Эртага фақат амалдаги ишлар билан ишонч қозонамиз

04.01.2020, 16:01

Эртага фақат амалдаги ишлар  билан ишонч қозонамиз

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловларнинг дастлабки натижалари эълон қилинганига кўп вақт бўлмади. Унга кўра Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 5, халқ депутатлари Андижон вилоят кенгашига 28, туман ва шаҳар кенгашларига 171 нафар партиямиздан кўрсатилган номзодлар депутатликка сайланди. Ҳозир улар зиммасидаги масъулиятли вазифани адо этишга астойдил бел боғлашган.  

Одинахон ОТАХОНОВА, 12-Шаҳрихон сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган депутат:

Кескин сиёсий кураш майдонида синовдан ўтдик. Сайловчилар ишончини қозониш осон бўлмади, албатта. Аслида бугун юртдошларимиз қуруқ ваъдаларга эмас, амалий ишларга ишонишларини сайловолди учрашувларда намоён этдилар. Муаммолар исталганча топилади. Ечим борасида чекловлар бўлмаслиги керак. Айниқса, келгуси беш йилликда шундай матонат билан ишлашимиз керакки, сайловчилар бизга овоз бериб хато қилмаганларини англасинлар. Биздан талаб қилинадиган мезонлар – ҳаққонийлик, адолатли меҳнат, халқпарварлик, фидойилик. Бунинг учун сидқидилдан халқимизга хизмат қиламиз.

Раънохон САТТАРОВА, 9-Суджат сайлов округидан халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутатлигига сайланган депутат:

–Очиғи, сайловолди ташвиқот даврида жуда катта ҳадик бор эди. Сайловчиларнинг ишончини қозониш осон бўлмади. Учрашувларда билдимки, бугун одамларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий онги юксалган, сайловларга муносабати ҳам кечагидан бошқача. Номзодларни қаттиқ саралаганлари ҳам сиёсий майдон кучидан, салоҳиятидан дарак берди. Тарғибот тадбирларида кескин мунозараларга ҳам дуч келганимиздан қувондим. Демак, сайловчиларимиз ўзлари танлаётган номзодлардан умидлари катта. Энди биз ана шу умидларга қанот беришимиз, ишончни тўла оқлаш учун қўлдан келганча меҳнат қилишимиз лозим.

Шуҳратбек БОЗОРОВ, 11-Дамариқ сайлов округидан халқ депутатлари Андижон туман кенгаши депутатлигига сайланган депутат:

–Сайлов очиқ ва ошкора ўтди. Кечаги сайловчиларнинг бугунги сайловчилар билан дунёқараш, салоҳият, билим жиҳатидан анчагина фарқи борлиги яққол сезилди. Айниқса, сайловолди тарғибот учрашувларимизда фуқароларнинг саволлари, мулоҳазаларида бу омил янада ойдинлашди. Масалан, сайловолди тадбирларнинг бирида фуқаролардан савол тушди: “Сиз депутатлик мақоми қандайлигини биласизми ўзи? Сизга ишонсак, ишончимизни қандай оқлайсиз?” Мана, бугунги сайловчининг теран фикри! Хурсанд бўлиб кетдим. Демак, улар сайловнинг нима эканлигини тушуняпти, моҳиятини англашяпти. Жавобимдан қониққанини унинг кўзларидаги мамнун ифодадан сездим: “Депутат аслида Сизнинг ҳимоячингиз! Бу олий мақом. Халқ хизматчиси бўлиш осонмас. Аҳоли олдига муаммолари ечимига шай бўлиб чиқишнинг ўзи бўлмайди. Мен депутат бўлсам, ҳам, сайланмасам ҳам Сизлар билан биргаман! Сизнинг ташвишингиз ҳам, қувончингиз ҳам меники!”

Диёрбек АБДУСАМАТОВ, 25-Тошҳовуз сайлов округидан халқ депутатлари Андижон шаҳар депутатлигига сайланган депутат:

–Зиммамизда беш йилликнинг залворли, масъулиятли вазифалари турибди. Бугун сайловчилар ўзлари танлаган депутатларни, халқ тили билан айтганда, тинч қўймайди. Кечаги қоғозда қолган ваъдалар учун ҳам кўпроқ жавобгарликни ҳис қиламиз энди. Бугун ва эртага фақат амалдаги ишлар билан ишонч қозонамиз. Бу борада ўзимиз ҳам меҳнат қиламиз, мутасаддиларни ҳам ишлашга мажбур қиламиз. Қарс икки қўлдан чиқишини депутат ва масъул ташкилот мисолида исботлаймиз.

Элёрбек АВУЛОВ, 3-Занкан сайлов округидан халқ депутатлари Асака туман кенгаши депутатлигига сайланган депутат:

–Мана, олдимизда турган машаққатли синов довонидан ўтдик. Энди қаршимизда сайловчилар билдирган юксак ишончни оқлашдек масъулиятли давр турибди. Депутат давлат ва халқ ўртасидаги кўприк экан, уни мустаҳкамлаш вазифаларни бажаришимизга боғлиқ. Демак, биз энди ҳар қачонгидан шижоатли, ғайратли бўлишимиз зарур. Муомала маданияти, ҳар йўналишда одоб, маънавий-сиёсий дунёқараш, аҳолининг ҳамма қатламига мос суҳбат қила олиш қобилияти – буларнинг барчаси бизда, албатта, бўлиши лозим.

Зилола РАҲМОНОВА,

O‘zLiDeP Андижон вилоят

Кенгаши матбуот котиби 

Теглар
Сайлов 2019
  • Кўрилди
    1540
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+