Ватан равнақига дахлдорлик туйғуси

12.12.2019, 17:18

Ватан равнақига дахлдорлик туйғуси

18-Избоскан сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига партиямиздан номзоди кўрсатилган Насибахон Норалиева педагог. Унга хос бир хислат шуки, одамлар дарду ташвишларига бефарқ қараб туролмайди, муаммоларга ечим топишга ҳаракат қилади.

Номзод ўз сайловолди дастурида биринчи галда педагогика ва тиббиёт соҳаларидаги ислоҳотларни изчиллик билан амалга оширишга алоҳида эътибор қаратяпти. Унинг фикрича, махсус сиртқи таълим, яъни 3 йиллик олий таълимни жорий этиш зарур. Масалан, Избоскан туманидаги 7 та касб-ҳунар коллежини сўнгги беш йилда жами 11 минг 454 нафар битирувчи тамомлаган бўлса, уларнинг 382 нафаригина олий ўқув юртларига кирган. Бошқача айтганда, битирувчиларнинг 4,5 фоизи олий маълумотли бўляпти, холос. Шу боис сиртқи 3 йиллик таълимни жорий қилиш билан бирга олий таълим муассасаларининг етакчи профессор-ўқитувчиларини туман мактабларига бириктириш, олий таълим тўлов контрактлари миқдорини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Чекка қишлоқларда истиқомат қилаётган иқтидорли, лекин имконияти чекланган ёшларни ўзи танлаган мутахассисликлари бўйича имтиёзли тайёрлов курсларида ўқитишни ташкил этиш, ишсизларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлов ва малака ошириш тизимини йўлга қўйиш керак. Ҳеч кимга сир эмас, туманлардаги мактаблар белгиланганидан ортиқ ўқувчиларни қабул қилади. Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида синфдаги ўқувчилар сонини 20 нафардан оширмаслик, ўқув жараёнини фақат бир сменада олиб бориш ҳам ижобий натижалар бериши шубҳасиз.

Номзод фақат педагогик соҳага оид муаммолар ечимини излаш билан чекланиб қолмаяпти. У ҳудудда агротуризм, қишлоқ туризми ва экотуризмни ривожлантириш орқали кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш орқали миллий ҳунармандчилик ва касаначиликни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратяпти. Унинг фикрича, тадбиркорлар сармоялари туристик имкониятларни  ишга солишга қаратилса, туман инфратузилмаси ҳам ўз-ўзидан ривожланади, кўпгина муаммолар барҳам топади. 

Маълумки, қўшни Қирғизистон Республикаси билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун, айниқса, Избоскан тумани ҳар жиҳатдан қулай. Туман аҳолиси томонидан етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бюрократик тўсиқларсиз қўшни давлатга тўғридан-тўғри сотиш механизмлари яратилишига ҳисса қўшиш ҳам номзод учун устувор вазифалардан бири саналади.

Насибахон Норалиева, шунингдек,  “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури амалга оширилишига кўмаклашиш, аёлларнинг бандлигини таъминлаш, хорижда вақтинча меҳнат қилаётган фуқаролар ҳимоясини кучайтириш, муҳтож оилаларга арзон уй-жойлар олишларига ёрдам бериш бўйича ҳам аниқ таклифларни илгари суряпти.

Умида ИСАЕВА,

O‘zLiDeP Андижон вилоят

Кенгаши  бўлим мудири

  • Кўрилди
    1135
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+