назорати бўйича узоқ муддатли давлат стратегиясини (дастурини) ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, аҳолини арзон нархдаги сифатли дори воситалари билан таъминлаш ҳам муҳим вазифалар қаторида белгилаб олинган.

Шифокорлар ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, улар ва аҳоли ўртасидаги муносабатларнинг аниқ мезонларини ишлаб чиқиш ва буни қонун даражасига кўтариш, тиббиёт ходимларига узоқ муддатли ипотека кредитлари берилишини йўлга қўйиш орқали уларнинг жамиятдаги ижтимоий мавқеини юксалтирмоқчимиз. Бундан ташқари, давлат тиббиёт муассасалари шифокорлари ўртасида ҳар йили “Йил шифокор-олими”, “Йил шифокор-тадқиқотчиси” “Йил эркак шифокори”, “Йил аёл шифокори” “Йил ҳамшираси”, “Йил тез тиббий хизмат ҳайдовчиси” каби танловлар ташкил этамиз. Қолаверса, жамиятда соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш маданиятини шакллантириш, оилаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, болалар, айниқса, қизларда жисмоний тарбия ва спортга муҳаббат уйғотиш, “Фарзандлари соғлом юртнинг келажаги буюкдир” тамойили ҳаётга изчил татбиқ этилиши тарафдоримиз.

Нодира МАМАТОВА,

O‘zLiDePдан Олий Мажлис

Қонунчилик палатаси

депутатлигига номзод

  • Кўрилди
    331
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+