Актам Хаитов: Сайлов – жиддий ва муросасиз рақобат майдони

26.12.2019, 16:07

Актам Хаитов:  Сайлов – жиддий  ва  муросасиз  рақобат майдони

Кейинги йилларда мамлакатимизда демократик сайловлар ўтказиш муҳим ижтимоий-сиёсий анъанага айланди. Буни нафақат маҳаллий, балки хорижий нуфузли экспертлар ҳам бирдек эътироф этишмоқда. Энг муҳими, одамларнинг ана шу воқеа-ҳодисанинг келажакдаги ислоҳотлар самараларига қанчалик таъсир қилишини англаб етганидир. Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, сайлов жараёнларида барчамизнинг дунёқарашимиз ва ҳуқуқий маданиятимиз, гражданлик позициямиз яна бир бор намоён бўлади.

Бу галги сайловлар том маънода кучли рақобат остида ўтгани, тарғибот-ташвиқот тадбирлари очиқ-ошкора ташкил этилгани, биринчи марта дебатлар дебатга ўхшагани, депутатликка номзодлар илк бор янги-янги ва қарама-қарши ғояларни, теша тегмаган таклифларни илгари сургани билан эсда қоладиган бўлди.

Кенг жамоатчиликнинг диққатини тортган айни жараёнга оид хулосалар сайловларнинг дастлабки натижалари расман эълон қилиниши билан чуқур таҳлилларга айланиши, эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар омиллари мушоҳада чиғириғидан ўтказилиши ҳам табиий ҳол, албатта.

Шуларни инобатга олган ҳолда, "XXI asr" мухбири Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам ХАИТОВга бир неча савол билан мурожаат этди.

– Актам Аҳмадович, жорий сайловларнинг “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтиши моҳият эътибори билан жамиятимизда кечаётган ўзгаришлар, янгиланиш­ларга жуда ҳамоҳанг бўлди, шундай эмасми?

– Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги – миллий юксалиш босқичига дадил қадам қўйди. Бошқача айтганда,  мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг ҳаёт даражаси ҳар томонлама юксалиш палласига кирди. Барча соҳаларда модернизациялаш жараёнлари қизғин тус оляпти, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлигини таъминлаш асосида Ўзбекистоннинг янги, демократик имижи яратилмоқда. Давлатимиз, эл-юртимизнинг салоҳияти ва куч-қудратига таяниб, табиий бойликларимиздан оқилона фойдаланиб, ўз олдимизга қўйган эзгу мақсадлар сари изчил қадам ташламоқдамиз. Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, биз бугун қандай ислоҳотларни, қандай ўзгаришлар, қандай янги лойиҳаларни амалга ошираётган бўлмайлик, уларнинг барча-барчаси ягона, улуғ бир мақсадга қаратилган. У ҳам бўлса, олижаноб, бағрикенг халқимизни рози қилиш, ҳаётнинг барча синовларини матонат билан енгиб ўтаётган ватандошларимизнинг ишончини оқлаш, оғирини енгил қилишдан иборатдир.

Саволингизга келадиган бўлсак, янги Ўзбекистоннинг янги сайловлари барчамиз кўриб, бевосита гувоҳи бўлганимиздек, номига муносиб тарзда ўтди, де­йишга бугун асосларимиз етарли.

Биринчидан, сайловлар илк бор Сайлов кодекси асосида ташкил қилинди. Шунинг ўзиёқ сайловларнинг мутлақо янгича йўсиндалигини яққол кўрсатиб турибди. Мамнуният билан қайд этиш керакки, кодекснинг долзарб жиҳати – унинг халқчиллигида. Унинг яратилишида нафақат сайлов бўйича тўпланган тажриба, балки халқимизнинг асрлар синовидан ўтган миллий анъана ва қадриятлари ҳам инобатга олинган. Кодексни варақлаган одам ундан сайлов билан боғлиқ барча саволларига жавоб топа олади. Энг муҳими, ошкоралик, шаффофлик, ҳаққонийлик, холислик каби демократик принциплар сайлов кодексидан мустаҳкам ўрин олган. Ўзбекистон Экологик ҳаракати учун квоталарнинг бекор қилиниши ҳам парламентдаги ўринлар учун курашда жиддий рақобат муҳитини янада кучайтиргани шубҳасиз. Депутатликка номзод кўрсатиш фақат сиёсий партиялар томонидан амалга оширилди. Авваллари бундай имконият фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ташаббускор гуруҳларда ҳам бор эди. Бундай тартиб сиёсий партияларнинг нуфузини ошириш, улар ўртасидаги соғлом рақобатни кучайтириш нуқтаи назаридан мақсадга мувофиқдир.

Иккинчидан, Ўзбекистон тарихида биринчи марта сиёсий партиялар очиқ митинглар ўтказди. Бутунлай янгича форматдаги ана шундай оммавий тарғибот акциялари O‘zLiDeP томонидан ҳам кўтаринки кайфиятда уюштирилди. Таниқли олимлар, спортчилар, санъаткорлар иштирок этган, номзодларимизни қўллаб-қувватлашга бағишланган мулоқотлар “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” шиори остида дастлаб пойтахтимизда, сўнгра республикамизнинг барча ҳудудларида юксак савияда ташкил этилди.

Учинчидан, мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида, хусусан, электрон нашрлар, ижтимоий тармоқларда сайловлар ҳақидаги фикрлар очиқ-ошкора, дадил айтилаётгани ҳам биринчи марта, десам ҳеч ким инкор этмаса керак. Яъни, бу ҳолат жамоатчилик назоратининг ўзига хос шакли, сайловларимизнинг ҳалол ва адолатли ўтишини таъминлаган асосий омиллардандир. Қаердаки жамоатчилик назорати кучли бўлса, ўша ерда одамларда ишончсизлик уйғотадиган хатти-ҳаракатларнинг олди олинади. Юртимизда тобора мустаҳкам қарор топиб бораётган сўз ва матбуот эркинлиги, оммавий ахборот воситаларидаги, ижтимоий тармоқлардаги кескин жонланиш мамлакатимизнинг замонавий демократик давлат сифатида дунёга бўй кўрсатаётганининг ёрқин далилидир.

Партиямиз сайлов жараёнида журналистларимизнинг фаоллигини,  жумладан, мустақил блогерларнинг дадил чиқишларини алоҳида эътироф этади ва O‘zLiDeP бундан кейин ҳам улар билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор. Кези келганда, сайлов жараёнларини ёритишда фаол қатнашган журналистларга миннатдорлик билдираман.

Тўртинчидан, илк бор сиёсий партия­лар ўртасида очиқ, жонли, кескин ғоявий тортишувлар юз берди. Бу биз учун инқилобий ўзгариш бўлгани муболаға эмас. Зеро, авваллари телевидениеда жонли эфир вақтида  партия раҳбарларининг муросасиз баҳслари бўлмасди. Мана, ҳамманинг кўз ўнгида қизғин дебатлар ташкил этилди. Очиқ-ошкора кечган мунозараларда сиёсий партиялар томонидан илгари сурилаётган ғоя ва мақсадларнинг қайсилари ҳаётий, диққатга лойиқ экани, қайсилари қуруқ ва пучлиги яққол кўзга ташланиб қолди. Ҳақиқат баҳсда ҳамда қиёсда ойдинлашди, десам, муболаға бўлмаса керак. Хуллас, кампаниянинг мутлақо ошкора кечгани юртдошларимиз онгида қаттиқ ўрнашиб қолган, яъни ўтмишдаги сайловлардан қолган ҳар хил шубҳа-гумонларга буткул барҳам берди.

Партиямизнинг энг муҳим вазифаларидан бири оммавий ахборот воситаларини том маънодаги “тўртинчи ҳокимият”га, аҳолини қийнаётган муаммоларни мутасаддиларга етказишнинг таъсирчан воситаси, халқ хизматчисига, демократия кўзгусига айлантиришдир. Давлат органлари фаолиятига танқидий ва холис баҳо бериш, турли соҳалардаги камчиликларни, долзарб муаммоларни аниқлаш ва ёритиш ОАВ фаолиятини баҳолашда бош мезон бўлиб қолиши лозим, деб ҳисоблаймиз.

Бешинчидан, сайлов кампаниясининг сўнгги 35 кунида партиямиздан кўрсатилган ҳар бир номзодни жойига бориб қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилдик ва бунга қайсидир маънода эришдик ҳам. Бу энг самарали йўл эди. Зотан, етакчи партия сифатида елкамизда катта масъулият бор. Ғалабага эришиш осон, ғалабани сақлаб қолиш қийин, дейишади-ку! Рақиб­лар ҳам қараб тургани йўқ албатта, бор куч-имкониятлар ишга солинди. Бундай вазиятда биз ҳам ҳар бир номзодимизни индивидуал қўллаб-қувватламасак, уларни халққа танитмасак, етарли даражада муваффақиятга эришишимиз мушкул эди. Олайлик, ўзим, партия лидери сифатида республикамизнинг барча ҳудудларига бориб, номзодларга қўшимча мадад беришга интилдим, сайловчилар билан юзма-юз мулоқот қилдим. Энг чекка жойларда ҳам партиямиз ғояларини оддий, тушунарли тилда аҳолига етказиш учун ҳаракат қилдик.

 – Навбатдаги, айтиш керакки, анча муросасиз кечган сайловлар партия тизимидаги қайси йўналишларга эътиборни янада кучайтириш, қайси лойиҳаларни такомиллаштириш лозимлигини кўрсатди?

– Жуда жиддий савол бу. Боиси шундаки, сайловларнинг дастлабки босқичида парламентда бошқа партияларга нисбатан кўп ўрин (42 та) олганимиз натижалардан қониққанимизни англатмайди. 2020 йилнинг 5 январь куни такрорий овоз бериш ташкил этиладиган 25 та округдан номзодларимиз иштирок этадиган 15 тасида бизни ҳал қилувчи кураш кутиб турибди. Ана шу 15 та ўриндан аксариятини эгаллаш учун йўл қўйилган хатолардан жиддий хулоса чиқариш, нуқсонларга барҳам бериш, бўлимлар фаолиятини тубдан такомиллаштириш, инновацион сиёсий технологияларни жорий этишимиз лозим.

Модомики, олдимизда турган муҳим вазифалардан бири кадрлар масаласидир. Партиямизнинг стратегик вазифаларни ҳал эта олишга нечоғли қодирлиги сафимиздаги мутахассислар салоҳиятига бевосита боғлиқ. Айниқса, бу ҳозирги шароитда, зиммамиздаги улкан ва масъулиятли ишлар  салмоғи ортганда жуда муҳим. Сиёсий фаолият кенг дунёқараш, зарур кўникмаларни талаб қилади. Бизга партия аъзоларини ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича семинар-тренингларнинг янада самарали, янада таъсирчан тизими зарур. Нафақат партия аппарати ходимлари, балки барча фаолларимиз билимини оширишга жиддий эътибор беришимиз, улар орасидан чинакам лидерларни етиштиришнинг қисқа муддатда натижа берадиган тизимини йўлга қўйишимиз даркор. Тўғри, бу ишлар билан олдин ҳам шуғулланганмиз. Эндиликда эса бизга ҳозирги давр  ва эртанги кун талабига жавоб берадиган мукаммал тизим зарур.

Шу билан бирга партия фаолиятига замонавий АКТларни янада кенгроқ жорий этиш, аҳоли билан мулоқотларда энг илғор технологик ютуқлардан фойдаланиш лозим. Хусусан, веб-сайтимиз, партиямиз нашри бўлмиш “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси, ижтимоий тармоқлар, мобиль иловалар орқали онлайн режимда барча бўғиндаги депутатларнинг сайловчилар билан мулоқот қилиш имконини берадиган электрон тизимни амалиётга татбиқ қилиш вақти етди. Айни пайтда одамларнинг партиямиз фаолиятини кузатиб, ишимизга бемалол баҳо беришлари имконини берувчи ўзаро алоқа тизимини ишга тушириш ҳам яқин истиқболга мўлжалланган режаларимиздан бири. Шунингдек,  депутатларимиз иш самарадорлигини, ҳудудий кенгашлар фаолиятини баҳолайдиган рейтингларни мунтазам  юритиш ҳам етакчи партия сифатида мавқеимиз мустаҳкамланишига хизмат қилади.

 – Сайлов ўтганидан кейин партия­лар иши сусаяди, уларнинг бор-йўқлиги деярли сезилмай қолади, қабилидаги гап-сўзлар ҳозир ҳам қулоққа чалиняпти. Бундай қарашларга муносабатингиз қандай?

 – Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган бугунги сиёсатда халқ билан яқин мулоқотда бўлиш, одамларнинг дарду ташвиши билан яшаш, уларнинг муаммоларига ечим излаш устувор аҳамият касб этяпти. Партиямиз ҳар бир лойиҳа, ҳар бир тадбир орқали халқ орасига чуқурроқ кириб бораётгани ҳам бежиз эмас. Масалан, биргина ниҳоясига етаётган йилда партия тузилмалари ходимлари, депутатлар, фаолларимиздан иборат ишчи гуруҳлар жойларда “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” каби  дастурлар ижросини ўрганиш юзасидан электорат вакиллари ва аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказди. Ўрганишлар давомида сафдошларимиз 80 мингга яқин хонадонга кириб борди. Бунинг натижада аниқланган салкам 35 мингта муаммо туман, вилоят ва республика даражасида ҳал этиладиган таснифларга ажратилди. Уларнинг аксариятига оқилона ечим топишда партиямиз вакиллари муайян ҳисса қўшди. Эътиборлиси, ишчи гуруҳлар томонидан ҳар бир туманда 20 нафардан тадбиркор ва фермерни қийнаётган долзарб масалалар атрофлича ўрганилди. Амалий саъй-ҳаракатларимиз билан электоратимиз вакиллари йўлига тўсиқ бўлаётган муаммоларга тегишли ташкилотларнинг диққати жалб этилди. Табиийки, бу каби, одамларнинг тили учида турган, йиллар давомида ечим топилмаётган ташвишларни имкони борича ижобий ҳал этиш катта машаққат талаб қилишини билардик ва ана шундай йўл тутсаккина, кенг жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонишга умид боғладик. Шукрки, шундай хайрли ишлар туфайли ишонч орттирдик. Энди эса олдинда янада масъулиятлироқ вазифалар турибди, яъни, бизга овоз берган, ишонган юртдош­ларимиз олдида юзимиз ёруғ бўлиши  учун аниқ амалий ишларни изчил давом эттирмоғимиз керак.

– Бугун, яъни сайловларнинг дастлабки натижалар эълон қилинган вақтда O‘zLiDeP томонидан биринчи галда амалга оширадиган вазифалар нималардан иборат?

– Аввало, сайлов ҳали бутунлай тамомланмаганини эслатиб ўтиш жоиз. Шундан келиб чиқиб айтмоқчиманки, биринчи навбатда бажарилиши зарур ишларимиз сирасига такрорий овоз бериш жараёнларида ҳам муваффақият қозониш киради.

Маълумки, Асосий қонунимизда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия томонидан таклиф этилиши белгилаб қўйилган. Такрорий овоз бериш якунларига кўра партиямиз ҳозирги етакчилик мавқеини сақлаб қолса, биз эса албатта бунга эришишга ҳаракат қиламиз. Олдимизда турган энг муҳим вазифалардан яна бири Бош вазир номзоди кўрсатиладиган Сиёсий Кенгаш йиғилишига жиддий тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ бўлади.

Ундан кейинги катта вазифамиз кўпчилик юртдошларимиз томонидан ишонч билдирилган партиямиз сайловолди дас­турини амалга оширишга қаратилган пухта “Йўл харита”сини ишлаб чиқишдан иборат. Бу ишга қанча тез киришсак, шунча яхши бўлади. Кейинги беш йилга мўлжалланган дастуримизда жуда улкан вазифалар белгиланганидан яхши хабардорсиз. Биргина давлат бошқаруви соҳасида кўплаб янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уни амалиётга изчил татбиқ этиш назарда тутилган.

Хусусан, аграр соҳада ислоҳотларни амалга ошириш концепцияси доирасида ер ижараси, кооперация муносабатларини такомиллаштириш, бизнес юритиш муҳитини яхшилаш, микромолиялаштиришни кенгайтириш, давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, бозор механизмларини кенгайтириш, таълим, давлат-хусусий шерикчиликни  ривожлантириш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларга  алоҳида эътибор қаратилади. Бир сўз билан айтганда, Ҳаракатлар стратегиясининг бешта йўналишига ҳамоҳанг тарзда ишлаб чиқилган сайловолди дастуримиздаги ҳар бир йўналиш бўйича баён қилинган вазифаларни рўёбга чиқаришга қатъий бел боғлаганмиз.

  • Кўрилди
    1989
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+