Депутат халқни алдамаса...

27.12.2019, 16:52

Депутат  халқни алдамаса...

Тан олиш керак, сайловчи истаги кўп нарсани ҳал этади! Жорий сайловда бу янада яққол намоён бўлди.

Сир эмас, авваллари номзодлар асосан сайловолди тарғибот вақтидагина аҳоли билан учрашиб, уларни узуқ-юлуқ дастури билан таништиришган, амалга оширмоқчи бўлган баландпарвоз режалари ҳақида қуруқ ваъда берган. Ва халқ ҳам бошқа номзоддан қиёсий равишда ўзлари устунроқ, лаёқатли деб билган номзодга овоз берган. Халқимизнинг ишонувчан, соддалигидан фойдаланган номзод депутат бўлиб сайлангач, ўзини танлаган одамларни бир зумда унутган ҳам, ҳатто ҳолидан, турмуш тарзидан хабар олмай қўйган. Қарабсизки, вақт шамолдай ўтади, навбатдаги сайлов арафасида номзоди қайта қўйилиб қолгудек бўлса, яна ўша халқ ҳузурига бош уриб боришга мажбур, тағин заррача уялмасдан, беш йил бурунги қоғоздаги осмоний ваъдаларини санаб ғолибликка даъвогарлик қилгани сир эмас.

Ҳеч иккиланмасдан айта оламанки, энди у замонлар ортда қолди. Халқимизнинг дунёқараши тубдан ўзгарди, халқ ноиби ким бўлиши, унинг салоҳияти ўзининг ҳаёти билан тенглигини англаб етди. Яширмайлик, одамларимизнинг руҳи, содир бўлаётган жараёнларга холисона муносабатда бўлаётганидан бехабар айрим номзодлар ҳалиям эскича фикрлаб, қолипга тушиб қолгани кечаги сайловда жуда панд берганига гувоҳ бўлдик.  Бундай ҳолатларга барҳам бериш зарур. Энди ўзгача фикрлаётган, янгиланаётган Ўзбекистон тақдирига бефарқ бўлмаган халқ қалби, ғурури билан ҳазиллашиб бўлмайди.

Мен, чин юракдан кечагина бўлиб ўтган одилона, рақобатларга бой кечган синовда номзодимни ёқлаб, ишониб овоз берган сайловчиларимга таъзим қиламан!

Номзодим рўйхатга олинган округга қарашли ҳудудларда маҳаллама-маҳалла, керак бўлса уйма-уй юрганимда улар мени жуда самимий руҳда кутиб олишди. Ўзларининг жон жигаргўшаларидек кўнгилларидаги бор орзу-армонлари, қийнаётган ҳаёт ташвишларини ўртоқлашишди. Кекса отахон ва онахонларни айтмайсизми?! Ҳамма-ҳаммаси учрашув, мулоқотларда ёнма-ён, бақамти юришди.

“Бизга сиздек депутат керак!”. Уларнинг юзимга қараб, чин юракдан айтган дил сўзлари ҳамон қулоқларим остида жаранглаб турибди. Айниқса, сайловчиларимнинг менга ишонч билан термулган нигоҳларини ҳеч қачон унутмайман. Бундай ишонч туйғуси менга уларга янада яқинроқ бўлишимда куч, далда бўлди. Насиб этса, ўзимга қатъий сўз бердим:  ўтган беш йилда амалга оширолмаган режаларимни ушбу округда умргузаронлик қилаётган инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва турмуш фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган халқчил қонунларни қабул қилиш, асосийси, уларни рози қилишдек масъулиятни вазифани шараф билан уддалашга бор куч, салоҳиятим, билимимни бағишлайман!

Расул КУШЕРБАЕВ,

Олий Мажлис

Қонунчилик палатасидаги

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    1526
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+