Тадбиркорларнинг қонуний манфаатини менсимаган 317 мансабдор жавобгарликка тортилди

23.01.2020, 19:25

Тадбиркорларнинг қонуний манфаатини менсимаган 317 мансабдор жавобгарликка тортилди

Одатда, йил поёнига етгач, ортга бир назар ташланади, бажарилган ишлар атрофлича сарҳисоб қилинади. Шу маънода  Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, бошқача ифодалаганда, Бизнес-омбудсман 2019 йил мобайнида зиммасидаги вазифаларни қай даражада уддалади, ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш борасида қандай натижаларга эришди?

Аввало шуни айтишимиз зарурки, кичик бир мақолада мазкур тузилма томонидан ўтган йили амалга оширилган барча ишларни тўла-тўкис, батафсил  баён қилишнинг иложи йўқ. Бинобарин,  қуйида Бизнес-омбудсман фаолиятининг бир неча асосий йўналиши бўйича амалга оширилган ишлар хусусида маълумот беришга ҳаракат қилдик.

МУРОЖААТЛАР ТАҲЛИЛИ  НИМАДАН ДАЛОЛАТ  БЕРЯПТИ?

Ўтган йили ташкилотимизга тадбиркорлардан жами 5 минг 627 та мурожаат келиб тушди. Мазкур рақам ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш учун ҳали талай ишларни амалга оширишимиз кераклигини англатади. 
4 минг 359 та шикоятда кўтарилган масалалар  саъй-ҳаракатларимиз туфайли ечимини топганини алоҳида қайд этиш зарур. Ўрганишларимиз тадбиркорларни кўпроқ қандай муаммолар қийнаётгани хусусида муайян хулосалар чиқариш имконини берди. Мурожаатларнинг 21,8 фоизида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари (хатти-ҳаракатлари), 12,3 фоизида ер ажратиш, 12 фоизида назорат қилувчи органлар ҳамда 10 фоизида банклар фаолияти, 7 фоизида солиқ соҳасига оид қонун ҳужжатлари,  6,3 фоизида суд қарорлари ва уларнинг ижроси билан боғлиқ, шунингдек, қолган 30 фоизида бошқа турли-туман  масалалар баён этилган. Ҳеч бир ариза эътиборимиздан четда қолмади. Тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқларини тиклаш бўйича 192 та тақдимнома, 30 та хулоса, 132 та огоҳнома ва 114 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судларга юборилди. Кўрилган таъсир чоралари натижасида мансабдор шахсларнинг 203 нафари интизомий, 114 нафари маъмурий  жавобгарликка тортилди, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ноқонуний қабул қилинган 211 та қарор бекор қилинди.

Шунингдек, судларга  тадбиркорлар манфаати  ифодаланган 85 та 38 млрд. сўмлик даъво аризалари, назорат қилувчи органлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризалар киритилди. 32 млрд. сўмга тенг даъво аризалари хусусий сектор вакиллари фойдасига ҳал этилди, 18 та ноқонуний қарор ҳақиқий эмас деб топилди.

Мисол учун, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 25 сентябрдаги  2386-сонли қарори билан “O‘zavtotexxizmat” масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги, Яшнобод туманида жойлашган, умумий майдони 1 458 кв.м. бўлган бино компенсация тўловлари тўланмасдан бузилган. Мазкур ҳолат бўйича Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил  томонидан “O‘zavtotexxizmat” МЧЖ фойдасига Тошкент шаҳар ҳокимлигидан 3 млрд. 210 млн. сўм компенсация ундириш ҳамда ер майдони ажратиш мажбуриятини юклаш юзасидан Тошкент туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Мазкур талаб суд томонидан тўлиқ қаноатлантирилиб, пул жавобгардан тадбиркорлик субъектига тўлиқ  ундириб берилди.

ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИ  ИШГА ТУШИРИШГА  ЁРДАМ

Ишбилармонларни ташвишлантираётган турли муаммолар орасида хорижий технологик линияларни ўрнатиш, ишлатиш билан боғлиқ қийинчиликлар ҳам бор. Президентимиз ташаббуси билан Бизнес-омбудсман раҳбарлигида тузилган ишчи гуруҳлар тадбиркорлар билан учрашиб, технологик ускуна ва дастгоҳларни ишга туширишда уларга кўмаклашяпти. 2016–2019 йилларда импорт қилинган технологик ускуналардан фойдаланиш ҳолати жойларга чиқиб ўрганилди ва 453 та тадбиркорлик субъектида хориждан келтирилган дастгоҳларни ишга тушириш борасида муаммолар борлиги аниқланди. 420 корхонада шу йўналишдаги камчиликлар бартараф қилинди. Қолган субъектларда ҳам бу борада тизимли ишлар олиб бориляпти.

ТЕКШИРУВЛАР ҚОНУНИЙЛИГИ ТАЪМИНЛАНЯПТИ

Президентимизнинг 2019 йил 15 мартдаги “Тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш ва прокуратура органлари фаолиятини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра ўтган йилнинг 1 апрелидан эътиборан тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширишларни мувофиқлаштириш ва уларнинг қонунийлиги устидан назорат қилиш Бизнес-омбудсманга юклатилди. Шу ҳақда сўз юритар эканмиз, аввало, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 22 январдаги “2017–2021 йилларда Ўзбекис­тон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонига асосан тадбиркорлик субъектларининг молия-­хўжалик фаолияти текширилишига икки йил муддатга мораторий эълон қилинганини таъкидлаш жоиз. Бунинг  шарофати билан тадбиркорларнинг молиявий-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш ишлари мутлақо ўтказилмади. Тадбиркорлик субъектларида фақат келишиш ва хабардор этиш тартибидаги текширишлар амалга оширилди.

Ўтган йили жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун бузилиши ҳолатлари ҳақидаги мурожаатлари асосида жами 1 248 та хусусий корхонада текширув ўтказиш бўйича назорат қилувчи органлар томонидан буюртмалар келиб тушган. Улардан 719 таси (58 фоизи) келишилди, яъни тафтиш ўтказилишига рухсат этилди ва 529 таси (42 фоизи) текширув ўтказиш учун етарли асослар мавжуд бўлмагани сабабли рад этилди.

2019 йил 1 апрелдан бошлаб Вакил девони тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш ва назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар ўтказилишининг қонунийлиги устидан доимий назорат ўрнатди.

Бизнес-омбудсман томонидан “Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низом” лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 39 та назорат идораси билан келишилди ва қабул қилиниши учун Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Шу билан бирга, “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, барча манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда Адлия вазирлигига тақдим этилди.

47 МИНГДАН ЗИЁД  ТАДБИРКОР  ФАОЛИЯТИ ТИКЛАНДИ

Фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектлари сонини камайтириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Бизнес-омбудсман ҳокимлик­лар билан биргаликда ишини тўхтатган тадбиркорлар билан жойларда учрашувлар ташкил қилиб, уларга амалий кўмак бериш чораларини кўрмоқда.

Ўзбекистонда 2019 йилнинг 1 декабрь ҳолатига 761 минг 248 та  тадбиркор (437 минг 194 та юридик шахс ва 324 минг 54 та якка тартибдаги тадбиркор) рўйхатга олинган. Бизнес-омбудсман манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ишини тўхтатган 47 минг 304 та тадбиркор фаолиятини қайта йўлга қўйишга эришди.

Шунингдек, ўтган йили ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, иши юришмаган ва фаолиятини тўхтатганларнинг билимини ошириш мақсадида Ёшлар иттифоқи бўлинмалари ва ҳокимликлар билан биргаликда Андижон, Наманган ва Тошкент вилояти туманларида бир қанча семинар-тренинглар ўтказилди. Мазкур тадбирларда иқтисодчи олимлар, тажрибали, йирик муваффақиятларга эришган тадбиркорлар ҳам қатнашгани эътиборга молик.

 ҚОНУНЛАР  ТАКОМИЛЛАШУВИГА  ҲИССА ҚЎШЯПМИЗ

 2019 йилда Бизнес-омбудсман ва унинг ҳудудлардаги ходимлари  респуб­ликамизнинг барча туман ва шаҳарларида тадбиркорлар билан учрашувлар уюштирди. Юзма-юз мулоқотларда сурункали тус олган талай муаммолар, хусусан, бюрократик ғовларни йўқ қилишга доир таклиф ва тавсиялар ҳам қизғин муҳокама қилинди. Шу сингари тадбирларда ишбилармонлик соҳасига тааллуқли  100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг юридик-техник, иқтисодий ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоялаш жиҳатидан мақсадга мувофиқлиги бў­йича 300 дан зиёд таклиф олинди. Қабул қилинган 10 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ана шу таклифлар ўз аксини топганини мамнуният билан қайд этиш лозим. Хусусий сектор вакиллари хоҳиш-истаклари асосида Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Улар асосида Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, 2019 йил 7 июндаги “Тадбиркорлик субъект­ларини тугатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ва 2019 йил
23 августдаги “Ногиронлиги бўлган шахс­ларнинг жамоат бирлашмаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Дилмурод ҚОСИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг

ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини

ҳимоя қилиш бўйича вакил – Бизнес-омбудсман

  • Кўрилди
    848
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+