Ёшларни қўллаб-қувватласак, кам бўлмаймиз

16.01.2020, 12:21

Ёшларни қўллаб-қувватласак, кам бўлмаймиз

Қарши шаҳрида O‘zLiDeP вилоят Кенгаши ва Адлия ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида “Тадбиркор ёшлар – мамлакатимиз таянчи” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Вилоятдаги олий ўқув юртлари талабалари, академик лицей, коллеж ва мактаблар ўқувчилари  иштирок этган мазкур мулоқотда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг пойтахтимиздаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашувида билдирган фикрлари мазмун-моҳияти, ёшлар дуч келаётган муаммолар ечими бўйича мутасаддилар зиммасига юклатилган вазифалар ижроси ҳақида сўз борди.

–  Мана уч йилдирки, таълим-тарбия ишига замонавий усуллар асосида ёндашилиб, сифатли ўқитиш тизимларидан фойдаланилаётгани юқори малакали кадрлар тайёрлашда ўз самарасини бера бошлади, – деди партия вилоят ташкилотининг Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Маъмур Абдуллаев. – Президентимиз янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қуришимизни,  2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлишини бежиз таъкид­ламади.  Бугунги тадбирдан кўзланган асосий мақсад  воҳада амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга ёшларни жалб этиш, иқтидорларини намоён этишга кўмаклашиш, фидойи, жонкуяр ёшларни масъул вазифаларга тайинлаш орқали эл-юрт равнақи йўлидаги эзгу ишларга сафарбар этишдир. Эътиборлиси, бўлимимиз ўтган йили ёшларни ташвишлантираётган ўнлаб муаммолар ҳал қилинишига яқиндан ёрдам берди.   

“Насаф трейвл” компанияси раҳбари, O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раисининг тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари, Қарши шаҳар Кенгаши депутати Ўктам Хўжаёров анжуман иштирокчиларига ўз тадбиркорлик фаолиятини қай тариқа йўлга қўйгани, дуч келган муаммоларни бартараф этиш, янги-янги лойиҳаларни амалга ошириш борасида чеккан заҳматлари, эришган ютуқлари ҳақида батафсил сўзлаб, тадбиркорлик борасида ёшларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.

Партия вилоят Кенгашининг бизнес тузилмалар ва фермерлар билан ишлаш бўлими мудири Фаррух Сафаровнинг маълум қилишича, “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси билан ҳамкорликда ёшларни тадбиркорликка йўналтириш борасида бир қанча ишлар амалга оширилди. Ўтган йили вилоятдаги 388 нафар йигит-қизга ғоя ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банкларидан 99 млрд. 619 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилишига кўмак берилди, натижада 3228 та янги иш ўрни яратилди.

Мазкур бўлим тушган мурожаатларни синчиклаб ўрганиб, ёш тадбиркор ва фермерлар фаолиятидаги қийинчиликлар бартараф этилишига ёрдам берди, жумладан, ўнга яқин ёш ишбилармон фаолияти қайта йўлга қўйилди. Қайд этиш зарурки, вилоятда турли ташкилотлар томонидан ёшларнинг тадбиркорлик субъектлари, йирик корхоналар, иншоотлар, олий таълим муассасаларига саёҳатлари ҳам ташкил қилинмоқда. Бўлим ана шундай тадбирларнинг ҳар жиҳатдан фойдали, мазмунли ва юқори савияда ўтказилишига муайян ҳисса қўшяпти.

Шунингдек, мулоқотда “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси Қарши шаҳар филиали раҳбари Жамшид Раҳмонқулов, Қарши юридик коллежи талабаси Бекзод Чоршанбиев, Қарши шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари Баҳром Сатторов ва бошқалар сўзга чиқиб, ёшлар томонидан илгари сурилаётган янги-янги лойи­ҳаларни амалиётга татбиқ этишга кўмаклашиш, ёшларга имтиёзли кредитлар ажратилишини кўпайтириш, уй-жой билан таъминлаш, бино қуриш учун ер майдонлари ажратиш, яшаш шароитини яхшилаш борасида фикр-мулоҳазалар билдирди.

Учрашув сўнгида бир гуруҳ фаол ёшларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари ва китоблар тақдим этилди.  

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири

  • Кўрилди
    870
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+