Андижонда ўт ёқсам...

16.01.2020, 16:53

Андижонда ўт ёқсам...

Олтинкўл туман мактабгача таълим бўлими мутасаддиси нега топшириқни бажаришдан бўйин товлаяпти?!

Мамлакатимизда ташаббускор, инновацияларни ҳаётга татбиқ этиб иш ўринлари очган тадбиркорлар қўллаб-қувватланаётган бир вақтда ишбилармон аёлнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилаётганини мутасаддилар қандай изоҳлайди? Балки бу саволга жавоб беришга Олтинкўл туман мактабгача таълим бўлими мудири Муаззамой Абдусаломова жавоб берар!

Хуллас, бошидан бошлаймиз. Сарой-1 маҳалласида жойлашган собиқ қишлоқ врачлик пункти биноси “ноль” харид қийматида берилиши тўғрисидаги эълон давлат шерикчилиги асосида нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш мақсадида юрган O‘zLiDeP Олтинкўл туман Кенгаши раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари Зуҳрахон Сатторова учун кўнгилдаги иш бўлди. Чунки унинг бу соҳадаги тажрибаси анча бой. Унинг ташаббусини қўллаб-қувватлаган туман ҳокими топшириғи билан 2018 йил 27 мартда 293-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарор асосида тадбиркорнинг барча зарурий ҳужжатлари тайёрланди. Эзгу иш тез қулоч ёзди. “Кўзмунчоқ болажон” номидаги нодавлат мактабгача таълим муассасаси устави, муҳри, штампи, “Халқ банки”нинг туман бўлимидан очилган ҳисобрақами, лойиҳа ишланмалари, техник шарт, техник хулосалар – барчаси расмийлаштирилди.

Собиқ ҚВП биносининг асл ҳолатидаги суратлари олинди ва қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Туман ҳокимининг 2019 йил 9 февралдаги 130-сонли қарори билан ушбу нодавлат мактабгача таълим муассасасига қўшимча ер майдони ажратилди. Хайрли тадбирнинг қадамлари ҳам жадаллашди. Муассаса кенгайтирилди. Фақат...

Биргина масала қолди. У ҳам бўлса, Мактабгача таълим вазирлиги билан тадбиркор ўртасидаги битимга имзо қўйилиши керак, холос. Ушбу вазифа туман мактабгача таълим бўлими томонидан ҳал этилиши жоиз. Кўпи кетиб, ози қолганига ишонган тадбиркор бироз эрта қувонган экан. Бу ишга масъул мудиранинг парвойи фалак. Бир йилга яқин муддатда ҳам ҳал бўлмаётган муаммо юзасидан ўтган йил қиш фаслининг илк ойида тадбиркор ҳатто Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши собиқ депутати Абдурауф Абдуллаевга ҳам мурожаат қилганди. Аммо эндиликда собиқ депутат томонидан тадбиркор мурожаати юзасидан мутасадди ташкилотга юборилган депутатлик сўрови жавобсиз қолавергани ажабланарли эмасми?

Мутасадди шу қадар ўз ишининг “устаси” эканки, З.Сатторова биргина имзо билан бошланадиган эзгу фаолиятига кириша олмаса? Қишлоқда замонавий боғча қурган тадбиркор яна қанча кутиши керак? Муассасанинг деворлари нураб, таъмири бузилгунга қадарми ёхуд сарсонгарчиликдан чарчаб, бошқа бирор тадбиркорга бинони ноилож “тақдим” қилгунчами? Ўзга изоҳ тополмадик...

Мана, йил ҳам якунланди, янги йил бошланди-ку. “Эрта-индин ҳал бўлади”дан  бошқа баҳона тополмаётган мутасаддининг мақсад-муддаоси нима ўзи? 

Халқ қўшиғидагидек, “Андижонда ўт ёқсам...” дегунча Тошкентда тутуни чиқмасинда ишқилиб...

Зилола РАҲМОНОВА

Манба “XXI asr” газетаси

  • Кўрилди
    895
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+