Миллий армиямиз — фахримиз

13.01.2020, 12:00

Миллий армиямиз — фахримиз

Шу кунларда юртимизда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги кенг нишонланяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Бутун дунёда мураккаб вазият юзага келаётган, ­терроризм, экстремизм ва радикализм хавфи тобора ортиб бораётган бугунги шароитда доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиш, мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини, Қуролли Кучларимизнинг салоҳиятини ҳар томонлама мустаҳкамлаш — хавфсизлик ва барқарорликни ҳамда халқимизнинг осойишта ҳаётини таъминлашнинг энг муҳим шарти ва кафолатидир”.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз мустақиллигини, фуқаролар тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг хуқуқлари, қонуний  манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Инсоннинг энг устувор ва муқаддас ҳуқуқларидан бири бу – тинч яшаш ҳуқуқидир. Давлат ва жамиятнинг бурчи ана шу ҳуқуқни барча қонуний воситалар билан кафолатлаб беришдир.

Тарихдан маълумки, ҳар қандай давлатнинг мустақиллиги, халқнинг эрки ва тинчлиги унинг ўз армияси, Қуролли Кучлари томонидан ҳимоя қилинади. Ўз мустақиллигини, тинчлигини асрай олган давлатгина барқарор ривожланади, тинчлик-хотиржамлик, осойишталик қарор топган мамлакат эса гуллаб-яшнайди. Шу боис, мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар жадал амалга оширилмоқда. Жумладан, мудофаа ва хавфсизлик тузилмалари сафи миллий кадрлар билан тўлдирилди. Барча талабларга жавоб берадиган, тезкор ва ҳаракатчан, ташкилий жиҳатдан мукаммал, замонавий қурол-яроғ ва техникага эга миллий армиямиз барпо этилди. Модернизация жараёнлари армиямизнинг қиёфасини, унинг мазмун-моҳияти ва жанговар имкониятларини, ҳарбий жамоалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни ижобий томонга ўзгартирди.

Мамлакатимиз геостратегик жойлашувининг ўзига хослиги, шунингдек минтақада вужудга келаётган ҳарбий-сиёсий ҳолатни ҳисобга олган ҳолда, Қуролли Кучлар бирлашмаларининг вазифа ва тузилмалари қайта кўриб чиқилди. Ҳарбий бошқарув тизими оптималлаштирилиб, жанговар самарадорлиги бўлмаган, бир-бирини такрорловчи тузилмалар ўрнига жанговар бригадалар ташкил этилди. Армияни янги қурол-аслаҳа ва замонавий ҳарбий техника билан таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Қуролли Кучларимизни шакллантириш жараёнида, айниқса кадрлар масаласига катта эътибор қаратилди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академиясида Қуролли Кучларимиз учун тактик звено бошқаруви офицер кадрлари 4 йиллик бакалавр дастури бўйича 7 та мутахассислик йўналишида тайёрланмоқда. Соҳадаги улкан ўзгаришларнинг ижобий натижаси сифатида Ўзбекистон ҳарбийларининг “Халқаро армия ўйинлари”, “Кембрия патрули” (Англия), “Энг яхши жангчи” (АҚШ) халқаро ҳарбий мусобақа ва танловларда ғолиб бўлганини эътироф этиш жоиз.   Умуман, Қуролли Кучлар тизимида юритилаётган изчил ислоҳотлар Ўзбекистон армиясининг жанговар самарадорлигини 12 фоизга, жанговар қудратини эса, қарийб 2 баробар оширишга замин яратди.

Бугун халқимиз Ватанга садоқатли, профессионал тайёргарликка эга бўлган, мамлакатимизнинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, фуқароларимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир бўлган ўз Миллий армияси билан фахрланади. Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим саналардан бири – 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ва Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 28 йиллиги  барча ҳарбий хизматчиларимизга муборак бўлсин.

Тўлқин КАРИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси Мудофаа ва хавфсизлик

масалалари қўмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    1596
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+