Депутатларимизнинг юртимиз тараққиёти ва ривожи йўлида бор куч ва имкониятларини сафарбар этишига ишонаман

24.12.2019, 17:49

Депутатларимизнинг юртимиз тараққиёти ва ривожи йўлида бор куч ва имкониятларини сафарбар этишига ишонаман

22 декабрь куни  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловлар бўлиб ўтди. Ҳар бир фуқаро конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб, сайловда ўзи ишонган ва қўллаб-қувватлаган номзодга овоз берди.

Бу муҳим сиёсий жараёнда ёшлар, айниқса, илк маротаба қатнашаётган фарзандларимиз катта ҳаяжон ва чуқур масъулият билан иштирок этди. Бу уларда Ватан равнақи, элу-юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси ортиб бораётганидан далолатдир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимизнинг эртанги порлоқ келажаги ҳамда тараққиётида муҳим ўрин тутувчи сайловлар Фарғона вилоятида ҳам очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик асосида ўтказилди. Ўзим ҳам эрта тонгданоқ Тошлоқ туманидаги 906-сонли  сайлов участкасига бориб, юрт тараққиёти учун хизмат қилишга бел боғлаган номзодларга овоз бердим. Сайлов участкасида сайловчилар учун зарур имкониятлар яратилгани,  фуқароларнинг яширин овоз бериши учун кабиналар тайёрлангани, сайлов бюллетенлари бериш учун жой ажратилгани ва сайлов қутилари ўрнатилгани мени жуда хурсанд қилди.

Яна бир гап. Сайлов участкасида юзлаб одамларнинг навбат билан овоз беришини кўриб, фуқароларимизнинг юрт келажагига дахлдорлик ҳисси ошиб бораётганига амин бўлдим. Энг аҳамиятлиси, улар ўз хоҳиш-истаклари билан келишмоқда. Бу аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошгани, одамларда юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси кучайганидан далолатдир. Зеро, биз сайловчилар қанча масъулиятли бўлсак, муносиб номзодларга овоз берсак, юртимиз тараққиётига шунчалик кўпроқ ҳисса қўшган бўламиз.

Дастлабки натижаларга кўра, вилоятимиздан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 6 нафар, халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутатлигига 22 нафар номзодларимизнинг депутатликка сайлангани бизнинг катта ютуғимиздир. Уларни келгуси беш йилда юртимиз тараққиёти ва ривожи йўлида бор куч ва имкониятларини сафарбар этишига ишонаман.

 Раҳматулло КАМОЛОВ,

O‘zLiDeP Фарғона вилоят

Кенгаши раиси

Теглар
Сайлов 2019
  • Кўрилди
    482
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+