“Ўзбекистонга сармоя киритиб, куйиб қолдим”

17.01.2020, 11:57

“Ўзбекистонга сармоя киритиб, куйиб қолдим”

"XXI asr" таҳририятига хорижлик инвестор – Туркманистон Республикаси фуқароси, 1949 йилда туғилган Артик Алтиевдан шикоят ариза келиб тушди. Унда айтилишича, 2013 йил 23 октябрда Ўзбекистон – Туркманистон қўшма корхонаси “BUKHARA – MARY” масъулияти чекланган жамияти шаклида ташкил этилади. Устав фонди 150 минг АҚШ долларига тенг қўшма корхона (СТИР: 302734176) Бухоро вилояти адлия бошқармасидан хўжалик субъекти сифатида рўйхатдан ўтказилади. Таъсисчилар томонидан у ушбу корхонага ижрочи директор этиб сайланади. Корхона фаолиятини ривожлантириш ҳамда устав фонди миқдорини янада ошириш мақсадида қўшма корхона ўтган йиллар давомида икки марта такроран давлат рўйхатидан ўтказилган.

Шикоятда яна шундай важлар бор: “Ростини айтсам, Ўзбекистонда бошимга бунчалик муаммо тушади, деб ўйламагандим. Бухоро вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилганимга минг бор пушаймонман. Чунки ҳамма нарса менга қарши, нима қилишга ҳам бошим қотган...

Ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистон Республикасининг бир қатор давлат идораларига ёзма ва оғзаки мурожаат қилдим. Хусусан, 2018 йил 22 октябрда Бухоро шаҳар ички ишлар бошқармасига, 2018 йил 5 ноябрда  Бухоро вилоят Жондор туман ички ишлар  бўлимига, 2018 йил 5 декабрда Бухоро вилоят давлат хавфсизлиги хизматига, 2018 йил 6 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти қабулхонасига, 2018 йил 14 декабрда Бухоро вилоят прокурорига ва ички ишлар бош бошқармасига ҳамда бошқа масъул бўлган идораларга қилган мурожаатларим ижобий ҳал қилиниши ўрнига номаълум сабабларга кўра рад этилмоқда. Шу боисдан адвокатим маслаҳати билан таҳририятингизга мурожаат қиляпман. Аризамни синчиклаб ўрганиб, ҳақиқатни руёбга чиқаришда менга кўмакдош бўласизлар, деган умиддаман”.

Ушбу шикоятни ўз жойида синчиклаб ўрганиш учун Бухорога йўл олдик. Чунки бугунги кунда Президентимиз томонидан республикамизга инвесторларни янада кўпроқ жалб этиш, хорижлик ҳамкорлар билан ишлашдаги мавжуд бюрократик ғов ва тўсиқларни бартараф этиш, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар фаолиятига давлат ва назорат идоралари томонидан ноқонуний аралашувларга йўл қўймаслик борасида фармон ва қарорлар қабул қилиниб, вазирлик, ҳокимлик ва ҳуқуқ-тартибот идоралари назорати кучайтирилган бир вақтда инвесторни алдаш ёки унинг муаммосига лоқайд қараш мумкин эмас, деб ўйлаймиз. 

– 2013 йил 23 октябрда қўшма корхона ташкил этиш мақсадида хорижлик инвестор сифатида мен ва Ўзбекистон томонидан Бахтиёр Турапов таъсис фондида кўрсатилган маблағларни шакллантириб қўшма корхонани, яъни Ўзбекистон – Туркманистон қўшма корхонаси “BUKHARA – MARY” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этдик, – дейди Артик Алтиев. – Шундан сўнг корхона фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида, яъни улгуржи савдо фаолиятини ҳам корхонамиз амалга ошириши учун 2016 йил 29 апрелда жамият қайта давлат рўйхатидан ўтказилди. Туркманистон Республикасининг хўжалик жамияти “Halal awtoulag hyzmatlari”, яъни бу менинг Туркманистондан рўйхатдан ўтказилган корхонам 99 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ киритиб, 37,5 фоизга, Ўзбекистон Республикаси фуқароси Турапов Бахтиёр Исмоилович эса 165 минг АҚШ доллари киритиб 62,5 фоизга эга бўлди. Шу тариқа мен ва Бахтиёр Турапов жамият устав фондини шакллантириб, иккимиз ҳам таъсисчи сифатида жамиятга кирдик ва таъсисчилар баённомаси асосида ушбу корхонага ижрочи директор бўлиб тайинландим. Ваҳоланки, Бахтиёр Турапов жамият устав фондини шакллантиришдаги маблағни, яъни 165 минг АҚШ долларини пул кўринишида эмас, балки ўзининг яқин таниши бўлган “Бухоро Синтез сервис” МЧЖдан (СТИР: 302985466) ишлатишга яроқсиз ҳисобланган пахта толасини тараш машинаси (чёсальный аппарат)нинг 10 донасини (ҳар бирини 30 миллиондан баҳолаттириб) жами 300 миллион сўмга сотиб олгани ва ушбу сотиб олинган ускунани доллар кўринишида 165 минг АҚШ долларига тенглаштириб, ўзининг 62,5 фоиз улушини шакллантирди. Фақат ҳужжатларда расмийлаштирилган ушбу ускунани шу кунгача жамиятнинг таъсисчисидан бири бўлсам-да умуман кўрмаганман ва жамиятимизга бир сўмлик ҳам фойда келтирмаган.
Бундан ташқари, Бахтиёр Тураповнинг жамиятга таъсисчи бўлиб киришидаги улушини ноқонуний тарзда амалга оширилишида Бухоро шаҳри 

К. Муртазаев кўчаси 5-уйда жойлашган “Экономический анализ и экспертиза” масъулияти чекланган жамияти баҳоловчиси, мустақил эксперт Отабек Ҳаитов катта ёрдам берган. Чунки у “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги қонун ва қонунос­ти ҳужжатларининг талабларини бузган ҳолда пахта толасини тараш машинаси тўғрисида уларни қаерда турганини ҳам билмасдан, яъни жойига бориб кўрмасдан ва бу ускуналарнинг техник ҳолатини ўрганмасдан, ишлаб чиқарилган йили ҳамда техник имкониятлари қай даражалигига эътибор бермасдан, ўтган йиллар мобайнида эскиришини ҳам ҳисобга олмасдан 10 дона аппаратнинг ҳолатини яхши деб, баҳолаган. Бир сўз билан айтганда, баҳолаш ташкилоти – “Экономический анализ и экспертиза” МЧЖ томонидан иш бепарволик ҳамда сифатсиз бажарилган.

Менинг назаримда баҳолашда қандайдир моддий манфаатдорлик устун келган, деб ўйлайман. Натижада Бахтиёр Турапов осонгина корхонага таъсисчи сифатида улушдор бўлиб олди.

Бахтиёр Тураповни жамиятимизга қандай қилиб таъсисчи бўлиб олганина бежиз урғу бермадим. Сабаби, таъсисчи бўлганидан сўнг унинг найранглари ва жамиятга қасддан етказган моддий зарарлари шундан сўнг бошланди-да.

Мен бошқа давлатдан келганим туфайли Бухорода ҳеч кимни танимасдим. Бу унга қўл келди. Шу боисданми, бир куни жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботини юритишга яхши номзод бор, деб қолди. “У менинг яқин танишим, норасмий тарзда бўлса-да, солиқ тўловлари ва бухгалтерия ишларини юритади”, деб Баҳодир Эшпўлатовни тавсия этди. Жамиятнинг ижрочи директори эдиму, лекин ўзбек тилини яхши билмасдим. Шунинг учун Баҳодир Эшпўлатовга ишонч билдириб, ёрдамлашишига рози бўлдим. Жамият фаолиятини янада кенгайтириш ва даромадини ошириш мақсадида қўшни республикалардаги корхоналар билан шартнома тузиш учун кўпинча хизмат сафарида бўлардим. Шунда Баҳодир Эшпўлатовга жамиятнинг фақатгина бухгалтерия ҳисоботини юритиш ҳуқуқини берувчи нотариус орқали тасдиқланган ишончнома бердим. Бу ишончнома унга бирор ташкилот билан шартнома тузиш ҳуқуқини бермасди.
Бундай дейишимга сабаб, қўшни Афғонистонда хизмат сафарида бўлган вақтим тасодиф туфайли автоҳалокатга учрадим ва уч йилча Туркманистонда даволанишимга тўғри келди. Соғайиб, Бухорога ишимни давом эттириш учун келсам, таъсисчи Бахтиёр Турапов ҳамда Баҳодир Эшпўлатов томонидан жамиятнинг бор пуллари талон-торож қилиб юборилганини билиб ёқамни ушладим!

Таъсисчи Бахтиёр Тураповнинг топшириғига кўра, Баҳодир Эшпўлатов менга айтмасдан Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси “Бухоротехнопарк” давлат унитар корхонаси билан жамият ўртасида “Бухоротехнопарк” ДУКга тегишли бўлган бино ва иншоотлардан фойдаланиш учун шартнома тузишади. Энг қизиғи, автоҳалокатга учрамасимдан аввал, яъни ижрочи директор бўлиб Ўзбекистонда ишлаб юрган вақтимда, мени хабардор этмасдан, фақатгина бухгалтерия ҳисобини юритиш ҳуқуқига эга бўлган Баҳодир Эшпўлатов ноқонуний тарзда шартномага имзо қўяди. Хуллас, ижарага олинган бинода Бахтиёр Турапов ва Баҳодир Эшпўлатов яна қандай ноқонуний ишлар қилганидан бехабар эдим.

Нега десангиз, Бухоро вилоят хўжалик суди, яъни ҳозирги Бухоро вилоят иқтисодий суди томонидан судга чақирилаётганим тўғрисидаги хатни олганимдан сўнг кўп нарсалар аён бўлди. Суд ҳужжатлари билан яқиндан танишгач, билдимки, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси “Бухоротехнопарк” давлат унитар корхонасининг манфаатини кўзлаб, бизнинг жамиятни судга берган экан. Жамиятимиз “Бухоротехнопарк” ДУКдан 18 миллион 149 минг 532 сўм ижара бўйича тузилган шартномага асосан қарздор экан. Судга шахсан мен “Бухоротехнопарк” ДУК билан ҳеч қандай шартнома тузмаганимни ва шартномадаги имзо қалбаки, яъни меники эмаслигини айтдим. Бироқ 2016 йил 27 сентябрда Бухоро вилояти хўжалик суди томонидан №20-1607/8453 сонли хўжалик иши бўйича  “Бухоротехнопарк” ДУКнинг фойдасига жамиятимиздан 18 миллион 149 минг 532 сўм ундириш тўғрисида суд қарори қабул қилинди.

Афсуски, “Бухоротехнопарк” ДУК устидан судга мурожаат қилиш учун асос бўлган 2015 йил 3 февралдаги 14-сонли шартномада жамиятнинг муҳри ва имзо қўйиш ҳуқуқига эга бўлган ягона директорнинг, яъни менинг имзом йўқлигини ҳеч ким инобатга олмади!
“Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддаси талабларига жавоб бермайдиган мазкур ҳужжат асосида Бухоро вилояти хўжалик суди ижара шартномасида муҳр йўқлигини ҳисобга олмаган ҳолда, бу ҳам етмагандек, “Миллийбанк” АТБдан биринчи имзо ҳуқуқи намунасини талаб қилмасдан, шунингдек, счёт-фактураларда ва ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирув далолатномаларида имзолар йўқлигини ҳисобга олмасдан, “Бухоротехнопарк” ДУК фойдасига қарор чиқарди. Бу билан жамиятимизга 18 миллион 149 минг 532 сўм зарар етказилишига сабабчи бўлди. Бундан ташқари, имзо меники эмаслиги ва муҳр йўқлигини инобатга олган ҳолда суд экспертизаси тайинланишини сўраб қилган мурожаатим ҳам қаноатлантирилмади.
Ўтган йиллар мобайнида Бухоро вилоят иқтисодий судига бир неча бор мурожаат қилдим. Ҳар сафар суд қайтадан бўлса-да, қанчалаб далил, исбот келтирсам-да, биринчи инстанцияда кўрилган суднинг қарори ҳали ҳамон ўз кучида қолмоқда.

Энди иккинчи бор менга ва жамиятимизга бўлган ноҳақлик ҳақида ҳам айтмоқчи эдим. Баҳодир Эшпўлатов ўзининг “Desert Sun Sweets” оилавий корхонаси номига “Микрокредитбанк” АТБ Бухоро вилоят филиалидан иккита енгил автомобиль олмоқчи эканини, бунинг учун жамият  кафилликка ўтишини илтимос қилди. Икки йил давомида ўзи кредитни тўлаб боришини айтди. Жамиятга ҳеч қандай моддий жиҳатдан зарар етмайди, деб 2016 йил 29 февраль санаси кўрсатилган кафиллик шартномасига имзо чекдим. Кейинчалик билсам, иккинчи автомобиль Бахтиёр Тураповга экан. Қолаверса, аслида унинг оилавий корхонасида банкнинг кредитини ойма-ой тўлашга етадиган маблағи бўлмаса-да, олдиндан режа тузиб, мени алдаган экан.

Оилавий корхонаси ҳисобида пул бўлмагандан сўнг кафил бўлган жамиятимиз ҳисобидан кредитни тўлаттириб олишни илгаридан режалаштирган. Унинг оилавий корхонаси кредит фоизини ўз вақтида тўламагани учун бизнинг жамият ҳисобрақамига “Микрокредитбанк” АТБ Бухоро вилоят филиали томонидан инкасса қўйдирилган. Ўзбекистон – Турк­манистон қўшма корхонаси “BUKHARA – MARY” масъулияти чекланган жамия­ти ҳисобидан 56 миллион сўмни мени огоҳлантирмасдан туриб ҳисобрақамимдан ечиб олишган. Ваҳоланки кафиллик шартномасининг 2.5 бандида банк кафилга қарздор томонидан кредит мажбуриятлари бажарилиши тўғрисида маълумот тақдим этиш мажбуриятига эгалиги кўрсатиб ўтилган бўлса-да, банк бунга амал қилмасдан, яъни мени огоҳлантирмасдан жамиятнинг ҳисобрақамидаги маблағдан кредит қарздорлигини тўлаттириб олган. Аслида банк жамият кафилликка олган оилавий корхона ўз вақтида кредитни тўламаётгани тўғрисида бизни огоҳлантириши лозим эди. Бу ҳам етмагандек ажратилган кредит кредит шартномасида кўрсатилган муддатдан анча олдин қайтариб олинган. Энди ҳақли савол туғилади? Автомобилли бўлган киму, ким пулини тўлади? 

Менга ва жамиятга нисбатан бўлган бу икки муаммони бартараф этиш юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларига қайта-қайта мурожаат қилиб, адолатсизлик бўлаётгани тўғрисида маълумотлар тақдим этиб юрганимда бу иккаласидан ҳам ошиб тушадиган ҳолат тўғрисида хабар топдим.

Туркманистондан Ўзбекистонга 372 миллион 400 минг сўм миқдорида 40 вагондан кўпроқ 250 тонна олтингугуртни Бухоро вилояти Жондор тумани “Яккатут” станциясида жойлашган темир йўл омборига жойлаштириб қўйгандим. Олтингугуртни қоплашга ишлатиладиган 2 500 дона, яъни 30 минг АҚШ долларилик “Биг-Бег” қопларини ҳам олиб келиб, омборхонага қўйгандим. Узоқ вақт Туркманистонда даволанаётган вақтимда ушбу омборхонадаги олтингугурт ва унга ишлатиладиган махсус қоплар йўқолиб қолганини айтишди. Қайтиб келиб сўраб-суриштириб билдимки, Бахтиёр Турапов олтингугуртни қопларга солиб, сотиб юборибди! Шундан сўнг у билан учрашиб, 372 миллион 400 минг сўмлик олтингугурт ва 30 минг АҚШ долларилик қоплар қаерга кетганини сўрадим. Б.Турапов аввалига ҳеч нарсани билмаслигини айтди. Сўнгра Бухоро вилоятига нуфузли меҳмонлар ташрифи муносабати билан вилоят ҳокимлиги томонидан темир йўл атрофидаги омборларни тозалаб қўйиш талаб қилингани боис маҳсулотнинг ҳаммасини омбор­дан 800 метр узоқликка – темир йўл ёқасига олиб чиқиб ташлаганини айтди. Мантиқни қаранг, омбор тоза бўлибди, хўп, хўп. Лекин омбордан атиги 800 метр сал нарироққа – йўл ёқасига олтингугурт уюм-уюм қилиб чиқариб ташлансаю... ҳеч ким миқ этмаса?!
Аслида Бахтиёр Турапов олтингугуртни сотган. Қолдиқларини, яъни тупроққа аралашиб кетган қолдиқ олтингугуртни темир йўл ёқасига чиқариб ташлаган. Қўлимда фотосуратлар бор, уларга қараб ҳам масалага ойдинлик киритиш мумкин. Олтингугурт сотилганини исботлайдиган гувоҳлар ҳам бор. Фақат бу ишни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари яхшилаб суриштирса, ҳақиқий ҳолат ойдинлашади.

Шундан сўнг, ўзим билган барча маълумотларни қоғозга тушириб, яъни Жондор туман “Яккатут” станциясида жойлашган темир йўл омборидан 372 миллион 400 минг сўмлик миқдордаги 40 вагондан кўпроқ 250 тонна олтингугуртни ҳамда қиймати 30 минг АҚШ долларига тенг 2 500 дона махсус “Биг-Бег” қопларини номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилгани ҳақида Жондор туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилдим.
Жондор туман ИИБ бошлиғи, майор 

С. Султонов имзоси билан қуйидагича жавоб олдим: “Аризангиз юзасидан қўшимча суриштирув ҳаракатлари олиб борилди, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасига кўра, корхона таъсисчиси Б. Турапов ва бошқаларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмагани сабабли аризангиз юзасидан тўпланган ҳужжатлар бўйича Ўзбекис­тон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-банди (шахснинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги) ва 333-моддаси (жиноят ишини қўзғатишдан рад қилиш)га асосланиб жиноят иши қўзғатишдан рад қилинганини билдиради”.

Энди Жондор туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи суриштирувчиси, катта лейтенант Ў. Сафаровнинг жавобига эътибор беринг: “Мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, Жондор тумани “Яккатут” темир йўл станцияси омборида бўлган олтингугурт маҳсулоти турган ва кўчирилган жой кўздан кечирилганда ишга алоқадор бўлган бирор-бир ашёвий далил топилмаган... Юқоридаги баён қилинганлардан келиб чиққан ҳолда А. Алтиевнинг аризаси юзасидан корхона таъсисчиси Б. Турапов ва бошқаларнинг ҳаракатларида бирор-бир жиноят аломатлари мавжуд бўлмагани сабабли жиноят иши қўзғатишдан рад этилсин”.

Худди ана шундай “эгизак” жавоблар Бухоро шаҳар, вилоят ички ишлар бошқармаларидан ҳамда шаҳар, вилоят прокуратураларидан ҳам келган. Бу хатларни қандай изоҳлашни ҳам билмайман. Мени жиддий ўйлантираётган жумбоқ битта, у ҳам бўлса ўзимнинг ҳақлигимни исботлай олмаётганим. Алам қилади одамга.

Яна бир ҳам кулгили, ҳам қайғули гапни айтмасам бўлмас энди. Бу каби ноқонуний ҳолатлар бўйича мурожаат билан ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларидан бирининг қабулига кириб, дардимни айтдим. У киши мийиғида кулимсираб, нима деди денг: “Бахтиёр Турапов қўлини қаерга узатса етади, ўйлаб иш қилинг”. Йўқ, бу гапдан заррача чўчиганим йўқ, аксинча унга қатъият билан: “Менга ўхшаган инвесторларнинг ҳақ-ҳуқуқларини Ўзбекис­тон Республикасининг амалдаги қонунлари ҳимоя қилишига ишонаман!”, дедим...
Лекин икки йилча аввал яна бир ғалати, ноқонуний ҳолат рўй бергандики, энг сўнгги умидларимни ҳам пучга чиқарди. Яъни Бахтиёр Турапов 2018 йил 26 октябрда “Масъу­лияти чекланган ҳамда қўшимча масъу­лиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонуннинг 33-моддасига зид равишда жамият иштирокчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини шошилинч чақиришни талаб қилган ва таъсис ҳужжатларини сохталаштириш ва ноқонуний равишда “иккинчи” муҳрни (биринчи муҳр ҳали ҳам менинг қўлимда) ясаш орқали менинг йўқлигимдан ва розилигимсиз Ўзбекистон – Туркманистон қўшма корхонаси “BUKHARA – MARY” масъулияти чекланган жамиятига янги директор этиб, ўзининг ҳамтовоғи Баҳодир Эшпўлатовни тайинлабди...

Кўп марта матбуотда ўқидим, эшитдим, Ўзбекистонга келаётган баъзи инвесторлар ҳали иш бошламасиданоқ бир қатор муаммоларга дуч келаётган ва алалоқибат бу каби ноқонуний тўсиқлар, саботажлар кўпчилигининг ҳафсаласини пир қилаётган экан. Бундай қийинчиликлар, мана, менинг бошимдан кечяпти-ку! Қаранг, орадан неча ойлар, қанча йиллар ўтаяпти ҳамки, ҳамон ҳақиқат излаб сарсону саргардонман. 

P. S.: Муаммоларни ўрганиш жараёнида шунга амин бўлдикки, хорижлик инвестор, Туркманистон Республикаси фуқароси Артик Алтиевнинг шикоят аризасини масъул бўлган идоралар синчиклаб ўрганса, ноҳақликка учраб, ҳақиқат излаётганини билиб олиши унчалик қийин кечмайди. Бу масаланинг туб моҳиятини пухта ўрганган одамгина ким ҳақ, ким ноҳақлигини англаб олиши мушкул эмас.


Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,
журналист

  • Кўрилди
    2458
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+