O‘zLiDePнинг сайловлардаги иштироки ва дастлабки натижалари юзасидан брифинг ўтказилди

23.12.2019, 17:20

O‘zLiDePнинг сайловлардаги иштироки ва дастлабки натижалари юзасидан брифинг ўтказилди

Бугун, 23 декабрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг сайловлардаги иштироки ва дастлабки натижалари юзасидан брифинг бўлиб ўтди. Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ва блогерлар иштирок этди.

Брифингда сўз олган O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов сайлов натижалари ва келгусида партия олдидаги устувор вазифаларга эътибор қаратди.

Барчамиз гувоҳи бўлганимиздик, бугун Марказий сайлов комиссияси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайлов якунларининг дастлабки натижалари эълон қилинди.

Дастлабки маълумотларга кўра, O‘zLiDeP парламент қуйи палатасида сайлов якунланган 128 та сайлов округидан 43 та ўрин эгаллади. Партия сайловларнинг иккинчи босқичида ҳам муносиб қатнашиб, ҳар бир депутатлик ўрни учун курашади.

Имкониятдан фойдаланиб ўтган сайловларда бизни қўллаб-қувватлаган барча юртдошларимизга, хайрихоҳларимизга самимий миннатдорчилигимизни билдирмоқчиман. Партиямиз ғояларига, унинг номзодларига билдирилган ишончини оқлашга, ҳаётий, халқчил, энг асосийси ишлайдиган, халқимиз манфаатларига хизмат қиладиган қонунлар ишлаб чиқиш, сайловчилар ишончига амалий ишларимиз билан жавоб қайтариш фаолиятимиз дастуриламалига айланади.

Шу ўринда “Янги Ўзбекистон янги сайловлар” шиори остида ўтказилган навбатдаги сайловлар чин маънода номига муносиб бўлди, десак асло муболаға бўлмайди. Ушбу сайловлар мутлақо янгича шароитда, очиқлик, ошкоралик ва адолат тамойиллари асосида ўтказилди. Энг муҳими сайлов биз кутгандан ҳам муросасиз тарзда, партиялараро кучли рақобат муҳитида бўлиб ўтганлиги ўйлайманки халқимизга ҳам манзур бўлди.

Сайловолди тарғиботи даврида барча партиялар томонидан замонавий тарғибот усулларидан кенг фойдаланилганлиги, хусусан сайловолди митинглари ва партиялараро жонли дебатлар, қолаверса Сайлов кодекси асосида сиёсий партиялар учун яратилган имкониятлардан самарали фойдаланишга эътибор қаратилганлиги сайловларнинг ана шундай қизғин, муросасиз курашлар остида ўтишига замин яратди.

Эътиборга молик жиҳати сайловлар даврида аҳолининг мамлакатимизда  амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси кучайиб бораётгани яққол кузатилганини қайд этиш жоиз. Яъни жойларда ўтган учрашувлар фуқароларнинг сайловларга жуда юқори қизиқиш билдирганларини, кўпгина ҳудудларда сайловлар очиқлик, шаффофлик, ҳаққонийлик тамойиллари асосида байрамона кайфиятда ўтгани таҳсинга сазовор.

Бу мамлакатимизда кейинги 3 йилда олиб борилган янгича демократик ислоҳотлар самарасида инсонлар ўзи, оиласи, маҳалласи, тумани, шаҳари қолаверса, бутун юртимизнинг келажаги, яратилажак тарихи учун кузатувчи эмас, фаол иштирокчи сифатида сайловда иштирок этганини билдиради.

Албатта сайловлар халқ хоҳиш иродасининг намунасидир. Бу орқали аҳоли ўзи муносиб деб билган партия номзодларига ишонч билдиради. Халқ ишончи эса жуда катта масъулият деганидир. Сайловлар буни яққол кўрсатди. Биз бугун зиммамизда улкан масъулият борлигини теран ҳис этаяпмиз. Унга муносиб бўлиш, ишончини оқлаш осон иш эмас. Шундай экан олдимизда турган вазифаларни, хусусан Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни оғишмай бажаришга қаттиқ бел боғлаганмиз. 

Қолаверса, кўпчилик юртдошларимиз томонидан маъқулланган партия сайловолди дастурини амалга оширишга қаратилган пухта “Йўл харита”сини ишлаб чиқишга киришиши лозим. Бу ишни партия бугундан бошлаши керак.

Хабарингиз бор ушбу партиявий ҳужжатда кенг кўламли вазифалар акс этган. Биргина давлат бошқаруви соҳасида кўплаб янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уни амалиётга изчил тақдим этиш назарда тутилган. Хусусан, истиқболда изчиллик билан «сайловларнинг пропорционал тизимига» ўтиш, «Электрон парламент» ва «Электрон Халқ кенгаши депутатлари» концепцияларини ривожлантириш, бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтириш, “Электрон ҳукумат” концепциясини изчил амалга ошириш шулар жумласидандир.

Партия учун муҳим бўлган иқтисодиётни ривожлантириш соҳасида тадбиркорликка оид барча қонун ва қонуности хужжатларини тўлиқ инвентаризация қилиш орқали “Тадбиркорлик кодекси” лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда инвестиция лойиҳалари ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлашнинг соддалаштирилган тизимини жорий этган ҳолда ягона “Инвестиция кодекси” лойиҳасини ишлаб чиқиш каби вазифалар белгиланган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги кластерларини, кўп профилли фермер хўжаликлари тармоғини ривожлантириш ҳамда “Кластерлар фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

O`zLiDeP “Давлат ҳам, ислоҳотлар ҳам инсонга хизмат қилиши керак” деган ғоя асосида иқтисодиётимизни янада мустаҳкамлаш, янги иш ўринлари яратиш, қишлоқларимизда саноатни ривожлантираётган ўрта синф вакиллари манфаатини ҳимоя қилиш, Ўзбекистоннинг энг ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши жараёнларида бундан буён ҳам фаол иштирок этаверади.

Партиянинг ишончи комилки, халқ ишониб сайлаган депутатлар, лўнда қилиб айтганда Янги Ўзбекистоннинг янги парламенти вакиллари Ватан равнақи ва халқ фаровонлиги йўлида фидойилик билан хизмат қилади, энг аввало халқ дарди билан яшайди. 

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1816
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+