O‘zLiDeP фракциясида Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар атрофлича муҳокама қилинди

25.12.2017, 19:41

O‘zLiDeP фракциясида Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар атрофлича муҳокама қилинди

2017 йил 25 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда фракция аъзолари, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ходимлари, ҳамда ОАВлари вакиллари иштирок этди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрь куни мамлакатимиз тарихида биринчи марта Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатнома ва унинг мазмун-моҳияти атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Мурожаатномада 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ўз ифодасини топди. Бу эса, шубҳасиз давлатчилигимиз ривожланишида янги босқич бошланганидан далолат беради.

Мазкур Мурожаатнома концепцияси 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ тузилган. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар каби беш қисмда бу соҳаларда амалга оширилган ишлар атрофлича баён қилинди.

Мурожаатнома ҳам ҳажман, ҳам мазмунан жуда кенг. Унинг мазмун-моҳиятида бир тамойил мужассам. У ҳам бўлса, халқ манфаати, халққа хизмат қилиш, халқни эъзозлаш! Зеро, Президентимиз ташаббуси билан давлат идоралари халққа хизмат қиладиган, уларнинг фаолиятига халқ баҳо берадиган тизим яратилди. Мамлакатимиз ҳаётига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар халқимиз билан бевосита мулоқот, одамларнинг хоҳиш-истаклари асосида қабул қилинмоқда. Барча даражадаги раҳбарлар халқ олдида ҳисоб бермоқда.

Депутатлар эътироф этишганидек, мазкур тарихий ҳужжат давлатимиз раҳбарининг якунланаётган йил бўйича халқимиз олдидаги ўзига хос ҳисоботи ҳамдир. Шунингдек, унда мамлакатимизни келгусида ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди, бир қанча қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди. Бу эса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, қолаверса Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг парламентдаги фракцияси аъзолари зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди.

– Айниқса, «Депутатлар, сенаторларимиз уйғониши керак», деган даъватлари бизни янада ҳушёр торттирди, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси А.Шадманов. – Шунингдек, давлатимиз раҳбари барча соҳаларда вазиятни ҳар томонлама ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун таъсирчан чоралар ишлаб чиқишда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада кучайтириш кераклигини ҳам бежизга айтмади. Сабаби, бу жараёнда ҳам рақамлар кетидан қувиш амалиётидан воз кечиш, қоғозда юзлаб масалаларни ҳал қилгандан кўра, амалда бир нечта муаммони ҳал қилиб бериш орқалигина одамлар бизлардан рози бўлади.

Айниқса, давлатимиз раҳбари таклифи билан янги – 2018 йилга мамлакатимизда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили», деб ном берилгани ҳам O‘zLiDeP фракцияси аъзоларидан соҳани ривожланитриш ва ҳимоялашга оид янги-янги қонун лойиҳалари ишлаб чиқиш талабини қўяди. Чунки, келгуси йили фаол тадбиркорликни ривожлантириш давлатимиз эътибори марказида бўлиши, бу соҳани қўллаб-қувватлаш, бизнес субъектларини жадал ва барқарор ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилиши, божхона тартиб-таомилларининг соддалаштирилиши ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Бу эса, O‘zLiDeP Сайловолди платформасида назарда тутилган Партиянинг бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, иқтисодиётни либераллаштириш ва рақобатдошлигини ошириш борасидаги устувор вазифаларига тўлиқ мос келади. Зеро, Партия кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, шахсий ташаббусларни амалга ошириш учун энг қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, иқтисодий ўсиш суръатлар изчиллигини таъминлаш, таркибий ўзгаришлар жараёнини чуқурлаштириш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, жаҳон бозорларида унинг рақобатдошлигини оширишнинг энг муҳим ва зарур шарти сифатида Ўзбекистон иқтисодиётига инвестицияларни жалб қилишни ўзининг устувор вазифалари сифатида қабул қилган.

Йиғилиш сўнггида кун тартибидаги асосий масала ва қизғин кечган муҳокамалар юзасидан O‘zLiDeP фракциясининг тегишли қарори қабул қилинди.

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1878
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+