O‘zLiDePдан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар таъсис йиғилиши бўлиб ўтди

18.01.2020, 09:26

O‘zLiDePдан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар таъсис йиғилиши бўлиб ўтди

2020 йилнинг 18 январь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар таъсис йиғилиши бўлиб ўтди.

Маълумки, яқинда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа – парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловлар бўлиб ўтди. Сайловнинг якуний натижаларига кўра O‘zLiDeP Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 53 та ёки 35,3 фоиз ўринни эгаллаб, яна бир бор етакчи деган мавқени сақлаб қолди. Бу эса сайловчиларнинг партия дастурий мақсадларига ишонч билдирганлигидани дарак беради. Халқ ишончи эса партия фаоллари, айниқса параламент қуйи палатасидаги O‘zLiDeP депутатлари зиммасига катта масъулият юклайди.

Йиғилишда сайловолди берилган ваъдаларни сидқидилдан бажариш учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этиш, бунда нафақат депутатлар балки партиянинг ҳар бир фаолидан ишчанлик, ташаббускорлик талаб этилиши таъкидланди. Бунда биринчи галда партия Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни оғишмай бажаришга ва уни амалга оширишга қаратилган пухта “Йўл харита”сини ишлаб чиқиш муҳимлиги айтилди. Бинобарин, партия сайловолди дастурида Ҳаракатлар стратегиясининг бешта йўналишига ҳамоҳанг тарзда аниқ вазифалар қамраб олинган.

Биргина давлат бошқаруви соҳасида кўплаб янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уни амалиётга изчил тақдим этиш назарда тутилган. Хусусан, истиқболда изчиллик билан «сайловларнинг пропорционал тизимига» ўтиш, «Электрон парламент» ва «Электрон Халқ кенгаши депутатлари» концепцияларини ривожлантириш, бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтириш, “Электрон ҳукумат” концепциясини изчил амалга ошириш шулар жумласидандир.

Бундан ташқари иқтисодиётни ривожлантириш соҳасида тадбиркорликка оид барча қонун ва қонуности хужжатларини тўлиқ инвентаризация қилиш орқали “Тадбиркорлик кодекси” лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда инвестиция лойиҳалари ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлашнинг соддалаштирилган тизимини жорий этган ҳолда ягона “Инвестиция кодекси” лойиҳасини ишлаб чиқиш каби вазифалар белгиланган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги кластерларини, кўп профилли фермер хўжаликлари тармоғини ривожлантириш ҳамда “Кластерлар фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга ҳам алоҳида эътибор қаратган.

Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиялараро тортушувларга фаол қатнашиш ва электорат манфаатидан келиб чиққан ҳолда партиянинг аниқ позициясини билдириш ва уни ҳимоя қилиш ҳар бир депутат учун вазифа эканлиги алоҳида таъкидланди.

Бунинг учун эса албатта O‘zLiDePдан сайланган депутатлар Қонунчлик палатасида ўзининг мустаҳкам ва кучли фракциясини шакллантириш лозимлиги қайд этилди.

Йиғилиш иштирокчилари томонидан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўгрисида”ги Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайланган 53 нафар депутатдан иборат O‘zLiDeP фракциясини таъсис этиш бўйича таклифи ўртага ташланди. Ушбу масала атрофлича муҳокама қилингандан сўнг депутатлар томонидан якдиллик билан тасдиқланди.

Шундан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси раҳбари лавозимига партия Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси раиси Хаитов Актам Ахмадович номзоди таклиф этилди ва бир овоздан маъқулланди.

Йиғилишда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарларини сайлаш бўйича бўлиб ўтадиган сиёсий партиялар вакиллари Кенгашига O‘zLiDeP фракциясидан ҳам вакилларни белгилаш масаласи муҳокама қилинди ва O‘zLiDeP фракциясидан уч нафар номзод кўрсатилди.

Таъсис йиғилишда муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    278
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+