Энди “оила-маҳалла-ўқув муассасаси-депутат” ҳамкорлигини йўлга қўямиз

22.01.2020, 17:52

Энди “оила-маҳалла-ўқув муассасаси-депутат” ҳамкорлигини йўлга қўямиз

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисидаги нутқида айтилган фикрлар энди янада уйғоқ қалб билан яшашга, ҳар бир топшириққа, ҳар бир вазифага янада жиддий талабчанлик билан ёндашишга ундайди. Маърузани тинглар эканман, халқ ва давлат ўртасидаги кўприк саналган депутатлар, сенаторлар учун келгуси давр ўзига хос туб янгиланиш ва ўзгаришлар даври бўлиши кўз олдимда гавдаланди.  

Бугун сайловчилар ишонч билан сайлаган депутатларимиз муҳим ташаббуслар ижрочиси бўлиши шарт. Улар кўплаб долзарб масалалар ечимига хизмат қилишлари давр талаби. Хусусан, биринчи навбатда давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг энг самарали тизимини яратишимиз лозим. 

Маълумки, уч йил аввал сенаторлар томонидан бевосита жойларга чиққан ҳолда ҳудудлардаги муаммоларни ўрганиш ва маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиш амалиёти йўлга қўйилган эди. Бироқ ҳануз ечилмаган муаммолар исталганча топилади. Айниқса, коммунал, йўл қурилиши, таъмири масалаларида очиқ қолган саволлар талайгина. Масалан, айтайлик, ўтган йилда Андижон туманининг Гулистон ва Орол қишлоқларини боғловчи катта йўлнинг носозлиги юзасидан билдирилган мурожаат ечими 2020 йилнинг баҳор фаслига қолдирилганди. Энди масаланинг ҳал этилиши учун ўша ҳудуддан сайланган партиямиз депутати астойдил бел боғлаган. Мана, аллақачон ишини бошлаган сафдошларимиз бошқаларга ҳам ибрат бўлмоқда. Бу, албатта, биргина мисол. Аммо кечаги депутат билан бугунгисини яққол солиштириш мумкин. Энди мудраб ётиш йўқ. Ёниб ишлаш керак.  

Президентимиз аҳоли ўртасидаги ишсизлик масаласига ҳам алоҳида тўхталганлари бежиз эмас. Чунончи меҳнатга лаёқатли аҳоли ўртасида ишсизлик даражаси 8,9 фоизни, аёллар ўртасида 12,5 фоизни ташкил этишини қайд этган давлат раҳбари бу муаммони бартараф этишда сенаторлар ва депутатларимиз камарбаста бўлишлари шартлигини таъкидладилар. Вилоятимизнинг турли шаҳар ва туманларида партиямиз вилоят кенгаши “Ёшлар қаноти” томонидан 2019 йил давомида 10 дан зиёд меҳнат ярмаркалари ташкил этилган бўлса, уларда 500 нафарга яқин андижонлик йигит-қизлар ўзлари учун муносиб иш жойларига эга бўлди. Жорий йилда бу кўрсаткични янада юқори даражага кўтариш керак.

Йиғилишдаги Президентимизнинг фикрлари биз депутатлар олдига катта масъулиятни қўйди. Аввало, чекка ҳудудларни қамраб оламиз. Шаҳарлаштириш, марказлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратсак, ўз-ўзидан коммунал, ички йўллар, ичимлик суви сингари қишлоқларда жуда кўп учрайдиган муаммоларга ечим топилади. Ёшлар масаласида ҳам йил бошидан буён бир қадар режаларни ишлаб чиқдик. Улар ўртасидаги ишсизлик даражасини қисқартиришда тадбиркор, фермер ва ишбилармонларимиз катта суянч бўлади, албатта. Имкон қадар хорижга бандлик масаласида чиқиб кетишларини олдини олишга ҳаракат қиламиз.

Давлатимиз раҳбарининг яна бир муаммо хусусидаги фикрлари бизни ҳушёрлик ва сергакликка чақирди. Чунки жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида олдимизда ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар мавжуд. Президентимиз бу ҳақда тўхталар экан, ўтган йили мамлакатимиз бўйича жиноят содир этган 47 мингдан ортиқ шахснинг 12 минг нафари ёки 25 фоизини ёшлар ташкил этгани, афсусланарлиси, қатор вилоятлар орасида бу кўрсаткич Андижонда ҳам сезиларли фоизни кўрсатганини таъкидладилар. Бу бизнинг оғриқли нуқтамиз. Хато шундаки, кўпчилик томошабин бўлаётган бундай нохуш ҳолатлар учун жамият бир ёқадан бош чиқармаган. Энди жим қараб туриш йўқ! Муносабат билдириш билан иш битмайди. Жиноятнинг туб илдизи қаерда? Албатта бориб-бориб тиғ яна ишсизликка тақалади. Демак, биринчи галдаги вазифамиз бандлик! Бунинг учун тадбиркорлик фаолиятларини, бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлашимиз, уларнинг иш бошлашлари, янги иш ўрнилари яратишлари учун етарли имкониятларни тақдим этишимиз зарур.

Энди фаолиятимиз давомида “оила-маҳалла-ўқув муассасаси-депутат” ҳамкорлигини йўлга қўямиз. Негаки, илк муаммолар оилада пайдо бўлади, оилада ечимини тополмаса, маҳаллага чиқади, кейин жамиятни “уйғотади”. Жоиз бўлса, масалани маҳалла ва жамиятни “қалқитмай” туриб, ўзимиз ҳал қилайлик. Ахир халқ бизга бежиз ишонч билдирмадику!

Ёниқ қалб, уйғоқ виждон, ҳалол меҳнат ва албатта, ишончга муносиб жавоб билан ишлаш вақти келганини Президентимиз фикрларидан сўнг яна бир бор юракдан ҳис қилдик.

Тоҳиржон ТОЛИПОВ,

O‘zLiDeP Андижон вилоят

Кенгаши раиси,

халқ депутатлари

вилоят Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    1021
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+