Тараққиётимизнинг янги босқичи кўнгилларни шод, шаҳарларни обод қилмоқда

25.12.2017, 19:30

Тараққиётимизнинг янги босқичи кўнгилларни шод, шаҳарларни обод қилмоқда

Охирги бир йил ичида халқимиз тафаккури, онг-у шуури, дунёқараши ва ижтимоий-сиёсий фаоллиги юксалди. Икки йил бурун сериаллар ва санъаткорларнинг кийиниши-ю, юриш туриши ҳақида гапиришдан нарига ўтмаган замондошларимиз бугун ҳаёт ҳақиқатлари кенг муҳокама этяпти. Катта-кичик масалалар юзасидан фикр билдиряпти, муаммоларни ҳал этиш бўйича таклиф-тавсияларини бермоқда. Бир сўз билан айтганда, тараққиётимизнинг янги даври халқимизга ўз фикрини эркин баён этишга ва жасоратли бўлишга ўргатди. Бу жасорат бизда ислоҳотларга бўлган дахлдорлик туйғусини кучайтирди, ижтимоий-сиёсий ҳаётга бўлган қизиқишимизни оширди. Эътибор беряпсизми, халқимиз давлатимиз раҳбарининг ҳар бир маърузаси ва ҳудудларга ташрифини иштиёқ билан кузатяпти. “Президент фалон соҳадаги камчиликларни очиқчасига айтиб ташлади”, “Мирзиёев ёшлар тарбияси бўйича халқнинг дардини гапирди”, “Президент фалон вазирни жойига ўтирғизиб қўйди” каби халқона гап-сўзларни эшитишга ўрганиб қолдик.   

Давлатимиз раҳбарининг 15-16 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифини ҳам барчамиз катта ҳаяжон билан кузатдик. Юртбошимизнинг қарақалпоқ халқинининг турмуш даражасини кўтариш, одамларнинг даромадини кўпайтириш, аграр соҳадаги ислоҳотларни минтақанинг иқлим шароитидан келиб чиқиб олиб бориш ҳақида айтган фикрлари оддий халқни-да тўлқинлантириб юборди. Ташриф якунларига доир ўнлаб тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказилди. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг навбатдаги йиғилиши Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида белгилаб берилган устувор вазифаларга бағишланди. Тадбирда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Бахтиёр Якубов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташрифидан келиб чиқувчи долзарб йўналишлар партия зиммасига катта масъулият юклашини ҳамда бу борада O‘zLiDeP ва унинг депутатлик гуруҳлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган амалий саъй-ҳаракатлар, белгилаб олиниши зарур бўлган истиқболдаги лойиҳалар хусусида тўхталиб ўтди.

Бизни синчковлик билан кузатиб бораётган ўқувчи тадбир тафсилотларидан яхши хабардор. Шу боис тафсилотларга тўхталиб ўтирмадик. Зотан, тадбир иштирокчиларининг фикр-мулоҳалари, таклиф-тавсиялари ва хулосалари биз учун ҳам сиз учун ҳар доимгидан-да муҳимроқ. 

Сарсенбай СЕИТНАЗАРОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони, “Тайимбет” фермер хўжалиги раҳбари:

– Фермер деганда, энг аввало, пахта ва ғалладан мўл ҳосил олаётган омилкор деҳқон кўз ўнгимизда гавдаланарди, – дейди. – Аммо бошқа тармоқлардан ҳам катта даромад олиш мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмаган эканмиз. Президентимизнинг Қорақалпоғистонга ташрифи биз фермерларга ҳаётга янгича қарашга ўргатди. Юртбошимизнинг ташаббуслари билан 2018-2019 йилларда мева-сабзавот ва гўштни қайта ишлаш, совутгичлар қуриш билан боғлиқ 70 лойиҳа ишга тушишини эшитиб, беҳад қувондик. Чорвачилик ва паррандачилик бўйича 250 лойиҳа орқали 730 дан ортиқ иш ўрни яратилиши таҳсинга сазовор. Бу эса халқимизнинг турмуши фаровон, дастурхони янада тўкин бўлишига хизмат қилади.

Яна бир фикрга алоҳида тўхталмоқчиман. Чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш бевосита ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ҳам юксалтиради. Чунки мазкур икки соҳа ўз-ўзидан гўштни ва сутни қайта ишлаш корхоналарини ташкил этишга замин яратади. Биргина мисол келтирамиз: мутахасислар сутни энг арзон ва сердаромад хомашё деб билишади. Сарёғ, қаттиқ, бринза, творог каби маҳсулотларнинг “отаси” ҳам “онаси” ҳам – сут. Мана шу фактнинг ўзиёқ, сутни қайта ишлаш соҳаси  катта саноат эканини исботлаб турибди. Агар ҳар бир туманда 5 тадан ана шундай корхона фаолият кўрсатса, республикамиз бўйича нечта янги корхона иш бошлайди? Ҳар бир корхонада ўртача 10 нафардан одам ишласа, қанча юртдошимизни иш билан банд қилган бўламиз, қанча оиланинг рўзғори бут бўлади! Президентимизнинг чорвачиликни ривожлантириш бўйича айтаётган фикрларининг моҳияти қанчалик чуқурлигини юқоридаги мулоҳазалардан янада теранроқ англаш мумкин.

Бибижон ОРОЛБОЕВА,

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари:

– Президентимиз ташрифи чоғида ёшларни иш билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Жумладан, инновацион технологиялар асосидаги янги корхоналарни ишга тушириш кераклигига алоҳида эътибор қаратдилар. Биз мазкур йўналишда O‘zLiDeP билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишиб олдик. Жумладан, партиянинг “Start up” лойиҳаси кашф этаётган иқтидорли йигит-қизлар билан ишлаб чиқаришга инновацион ғояларни кенг тарғиб этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўямиз. Партия билан бу ҳамкорлигимиз иқтидорли йигит-қизларни рағбатлантириш ва мамлакатимиз саноати салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Дарвоқе, Президентимиз ҳали Қорқалпоғистонга ташрифидаёқ инновацион технологияларни кенг жалб этган ҳолда тадбиркорликни ривожлантириш ҳақида гапирган эдилар. Не тонгки, бу фикрлар янги Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилининг бош ғоясига айланяпти.

Абдужаббор ТЛЕУОВ,

O‘zLiDeP Мўйноқ туман Кенгаши раисининг ўринбосари:

– Туманимизни 2017-2018 йилларда иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича махсус қарор асосида 52 миллиард сўмлик 72  та лойиҳани амалга ошириш ва халқимиз учун янги иш ўринларини яратиш вазифалари белгиланди. Шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 20,5 гектар майдонда “Мўйноқ” кичик саноат зонасини ташкиллаштириш ишлари давом этмоқда. Жорий йил 1 июль куни “Қўнғирот-Мўйноқ магистраль сув тармоғи” орқали аҳолимиз тоза ичимлик суви билан таъминланди. Энди республикамизнинг энг олис туманида истиқомат қилаётган аҳоли ҳам тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўляпти. Шу ўринда бир фикрни алоҳида урғулашни истардим. Мўйноқликлар узоқ йиллардан буён ичимлик суви муаммосидан қийналиб келишарди. Вазият шу даражага етиб борган эдики, аҳолининг аксарият қисми яшаш учун бошқа шаҳарларга кўчиб кетишга мажбур бўлишди. Тоза ичимлик суви келганидан кейин Мўйноқда яна ҳаёт қайнаяпти. Одамлар ҳаётидан рози, эртанги кунга ишончи баланд. Бир сўз билан айтганда, тараққиётимизнинг янги босқичи кўнгилларни шод, манзилларни обод қиляпти.  

Ҳасан САЛОМОВ,

O‘zLiDeP матбуот хизмати

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1633
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+