Ваъдалар қоғозда қолмайди

13.12.2019, 16:17

Ваъдалар қоғозда қолмайди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутатлигига номзоди кўрсатилган Улуғбек Сотиболдиев сайловчилар билан учрашди.

Мирзаобод тумани Элобод қишлоғидаги 20-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган мулоқотда партия Cирдарё вилоят ҳамда Мирзаобод туман Кенгаши ходимлари, яқин атрофдаги маҳалла ва қишлоқлар аҳолиси қатнашди.

“Партиямиз кластерлар фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратяпти, – дейди У.Сотиболдиев. –Жумладан, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш, интенсив боғлар ва токзорлар яратиш, органик қишлоқ хўжалиги, мева-сабзовот, озиқ-овқат, асаларичилик, балиқчилик, паррандачилик ва чорвачилик маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириш асосий мақсадларимиз сирасига киради. Шунингдек,  биз қишлоқларда кичик ишлаб чиқариш корхоналари тармоғини, қишлоқ хўжалиги кластерларини, кўп тармоқли фермер хўжаликларини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, уларга чуқур ишлов бериш, транспортда ташиш ва сотиш бўйича кичик ишлаб чиқариш корхоналари тармоғини ривожлантиришга оид қонунчиликни такомиллаштириш, “Кластерлар фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва бошқа амалий чораларни таклиф қиляпмиз”.

Номзод ўз ташаббуси билан ишлаб чиқилаётган лойиҳалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Масалан, “Ижтимоий иссиқхона” лойиҳаси Ховос туманининг чекка қишлоқлари аҳолисини иш билан таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда. Қуёш энергияси ҳисобига иситиладиган 10 сотихлик 1000 та иссиқхона қурилиб, 2000 иш ўрни яратилади. Иссиқхоналарга асосан қулупнай экилиб, етиштирилган ҳосил экспорт қилинади. Бунинг учун эса Россиянинг йирик савдо ташкилотлари билан дастлабки келишувларга эришилган.

Сайловчилар номидан сўзга чиққан Мустафоқул Халбаев, Нурмуҳаммад Қаршибоев, Абдулла Қобилов ва бошқалар номзоднинг ғоя ва режаларига муносабат билдирди.

              Дилором ЭСОНОВА,

                                                              O‘zLiDeP Сирдарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    1004
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+