Келгуси беш йиллик зиммамизга янада кўпроқ масъулият юклайди

24.12.2019, 16:18

Келгуси беш йиллик зиммамизга янада  кўпроқ масъулият юклайди

Сайлов қонунчилигимизнинг демократик тамойиллар асосида янада такомиллашгани, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва маданияти юксалиб бораётгани кечаги сайловлар жараёнида яққол сезилди. Сайлов арафасида жойларда ўтказилган учрашувларда шу нарса аён бўлдики, айниқса, ёш сайловчилар ўз овози мамлакатимиз тараққиётини белгилаб беришида муҳим аҳамиятга эгалигини чуқур ҳис этяпти.  

Андижон вилоятида ташкил этилган 827 та сайлов участкаси аҳоли учун қулай ҳудудларда бўлишига алоҳида эътибор қаратилди. Алоҳида эътироф этиш жоизки, тайёргарликнинг барча босқичида хотин-қизлар юксак фаолликни намойиш этдилар. Фидойи, ташаббускор опа-сингилларимиз иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожланишнинг муҳим масалаларини ҳал қилишда астойдил иштирок этишмоқда. Бу участка сайлов комиссияларида фаолият юритган аъзоларнинг 50 фоиздан зиёди аёллардан иборат бўлганлигида ҳам кўринди.

22 декабрь партиямиз томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар депутатлигига кўрсатилган номзодлар учун ҳал қилувчи кун бўлди.

Эрта тонгдан бошланган овоз бериш жараёнларида сайловчиларнинг юқори кайфияти яққол кўзга ташланди. Сайлов округлари, сайлов участкаларида ҳозир бўлган халқаро ва маҳаллий кузатувчилар жараённинг холис ва шаффоф ўтишини кузатиб бордилар.

Избоскан туманидаги 30-Намуна сайлов округи, 561-сайлов участкаси томонидан рўйҳатга олинган 5000 та сайловчининг бири сифатида ўзим ҳам эрта тонгда юрт ободлиги, халқимиз турмуш фаровонлиги йўлида хизмат қилишга бел боғлаган номзодларимиз учун овоз бердим.

Ҳаяжонли дақиқалар гўё йилга чўзилди. Сайлов натижалари эълон қилинганда, ғалаба биз томонда эканлигидан бошимиз осмонга етди. Фахр билан айтишимиз мумкинки, Андижон вилоятидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган 14 нафар номзоддан 5 нафари партиямиз вакилидир.

Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутатлигига сайланган 28 нафар номзодимизнинг 9 нафари хотин-қизлар эканлиги яна бир ютуғимиздир. Бундай кўрсаткич хали қайд этилмаган. Биргина мисол. Ўтган 2014 йилдаги сайловларда халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлигига атиги 3 нафар аёл номзодимиз сайланган эди. Бу йилги жараёнлар эса мазкур кўрсаткични умуман ортда қолдириб, юзимизни ёруғ қилди. Бу фақат вилоят миқёсидаги ютуғимиз, олдинда халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларидаги ғалабамиз сони бор. Ишонамизки, улар бунданда кўпроқ.

Сайлов натижалари ғалаба машъаласини қўлимизга тутар экан, келгусида янада масъулият билан ишлаш, янада фидойи бўлиш вазифасини олдимизга қўйди. Бугун кечагидан, эртага бугунгидан кўра ёниб, ёндириб меҳнат қилиш фурсати етди. Депутатларимиз чинакам халқ фидойилари бўладиган инсонлар эканини шубҳасиз амалда кўрсатишади. Келгуси беш йилликда сайловчиларимиз номзодларимизга овоз бериб хато қилмаганларини кундалик ҳаётимизда кўрадилар, ҳис қиладилар. Биз бунга ишонч билан ваъда берамиз.

Тоҳиржон  ТОЛИПОВ,

O‘zLiDeP Андижон  вилоят

Кенгаши раиси

Теглар
Сайлов 2019
  • Кўрилди
    1278
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+