Олдимизда халқимизнинг ишончини оқлашдек масъулиятли ва шарафли вазифа турибди

24.12.2019, 17:31

Олдимизда халқимизнинг ишончини оқлашдек  масъулиятли ва шарафли вазифа турибди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлигига ўтказилган сайлов жараёни бу йил ўтган йилларга нисбатан очиқ ва ошкоралик тамойили асосида ташкил этилди. Бунда янги қабул қилинган Сайлов кодекси ва унда белгиланган адолатли қоидаларга амал қилинди. Сайлов участкаларида партиямизнинг 1570 нафар кузатувчи ва ваколатли вакили сайлов жараёнини кузатиб боришди.

Албатта, бу жараёнда O‘zLiDePдан қўйилган номзодларни қўллаб-қувватлаган ҳамюртларимизга, сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда сайловолди дастуримиз ва тарғибот-ташвиқот тадбирларимизни кенг омма эътиборига ҳавола этишда яқиндан кўмак берган барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Айтиш керакки, сайлов кампанияси даврида O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши вакиллари ҳам бор куч-ғайратини сафарбар этди. Айниқса, партия “Ёшлар қаноти” аъзоларининг фаоллиги билан кўплаб ёшларимизни дастуримиз билан таништиришга, одамларга асосий мақсадимизни оддий, халқчил тилда етказишга ҳаракат қилдик. Аҳамиятлиси, сайловолди тарғибот тадбирларини маърузабозликдан холи равишда бу йил мутлақо ўзгача форматда ташкил этдик. Турли акциялар, савол-жавоблар ва таниқли санъаткорларнинг чиқишлари ўрин олган тарғибот тадбирларимиз кўпчиликка манзур бўлди.

Энг муҳими, одамлар партиямизнинг асосий мақсади, амалий ишларидан бохабар бўлишди, бизни яқинроқ танишди. Сайловолди ташвиқотларимизда ҳам халққа яқинроқ бўлишга, номзодларимизнинг сайловолди дастурларини таништириш билан бирга аҳолининг мурожаатлари, дастуримиз борасидаги ўринли мулоҳаза ва таклифларини ҳам тингладик. Ўз навбатида, ушбу таклифларни инобатга олган ҳолда камчиликларимизни тўғирлаш учун режалар белгилаб олдик.

Аслида чинакам фаолият энди бошланади. Яъни бундан кейинги беш йил давомида сайланган депутатларимиз билан бирга партиямиз вакиллари халқнинг ичига кириб боришга, дастуримизда белгиланган вазифаларни амалда бажаришга астойдил бел боғлаймиз. Зеро, олдимизда бизга ишонч билдирган халқимизнинг ишончини оқлашдек масъулиятли ва шарафли вазифа турибди.

 Алишер РЎЗИЕВ,

        O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят

 Кенгаши раиси  

Теглар
Сайлов 2019
  • Кўрилди
    1413
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+